Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ТУМАНДОШЛАРИМИЗ ЖАҲОН ШОҲСУПАСИДА

Истиқлол йилларида мамлакатимизда спортни ривожлантиришга катта эътибор қаратилди. Чунки, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, спорт соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашнинг энг муҳим воситаси саналади.

Туманимизда ҳам ёшларнинг спорт билан шуғулланишлари учун барча шарт-шароитлар яратилганлиги боис спортчиларимиз халқаро ареналарда зафар қучиб келмоқда. Жорий йилнинг 8-22 март кунлари Тайланд давлатининг Банкок шаҳрида спортнинг Муай-тай тури бўйича 16-жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Унда муваффақиятли иштирок этган туманимиз вакиллари, Янгиобод маҳалласидан Фаррух Ғаффуров, Шахрўз Жўраев, Шероз Холмирзаев, Шахриёр Жўраевлар чемпионатнинг энг юқори шоҳсупасига кўтарилиб, олтин медаль билан тақдирланишди. Улар шарафига Ватанимиз мадҳияси янграб байроғимиз баланд кўтарилди. Шунингдек, Ўзбеккенти маҳалласидан Алишер Худойқулов иккинчи ва яна бир вакилимиз янгиободлик Достон Рўзиевлар учинчи ўринни қўлга киритди.
- Айни пайтда биз Осиё чемпионатига пухта тайёргарлик кўраяпмиз, - деди Фаррух Ғаффуров. - лекин спортда, айниқса, унинг муай-тай турида жароҳатлар машғулотларнинг бир қисми дейиш мумкин. Сир эмас, мен ва дўстларим машқ жараёнида кўплаб жароҳат оламиз, лекин айримлар сингари спортни тарк этмаймиз. Таниқли адиб Пауло Коэльо шундай ёзган экан: "Агар инсон орзусига эришиш йўлида чин дилдан ҳаракат қилса, бутун коинот уни мақсадига етиштириш учун бирлашади". Дарҳақиқат, ҳаётда тўғри мақсад ва ҳаракат ортида улкан натижаларга эришган инсонлар бунга мисол бўлаолади. Энг муҳими, ҳар биримизда ишонч ва умид бўлиши лозим. Шундагина муваффақият қозонамиз. Минг афсуски, баъзи тенгдошларимиз бадантарбия билан машғул бўлиш ўрнига тамаки чекадилар, спиртли ичимликларга ружу қўйиб бебаҳо давр-ёшликни хазон қилишади. Спорт ишонч-эътиқод маданиятини ва тетик, соғлом, маънавий етукликни шакллантиради.
Шунинг учун яратилган имкониятлардан фойдаланиб, ўзимизга маъқул бўлган жисмоний тарбия билан шуғуллансак, жаҳон спорт шоҳсупалари бизники бўлади.
Биз чемпионларимизни улкан ғалаба билан табриклаб, келгусида ҳам янгидан янги ютуқлар тилаймиз.

Баходир ЗОҲИР


Дата добавления: 05/04/2019 14:57;   Просмотров: 936
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку