Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида БМТ шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий маркази очишни таклиф қилди.
«Ҳозирги вақтда Марказий Осиё минтақасида туб ўзгаришлар юз бермоқда. Биз минтақа давлатлари ўртасида яхши қўшничилик ва ўзаро ишонч, дўстлик ва ҳурмат муҳитини яратишга эришдик. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган ташаббусга асосан мунтазам ўтказилаётган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари умумий ютуғимиз бўлди.
Охирги тўрт йилда Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан ўзаро савдо ҳажми салкам беш баробарга ўсди. Мамлакатларимиз ушбу синовли кунларда бир-бирини ёлғиз қолдирмасдан, ўзаро елкадош бўлдилар. Бугун Марказий Осиё давлатлари олдида муҳим стратегик вазифа турибди. У ҳам бўлса, минтақамизнинг глобал иқтисодий, транспорт ва транзит йўлакларига чуқур интеграциясини таъминлашдир. Шу муносабат билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини очишни таклиф этамиз», — деди Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг Минтақавий қўшма режанинг 10 йиллик натижалари ва келгуси истиқболларига бағишланган халқаро конференцияни ўтказиш тарафдори эканлигини билдирди.
«Бугунги кунда Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлаш соҳасида ҳам самарали ҳамкорлик олиб борилмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Глобал антитеррор стратегияси муваффақиятли амалга оширилмоқда. Биз ушбу стратегия доирасидаги Минтақавий қўшма режанинг 10 йиллик натижалари ва келгуси истиқболларига бағишланган халқаро конференцияни ўтказиш тарафдоримиз», — деди Президент.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг Хива шаҳриа «Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида» номли мавзуда халқаро форумни ўтказишга тайёрлигини маълум қилди.
«Маълумки, минтақамизнинг кўҳна ва бой маданий мероси глобал аҳамиятга эга. Биз 2021 йилда ЮНЕСКО билан ҳамкорликда қадимий Хива шаҳрида ‘Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида’ деган мавзуда халқаро форумни ўтказишга тайёрмиз», — деди Шавкат Мирзиёев.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.