Ўтган шанба куни Хўжа Аҳрори Вали - II маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган туман ҳокимининг навбатдаги сайёр қабули давлатимиз раҳбарининг «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак» деган ғоялари асосида ташкил этилди десак, ҳечам муболаға бўлмайди.
Шу куни таъбир жоиз бўлса, туманимизнинг биринчи раҳбари ўз «команда»си иштирокида аҳоли билан яқиндан юзма-юз мулоқотда бўлиб, уларни ташвишга солаётган муаммолар, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш, кредит олиш, уй-жой, эгалик ҳуқуқини тиклаш сингари 40 дан зиёд энг долзарб ҳаётий масалалар бўйича мурожаатларини тинглаб, иложи борича мавжуд муаммоларни бартараф этиш, масалаларни ижобий ҳал қилиш чора-тадбирларини белгилади. Мисол учун, туман маркази Гулобод қўрғонида биронта ҳам маиший техника воситаларини тузатиш ва сервис хизмати кўрсатиш устахонаси йўқлиги сабабли шу маҳалла фуқароси Шахриёр Аминовнинг устахона қуриш учун ер сўраб қилган мурожаати жойида ҳал этилди. Ёки Дукчилик маҳалласидан Аслам Ҳошимовнинг бузиб ташланган эски клуб ўрнида ўз ҳисобидан хусусий МТМ бунёд этиш тўғрисидаги мурожаати ҳам ижобий ҳал қилинишига ваъда берилди. Газчилар маҳалласидан бир гуруҳ онахонларнинг маҳаллада табиий газ, ичимлик сув таъминоти ва чиқиндиларни олиб кетиш борасидаги талаблари қаноатлантирилди. Вилоят шахмат федерацияси ижрочи директори, халқаро ФИДЕ арбитри Абдуваҳҳоб Воҳидовнинг туманда ёшларни шатранж ўйини билан шуғулланишлари, «Шахмат-шашка» клуби ташкил этиш ва турли хил мусобақаларни ўтказиш учун собиқ «Универмаг», ҳозирги «Супермаркет»нинг анча йиллардан буён бўш ётган иккинчи қават биносини ажратиш ҳақидаги таклифи атрофлича ўрганилиб, жавоб берилиши айтилди. Туманнинг «Узоқ лагер» ҳудудидан ташриф буюрган бир гуруҳ нуроний отахонлар маҳаллаларида ҳашар йўли билан жомеъ мачит қурилганлиги ва уни очиш борасида ҳокимнинг амалий ёрдам беришини сўрашди. Шу ўринда айтиш жоизки, мустақил юртимизда виждон эркинлиги, диний эътиқод дахлсизлиги бош Қомусимиз билан кафолатланган. Шунинг учун мазкур масалани ечими гарчанд, тегишли вазирлик ва диний идора ваколатига кирса-да, отахонларга ҳоким албатта, қонун талаблари доирасида ёрдам қилажагини айтди.
Қайд этиш лозимки, сайёр қабулда қатнашганларнинг барчаси ҳам элу юртга хизмат қилиш, ватан равнақига ҳисса қўшиш мақсадида эмас, балки яратилаётган шароит ва имкониятлардан ўз шахсий манфаатлари учун наф кўриш мақсадида келганликлари ҳам маълум бўлди. айрим фуқароларнинг ноқонуний йўллар билан ер сотиб олганликлари, эндиликда унга эгалик ҳуқуқини берувчи ҳокимнинг қарори бўлиши кераклиги ҳақидаги мурожаатларига ҳоким очиқча рад жавобини берди. Чунки, ер давлат мулки бўлиб, уни олди-соттиси билан шуғулланиш ва ўзбошимчалик билан эгалик қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Ҳа, зукко газетхон, энди сиз юқоридаги сарлавҳага нега «лекин» сўзини ишлатганимизни англагандирсиз, Дарҳақиқат, бировга талаб қўяётганда унинг нечоғли асосли ва ҳақли эканига амин бўлиш шарт. Бу эса ҳаётга муносабатимиз, ҳуқуқий билимимиз, маънавий савиямиз ҳақида жиддий ўйлашга, уни ўзгартирмай туриб, жамиятни ўзгартириб бўлмаслигини ҳис қилишга туртки бўлади. Ахир бугун мамлакат тараққиётини ривожлантириш, фаровон ҳаётга эришиш биргина давлат раҳбари ёки катта-кичик раҳбарларга боғлиқ эмас. Бунда барчамиз умумжамият манфаати йўлида бир ёқадан бош чиқариб, ҳаракат қилсакгина кўзланган марраларга етамиз.
- Сайёр қабулга келган фуқароларнинг аксарият мурожаатлари ижобий ечим топди, - деди тадбирдан сўнг биз билан бўлган сўҳбатда туман ҳокими Шўҳрат Ўроқович, - чунки, мўҳтарам Юртбошимизнинг «Одамларимиз эртага ёки узоқ келажакда эмас, балки бугун яхши яшашни, муносиб ҳаёт кечиришни истайди. Шунинг учун биз олиб борилаётган ислоҳотларни жадаллаштиришимиз, уларнинг сифати ва самарадорлигини янада оширишимиз зарур» деган сўзлари, биз раҳбарлар учун дастуриламал бўлиши лозим. Халқ манфаати йўлида қилган ҳар қандай эзгу иш, албатта ўз самарасини беради. Ҳозирги пайтда туманимиз тўртта секторга бўлинган. Бу секторларга туман ҳокими, прокурори, ички ишлар бўлими ва солиқ инспекцияси бошлиқлари масъул. Сир эмас, ҳар бир секторда аҳолининг қанчадан-қанча муаммоси бор. Уларнинг дардига, ташвишига шерик бўлиш, мавжуд муаммоларни ечишга ёрдам бериш шубҳасиз давр тақозосидир. Чиндан ҳам шахсан мен ва қолаверса туман ҳокимияти учун халқ манфаатларига хизмат қилиш-асосий мезонга айланди. Лекин минг афсуски, туманда айрим раҳбарлар ҳали ҳам фуқароларнинг мурожаатларига эътиборсиз қарайди. Энди барча раҳбарлар ва мутасадди ходимларга юклатилган вазифалар ижроси чуқур таҳлил этилади ва улар фаолияти устидан доимий равишда жамоатчилик назорати ўрнатилиб масъулиятлари оширилади. Ўз ишига лоқайд, масъулиятсиз, ваъдабоз ва шахсий манфаатини устун қуйган раҳбарга нисбатан кескин чоралар кўрилади.
Тошпўлат ЮСУПОВ
Зоҳир ҲАСАНЗОДА
Суратларда:тадбирдан лавҳалар
Суратлар муаллифи Баҳодур ЗОҲИР
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.