Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ОРЗУЛАРИ ОЙДИН ҚИЗ

Ситора оилада ёлғиз фарзанд бўлсада эркатой, ишёқмас, дангаса каби ножўя хислатлардан йироқ ҳолда улғайди.

Болалигиданоқ қобилиятли, шижоатли, меҳнатсевар бўлиб вояга етди. Шунинг учун ҳам ойиси Дилбар опа уни 9 ёшлигидан спортнинг каратэ тўгарагига олиб борди. У ерда Ситора ўзининг тиришқоқлиги билан бор иқтидорини намойиш этиб, тез орада каратэ жанги сир-асрорларини пухта ўзлаштира бошлади. 2011 йилда шаҳардаги 1-умумтаълим мактабининг 9-синфини аъло баҳоларга тугатиб, ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежида ўқишини давом эттирди. Энди у ўзининг илк мураббийси Аслан Музаффаров қўл остида спортнинг муайтай тури билан шуғулланган ҳолда ва кўплаб мусобақаларда қатнашиб, фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда эди.
- Айниқса, 2010 йил қизим учун жуда ҳам омадли келди, - дейди унинг ойиси Д.Бобокалонова. - Ўша йили дастлаб ўсмирлар ўртасида Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритгандан сўнг, Украина Республикасининг Брянск шаҳрида ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон кубоги мусобақасида 1-ўрин, кейинчалик Ўзбекистон кубоги баҳсларида ҳам 1-ўрин соҳиби бўлди. Дарҳақиқат, Ситоранинг ўз устида тинимсиз ишлаши, чеккан машаққатлари тобора ўз самарасини бера бошлади. 2013 йилда қаҳрамонимиз Тошкентда ўтказилган «OPEN UZBEKISTON» Халқаро турнирида ҳам иштирок этиб, фахрли биринчи ўринни эгаллади. 2014 йилда Малайзия давлатида бўлиб ўтган Осиё чемпионатида III-ўринни забт этиб, совриндор бўлди. Айни вақтда СамДУ жисмоний маданият факультети учинчи босқич талабаси бўлган Ситора гарчи, ҳозирги мураббийи Н.Хаджаяров қўл остида спортнинг «Пенчак силат» тури билан шуғулланиш баробарида, ўзи ҳам мураббий сифатида шогирдлари билан бетиним машғулотлар олиб бормоқда. Айтиш жойизки, унинг шогирдлари ҳам дастлабки муваффақиятларга эриша бошлашди. Мисол учун Самарқандда ўтказилган Ўзбекистон Кубоги мусобақасида муваффақиятли иштирок этган шогирди Дамира Даврона биринчи ўринни эгаллаб, жорий йил Таиланд давлатида бўладиган ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритган бўлса, мазкур мусобақада Фариза Ҳусниддинова иккинчи, Гулёра Омонбоева ва Шаҳрибону Эргашевалар фахрли учинчи ўринга сазовор бўлдилар.
- Орзуларим ҳали бисёр, - дейди эндигина йигирма икки баҳорни қаршилаётган Ситора. - Авваламбор Жаҳон ареналарида юртимиз байроғини янада баланд кўтариш, олимпиада, жаҳон чемпионлигини қўлга киритиш ва энг асосийси муҳтарам Юртбошимизнинг биз ёшларга яратиб бераётган имкониятлардан оқилона фойдаланган ҳолда соҳам бўйича «Зулфия» мукофотига сазовор бўлиш олий мақсадимдир.
Ҳа, «Генерал бўлишни орзу қилмаган аскар, аскар эмас» деганларидек биз ҳам бугун иқтидори, изланиши ва қобилияти билан ўз тенгдошларига намуна бўлаётган истеъдодли спортчи қизимиз Ситора Бобокалоновага ойдин орзулари доимо ўзига ҳамроҳ бўлишини чин дилдан истаб қоламиз.

Тошпўлат ЮСУПОВ,
Азиза САМАТОВА


Дата добавления: 20/04/2018 14:44;   Просмотров: 1243
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку