Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

АЛЛОҲ НАЗАРИ ТУШГАН ЗОТ–ОНА

Ойдин ранглар танлар тонг юзингизга ўхшай деб,

Меҳр-ла боқар юлдуз кўзингизга ўхшай деб,

Гул билан безанар йўл изингизга ўхшай деб,

Майин куйлайди еллар сўзингизга ўхшай деб,

Ўхшамайди ҳеч бири ўзингизга, онажон,

Аллоҳ назари тушган юзингизга, онажон.

Майсаларнинг бахти бор, ўпгайлар пойингизни,

Булбулларнинг куйлаши мадҳи чиройингизнинг,

Обод икки дунёси олган дуойингизни,

Яратган мангу қилмиш бутун иймонингизни.

Қадамига гул битган чин фариштам, онажон,

Сиз билан тўкис дунём, уй саришта, онажон.

Ниятингиз: тинчликнинг ватани замин бўлсин,

Тўқчилик ҳар оилада, бола ҳовлига тўлсин,

Юртда фақат Барчину, Алпомишлар туғилсин,

Кимда эзгу ният бор, бахту омади кулсин,

Бахт, омаднинг калити ниятингиз, онажон,

Яратгандан тилайман сиҳатингиз, онажон.

Минглаб аршу аълолар бағрингизча бўлолмас,

Сиздек ҳеч ким юракдан кўз ёш тўкмас, кулолмас.

Гарчи фарзанд умрини онасига улолмас,

Томчи сутнинг қарзини минг йил яшаб тўлолмас,

Фарзандининг камолин бахт деб билган, онажон,

Эшигин остонасин тахт деб билган, онажон.

Аллоҳ назари тушган юзингизга, онажон…

Хуршид НУРУЛЛАЕВ


Последнее редактирование: 31/03/2017 06:22;   Просмотров: 1608
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку