(Ҳикоя)
Каклигу беданаларсиз тура олмаслиги, уларни ўйнатиб, сайратишдан баҳра олгани учун унга “Какликбоз”, деб ном беришган.
Бўйнини какликдек чўзиб юргани учун ўзи ҳам шу паррандага ўхшаб кетади. Энг асосийси, қаерда бўлмасин – чойхонада-ю тўйхона, ҳатто таъзияхонада ҳам сайроқи қушларнинг таърифи оғзидан тушмайди.
Ҳовлиси катта бўлиб, дову дарахтга сероб. Ишқибозимиз дарахтларнинг қарийб барча шохларига қафас осиб чиққан. Жониворларнинг бири қўйиб, бири сайрайди. Ёқимли овозлардан завқланган какликбоз топган пулини уларга сарфлайди – бозордан дон келтиради, янги қафас сотиб олади. Кушларнинг пашша ва қурт-қумурсқани хуш кўришгани учун уларни шундай тансиқ таъом билан ҳам сийлаб туради. Ҳовли ўртасидаги катта ҳовузнинг тўрт томонига ўрнатилган хира чироқлар туни билан учмайди. Ёруғликка ўзини урган ҳашаротлар қаноти куйиб ҳовузга қулайди. Эринмаган какликбоз саҳар туриб, уларни сув юзидан йиғиб олиб, қушларига беради. Ҳовуздаги балиқчаларнинг сувга тушган ҳашаротларга шерик бўлгани какликбозга ёқмайди, шунинг учун уларни озиқлантиришни бас қилган. Ҳуши келса, дастархондаги нон увоқларини сувга қоқади.
- Каклигу беданалар ўйнатиш, уларни кўпайтириб сотишдан келган даромадларингиз олийгоҳ профессори маошидан қолишмайди, – деб қўйишарди маҳалладошлари ҳасад билан. – Шунга айтсалар керакда “Овчининг омади келса, кийикнинг ўзи тўрга тушади” деб. Нега энди ҳақиқатпараст пакана қўшнингиз Мухтор девордан соянгизни “қириб” юради?
– Э оғайни, “Ит ҳурар, карвон ўтар”, деганлар,-хотиржам жавоб қайтарганди какликбоз уларга. - Мухтор ҳақиқатпараст эмас, ҳасадчи. Иши юришганларни кўролмайди. Яқинда чойхонада Аҳад ҳам менга: “Паррандаларни қафасда сақлаш уввол!” деб қолди. Ахир мен уларга ўз вақтида сув ва дон берсам, нимаси уввол? Ўзичи-ўзи, итларни уриштиргани-уриштирган. Бечора жониворлар бир-бирини тишлайди, ғажийди. Нима, уларга озор бераётган Аҳаднинг ишлари яхши-ю, меники уввол-ми? Бекорларни айтибди.
Какликбознинг тинч ўтирганини ҳеч ким кўрмаган. Паррандаларига меҳрибон бўлгани учун уларни қўлига олиб ўйнатади, оғзига сув олиб, тумшуғини лабига тутиб суғоради, парларини ёзиб сув пуркайди. Сайроқилар ҳам эгасига ўрганиб қолган шекилли, йўқ бўлса, овоз чиқаришмайди. Қораси кўринган ҳамоно сайрашгани-сайрашган.
Олма дарахти остидаги сўрига чиқиб ўтирган какликбозга хотини Норчучук хола чой дамлаб келди.
– Мен йўғимда ҳеч ким келмадими? – сўради какликбоз тоғни талқон қилгандек, уф тортиб.
– Йўқ, - деди хотини хушламайгина.
– Девор оша, эшик тирқишларидан биров мўраламадими?
– Ким ҳам қарарди,-зарда қилди хотини.
– Тўй, жанозага хабар келмадими?
– Худога шукур, ҳеч ким ўлмаган. Тўйга ҳам айтишмаган.
Какликбоз хотинининг жавобларидан қониқиш ҳосил қилиб, ёстиққа ёнбошлади-да, теппасидаги қафасга қараб: “Ви-виқ. Пит-пилдиқ!.. Пит-пилдиқ!” деди. Шуни кутиб тургандек, беданалар сайрашга тушди. Норчучук хола эса: “Ҳе..!” деди-ю, лабини буриб сўридан тушди. Уй эгаси мийиғида кулди. Кўп ўтмай нимадир ёдига келиб, юзи бужмайди. Бундан бир ҳафта олдинги воқеани эслади...
Ҳовли эгасининг йўқлигини билган кимдир аста дарвозани очиб ичкарига кирган. Норчучук хола ҳовлида бегона кишини кўриб, савол назари билан унга тикилган.
– Хавотир қилманг, – деган нотаниш киши. – Меҳмонман, эрингиз бедана ва какликларини мақтаганди. Бир кўрай дедим. Мен ҳам паррандаларга ишқибозман.
Норчучук хола “Ҳе, ишқибозлигинг қуриб кетсин!” дея бурилиб уйига кириб кетган. Буни кўрган нотаниш киши бир неча қафасга нимадир сочади-ю югурганча чиқиб кетади. Какликбоз келиб, одатига кўра паррандаларини кўздан кечирса, учта қафасдаги бедана ва каклик ўлиб ётибди. Хотинига бақирди, кампирини “уч талоқ” қилишига оз қолди. Хайрият қўшнилар бор экан. Улар чиқиб уни шаштидан қайтаришди. Шуларни ўйлаб хотинини саволга тутганди.
– Қушдан кўра қўй боқсангиз бўларди, қозон гўштга тўларди. – деди хотини бир куни эри билан тортишиб.
– Эшакка на ҳожат қанду наввот, бир халта сомону бурчакда кўкат, деган экан машойихлар, – деркан какликбоз, хотин киши билан баробар бўлишни ўзига эп кўрмади.
Каклигу бедоналарнинг жойларини алмаштираркан, какликбоз уларга дон ва сув берди. Шу пайт дарвоза тақиллади. Беданамга харидор келди, деган хаёл билан бориб дарвозани очди. Ташқарида сипо кийинган, қўлларида сумка тутган уч-тўрт кишини кўриб, ажабланди.
– Амаки, – деди улардан бири қўлидаги қоғозни кўрсатиб. – Сизни огоҳ этгани келдик. Йўл кенгайиши сабабли бир ҳафтадан кейин уйингиз бузилади. Мана, лойиҳа-ҳужжатлар.
Какликбоз асабийлашди, қўллари қалтираб қоғозни олди ва унга разм солди.
– Сиз сиқилманг, – деди кексароқ киши. – Давлат бузилган ҳовлингиз учун янги уй беради. Сув, газ ва свети бор. Бундан ташқари, иморатингизга ишлатган нарсаларнинг ҳаммасини олишингиз мумкин. Икки-уч сўм пуллик ҳам бўласиз.
Какликбоз индамади. Сукут ризо аломати. Нима ҳам қилсин, кўпга келган тўй. Йўқ, деб бўлармиди. Бошқа гузарларда ҳам шу аҳвол. Норози бўлганларга ҳуқуқ-тартибот идоралари масалани тушунтириб юрган бўлса. Коса лаби кўза лабига теккан пайт, итоатсизликка на ҳожат. Давлат уй-жойларни бекорга бузаётгани йўқ. Ҳовли эгаларига шинам уйлар беряпти. Хўш, янги уйга кўчиб ўтса нима қипти?
Какликбоз янги уйга кўчиб ўтди. Шаҳар марказидаги беш қаватли уйнинг учинчи қаватидан хона ажратишди. Яшаш учун ҳамма шароит бор, фақат каклигу бедоналарга балкондан жой тегди, холос. Лекин, бу ердан шаҳар чиройли кўринади. Ана узоқда қир-адирлар, тоғлар ястаниб ётибди. Қуёш ҳам шу тоғлар ортидан чиқади. Қушларга ёмонмас. Барибир кўнгли хижил эди.
Кўп ўтмай юраги сиқилиб хотинига бақирди: “Бу сенинг қарғишларинг туфайли бўлди”. Кампири мийиғида кулиб нариги хонага ўтди.
– Қафасга тиқилиб қолгандекман, – деди чол. - Одамларга ҳайронман, тўрт девор ичида қандай яшайди?
Чолининг гапи туртки бўлиб Норчучук хола тилга кирди:
– Оллоҳим ҳамма нарсани кўриб туради, – биринчи марта эрига баланд овозда гапирди. – Паррандаларни қафасда сақлаб гуноҳга ботаяпсиз. Улар ҳам сиқилиб кетди, қўйиб юборинг, ўз ризқини териб есин.
Какликбоз аввал ҳар бир қафасдаги қушларга меҳр билан термилди. Кейин бир-бир эшикчаларини очиб чиқди. Паррандалар қафасдан чиқиб, ҳавога кўтарилишди. Какликбозни олқишлагандек, қанотларини бир-бирига уриб, ўзларини табиат бағрига уришди. Уларнинг эркинлиги какликбозга юққандек бўлди, ўзини енгил ҳис этди.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.