Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

МАҲАЛЛАДА “ФИТНЕС КЛУБ” фойдаланишга топширилди

Талибарзуи поён маҳалласида жойлашган собиқ “Наврўз” жамоа хўжалигининг маъмурий биноси хўжалик тугатилгандан сўнг, туман тиббиёт бирлашмаси балансига ўтказилиб, ҚВПга айлантирилди. Бинонинг фаоллар зали бўлган катта хонаси бўш ётган эди

Маҳаллада ким кўп, тадбиркор кўп. Биров уни ижарага олиб, «Компьютерхона» қилмоқчи бўлса, бошқаси «Бильярдхона» очиш пайига тушди. Лекин, кўпни кўрган, кенг мушоҳадали маҳалла фуқаролар йиғини раиси Санъат Баҳромов фаолларни йиғиб бу ерда соғломлаштириш маркази, яъни спорт зали барпо қилишни таклиф этди ва бу ишга ким жазм этса, қўлидан келадиган ёрдамини аямаслигини айтди. ҚВП ходимаси Мадина Муҳаммадиева шу куни турмуш ўртоғи, тадбиркор Абдуворис Сатторов билан маслаҳатлашиб, бу ишга киришдилар. Натижада 120 млн. сўм ўз маблағлари ва 100 млн. сўм банк кредити ҳисобидан хона қайта таъмирланиб, энг замонавий спорт жиҳозлари келтирилиб ўрнатилди.
Бугун бу ердаги ҳолат, шарт-шароитдан аҳоли беҳад мамнун. Яқинда ушбу масканнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда шу ҳудуддан туман кенгаши депутати А.Маҳмудов, 41-умумтаълим мактаби директори Н.Саломов, имом-хатиб Б.Насруллоев ва бошқалар сўзга чиқиб, масканни ташкил этган ва бош-қош бўлганларга маҳалла аҳли номидан миннатдорчилик билдирдилар. Бу хайрли ишнинг жамият учун фойдаси нақадар катта эканлиги, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, уларнинг, айниқса, ёшлар, хотин-қизлар машғулотларда қатнашиб, ўз саломатликларини тиклаши, жисмонан бақувват бўлишликларида муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Тошпўлат ЮСУПОВ
Суратлар муаллифи Бекзод ҚОДИРОВ


Дата добавления: 21/07/2017 15:06;   Просмотров: 1372
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку