Шу йил «тут пишди» пайтлари эди.
Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими томонидан таниқли журналист ва адиб Нусрат Раҳмат хонадонида адабий гурунг уюштирилди. Биз, бир гуруҳ шоир ва ёзувчилар, Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари соат 10-00 ларда қаҳрамонимизнинг шинам, баҳаво уй-ҳовлисида бирин-кетин йиғилдик. Нусрат ака оила аҳли қуршовида меҳмонларни очиқ чеҳра, шўх-шодон, ҳазил-мутойиба билан кутиб олди. Ҳамма чиройли безатилган дастурхон атрофидан жой олгач, тинчлик-осойишталик, бахтли давру даврон, мунаввар ва эркин ҳаётимиз ҳаққи шукроналар айтиб дуога қўл очдик.
Йиғилганлардан Миршариф Хўжаевга даврани бошқариш насиб этди. Қизғин суҳбат бир томон, «тут қоқди» бир томон бўлиб, тадбир бошланиб кетди.
Давра раиси Самарқанддаги адабий муҳит, устоз С.Айний, Ориф Гулханийнинг сермаҳсул хизматлари, тут ва анжирхўрлик анъаналари ҳақида мароқли маълумотлар берди. Аҳмад Дониш, Болта Ортиқзода ҳовлиларидаги адабий муҳит эсга олинди. Севимли шоирамиз Хосият Бобомуродова Суғд вилоятига ташрифи эсдаликларини баҳам кўрди. Бу қадимий диёр жамоли, адабиёти, урф-одатлари, тожику ўзбек халқларининг дўстлик ришталари, Наврўз шукуҳи, Фарзона, Лоиқ, Камол Хўжандий, Бозоров Собир сингари сўз усталари шаънига тўлқинланиб илиқ ва самимий фикрлар билдирди. Шеър ўқиди.
Дастурхонга оппоқ балхи тут тортилгач, ширин-шакар базм қизиб кетди. Тошпўлат Тугал, наманганлик шоира Дилбар Ҳайдарова, Жумагул Сувонова, Ойгул Маматова, О.Усмонқулов, З.Нурматов, Муқумжон Орифий, Ҳамида Каримова, сиёсатшунос олим Ш.Ғойибназаров, Фазлиддин Ғайбий, Т.Раҳматиллоев, Ойхумор Асадова, адабиётшунос ва шоир Абдураҳим Боғдонли ва бошқалар ўзларининг ҳаёт, ижод, адабиёт, шеърият, маънавият, дўстлик, ёшлар тарбияси, устоз-шогирд мактабига доир мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар. Айниқса, Нусрат аканинг босиб ўтган шонли, серзаҳмат ҳаёт йўли, ижодий услуб ва маҳорати, бой адабий мероси, инсоний фазилатлари тингловчиларни бефарқ қолдирмади.
Адабий гурунгнинг иккинчи қисми Нусрат ака яратган шахсий уй-музей тақдимотига бағишланди.
Алоҳида ойнаванд хона дид билан безатилган. Барча экспонатлар адибнинг оилавий ҳаёти, ижодий камолоти, қизиқиш доираси, бетакрор характер ва хислатларини очиб беришга хизмат қилади.
Биз, томошабинларни мафтун этган нарса, Нусрат аканинг ажойиб «хоббиси» бўлди. Жуда кўп хизмат сафарлари, сайру саёҳатларни бошидан кечирган адиб Осиё, Европа, Африка, Америка қитъалари халқларига мансуб ажойиб чўп қошиқларини тўплаганлиги бизни ҳайратга солди. Ҳар бири санъат асари, ноёб мўжиза. Таниқли сўз усталари Чингиз Айтматов, Машраб Бобоев, Ошиқ Эркиннинг қошиқ туҳфалари ҳам шу ерда. Узунлиги 7-10 смдан то 1,5 мертгача бўлган анвойи қошиқлар яхлит бир галерея бўлиб кўзни қувонтиради. Ўзининг ўтмиши, юрти, муаллифидан сўйлайди гўё. Деворда шундай ҳикматни ўқиймиз:
Қўшиқ-ишқ рамзи,
Қошиқ-ризқ рамзи.
Россиянинг Пермь шаҳрида қошиқ ҳайкали мавжудлиги, қошиқлар тарихи, тарбиявий аҳамияти, ясаш техникаси, моҳир устолар ҳақида музейдан кўп нарсани билиб олдик ва адиб ишига қойил қолдик.
Қанийди бундай адиблар, адабий гурунгларга эътибор ошаверса. Тут баҳона, дийдор ғанимат, дегани шу бўлса керак.
Н.МеҲрангиз
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.