Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

САМБОЧИЛАРИМИЗ ҚИТЪАДА ТЕНГСИЗ

Ҳиндистоннинг Нью-Деҳли шаҳрида бўлиб ўтган навбатдаги Осиё чемпионатида мамлакатимиз самбочилари ҳам муносиб катнашиб, катта зафар қучдилар. Мусобақа таассуротлари тўғрисида самарқандлик самбочилар мураббийси Жаъфар Жабборов гапириб берди.

- Хабарингиз бор, афсонавий ўлка бўлмиш Ҳиндистоннинг "Shaheed Vijay Singh Pathik" спорт мажмуасида жорий йилнинг 12-16 сентябрь кунлари самбо бўйича катталар(эркаклар ва аёллар), ёшлар(20 ёшгача ўғил қизлар), ўсмирлар(18 ёшгача ўғиллар ва қизлар) ва жанговор самбо бўйича(эркаклар) 22 мамлакат спортчилари иштирокида Осиё чемпионати бўлиб ўтди, - деди Жаъфар Эшонқулович, - мазкур қитъа чемпионатининг тантанали очилиш маросими жуда пухта тайёргарлик билан бошланиб, мезбонларнинг миллий рақс ва қўшиқлари спортчиларга катта қувонч ва хурсандчилик бахш этди. Тадбирда Ҳиндистон ва Бангладешдаги Ўзбекистон Республикаси элчиси Фарҳод Орзиев, Осиё самбо Ассоциацияси президенти Аламжон Муллоев, Ўзбекистон самбо Ассоциацияси президенти Алишер Алимов ва бошқа расмий шахслар қатнашдилар. Шуниси диққатга сазоворки, мусобақа якунига кўра шахсий биринчиликларда 40 та медалларга эгалик қилган Ўзбекистон вакиллари умумжамоа ҳисобида фахрли биринчи ўринни эгаллашди. Бу ютуқларда вилоятимиз спортчилари ҳам муносиб улуш қўшиб, 7 та олтин, 2 та кумуш, 1 та бронзани қўлга киритдилар. СамДУ 1-босқич магистри, Халқаро тоифадаги спорт устаси Нодира Гулова аёллар ўртасида мамлакатимиз жамоасига биринчи олтин медални ҳадя этди, ушбу олийгоҳнинг 4-босқич талабаси Ҳакимжон Исмаилов(100кг) жанговор самбо бўйича, Тайлоқ туманидаги олимпия заҳиралари мактаб-интернатнинг мураббийси Гулмира Исматова(68кг), Самарқанд шаҳридаги 2-сон БЎСМ мураббийи Давлат Ҳамроев(62 кг), якка кураш спорт турларига ихтисослаштирилган БЎСМ тарбияланувчилари Неъмат Ёқубов(90кг) Сардор Шовриков(100кг), Самарқанд шаҳридаги олимпия заҳиралари мактаб-интернатининг 3-босқич ўқувчиси Лочинбек Худойқуловлар (65 кг) чемпионликни қўлга киритишди.
Бизнинг туманимиз вакили Чордара маҳалласидан Жонибек Азизов(82 кг) 1-сон БЎСМ шуғулланувчиси Азизбек Убайдуллаев(56 кг), кумуш медаллари, унинг маҳалладоши Мироншоҳ Давронов(68 кг) бронза медали соҳиби бўлишди. Ғолиблар ва совриндорлар Осиё самбо Ассоциациясининг дипломлари ва медаллари билан тақдирланди. Спортчиларимиз Ҳиндистоннинг тарихий ёдгорликларини зиёрат қилишди. Уларга айниқса, дунёдаги етти мўжизанинг бири ҳисобланмиш Тожмаҳал мавзолейини кўриш унутилмас таассуротлар бахш этди.
- Жаъфар Эшонқулович, келгуси режалар ҳақида ҳам гапириб берсангиз.
- Ўзбекистонимиз самбочилари Осиё қитъасида тенгсиз эканликларини Ҳиндистонда исботлашди. Энди навбат жаҳон чемпионати ва Токио олимпиадасида пухта тайёргарлик кўришдан иборатдир. Зеро бизнинг мақсадимиз Ўзбекистон байроғини янада баланд кўтаришдир.

Суҳбатни Зоҳир ҲАСАНЗОДА ёзиб олди.


Дата добавления: 27/09/2019 16:51;   Просмотров: 883
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку