Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

АДОЛАТНИ УЛУҒЛАГАН ШОИР

Ўзбек халқининг улуғ шоири ва мутафаккири, жамоат ва давлат арбоби Алишер Навоийнинг адабий ва илмий меросини ўрганар эканмиз, унинг инсон қадрини ва бахтли бўлиш ҳуқуқини улуғлаганлигини билиб оламиз. Мен бир ҳуқуқшунос сифатида шунга амин бўлдимки, ҳазрат ўз асарлари билан жамиятда тинчлик, тотувлик бўлиши учун бутун куч ва қувватини сарфлаган.

Беш достондан иборат “Хамса” (1483-1485) Навоий ижодининг чўққисидир. Унда адолат (“Ҳайрат-ул-аброр”) (“Яхшилар ҳайрати”), севги-садоқат (“Лайли ва Мажнун”), жасурлик, адолатлилик ва баркамоллик (“Фарҳод ва Ширин”), ростгўйлик ва сахийлик (“Саъбаи сайёр”), (“Етти сайёра”), адолатли жамият ва ҳукмдор (“Садди Искандарий”) (“Искандар девори”) ғоялари мужассамлашган.

Бундан ташқари, Темурийлар ҳукмронлигининг сўнгги даврида яшаган Навоий 1472-1487 йилларда Ҳусайн Бойқаронинг вазири лавозимида фаолият кўрсатиб, илм ва санъат аҳлига ҳомийлик қилган, ободончилик ишларига катта аҳамият берган, давлат ва жамият қурилиши соҳасида бир қатор ижобий ислоҳотлар ўтказишга эришган. Алишер Навоий 1480-1500 йиллар мобайнида ўз маблағлари ҳисобидан бир неча мадраса, 40 та работ (сафардаги йўловчилар тўхтаб ўтиш жойи), 17 та масжид, 9 та ҳаммом, 9 та кўприк, 20 та ҳовуз қурдирган. Ҳусайн Бойқаро Алишер Навоийга “муқарраби ҳазрати султоний” (“султон ҳазратларининг энг яқин кишиси”) деган унвонни бергандан кейин у давлатнинг барча ишларига аралаша олган.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.Каримов Навоий ҳазратларининг шахсига асосли ва ҳаққоний баҳо бериб “Алишер Навоий халқимизнинг онги ва тафаккури, бадиий маданияти тарихида бутун бир даврни ташкил этадиган буюк шахс, миллий адабиётимизнинг ғурури, шаъну шарафини дунёга тараннум қилган ўлмас сўз санъаткоридир… Агар бу улуғ зотни авлиё десак, у авлиёларнинг авлиёси, мутафаккир десак, мутафаккирларнинг мутафаккири, шоир десак, шоирларнинг султонидир”, деб таъкидлагани бежиз эмас.

Бундан ташқари, ўзбек халқининг атоқли фарзанди, ғазалнавис шоир, шоҳ Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг Алишер Навоий шахсига юксак баҳо берган қуйидаги сатрларини ҳам кўрсатиш мумкин. “Алишербек назири йўқ киши эрди. Туркий тилда андоқ шеър битибтурларким, ҳеч ким ончалик кўб ва хўб айткон эрмас”.

Хуллас, ҳазрат Навоий бошқа соҳалар каби ҳуқуқий қарашларни ҳам ўз асарларида изчил баён қилиб берган. Унинг ҳуқуқий қарашларида мусулмон оламида асосий манба бўлиб келган Қуръон ва ҳадиснинг алоҳида ўрни бор. Жамиятдаги фирибгарлик, порахўрлик ва таъмагирликни қоралаб келган. Мазкур масала унинг “Ғаройиб ус-сиғар” асарида ўз аксини топган мисраларини кўрсатиб ўтиш ўринлидир. Яъни:

Ғайридин қилгил замиринг сафҳасин пок, эй фақиҳ,

Тобакай қилмоқ фиребу макр ила дафтар қаро.

Алишер Навоий ўзининг ушбу шеърий мисраларида баъзи нопок, фирибгар фақиҳларни фиқҳ (ҳуқуқ) тизимидаги фаолиятидаги фирибгарлик, адолатсизликни қоралаб танқид остига олган, уларни покликка, адолатга даъват этган.

Хулоса ўрнида шуни қайд этиш мумкинки, мустақил Ўзбекистонда Навоийни англаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди ва Республикамиз Биринчи Президенти И.Каримов таъкидлаганидек, Навоийнинг ўлмас асарларидаги юрт тинчлиги ва осойишталиги, халқлар ва миллатлар ўртасидаги дўстликни кўкларга кўтарадиган, бу ғояларни устувор инсоний қадриятлар сифатида олға сурадиган фикр ва қарашлари биз учун, айниқса, қимматлидир.

А.ХАЛИЛОВ, ҳуқуқшунос

 


Последнее редактирование: 29/03/2017 15:51;   Просмотров: 1675
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку