Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ЎЗИДАН ЯХШИ НОМ ҚОЛДИРГАН ДАВЛАТ АРБОБИ

Ўрта, асосан катта авлод вакиллари шўро таркибида бўлган Ўзбекистонни қарийб чорак аср бошқарган Шароф Рашидов номини яхши билишади. Билганда ҳам, яхши инсон сифатида, ўзбек халқининг ажойиб адиби дея, эҳтиром билан тилга олишади.


Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 27 март куни давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидовнинг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилингани, инсон қилган эзгу ишлар ҳеч қачон ўлмайди, деган тушунча қанчалар ҳақиқат эканини яна бир бор исботлади ва етук давлат арбоби бўлган Рашидовни билганлар бу қарорни тарихий адолат эртами кечми, барибир қарор топиши ҳақидаги эътирофдек қабул қилишди.
Шароф Рашидов 1917 йилнинг 5 ноябрида Жиззахда деҳқон оиласида таваллуд топган, Наримонов номидаги мактабда ўрта таълимни олиб, 1934 йилда Жиззахдаги педагогика техникумини, 1941 йилда Самарқанд дорилфунунини тугатган. Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган (1941 йил ноябрь — 1942 йил). Жангдан қайтиб, Самарқанд вилояти газетасида масъул котиб, муҳаррир ўринбосари ва муҳаррир (1937-41, 1943).Ўзбекистон Коммунистлар партияси Самарқанд вилоят комитети котиби (1944-47), “Қизил Ўзбекистон” газетаси муҳаррири (1947-49), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси бошқаруви раиси (1949-50), Ўзбекистон Олий Совети Президиуми раиси (1950-59). Ўзбекистон КП МКнинг биринчи котиби (1959-83) вазифаларида ишлаган.
Шароф Рашидов раҳбарлик қилган давр урушдан кейинги энг оғир йиллар, 1966 йилда содир бўлган Тошкент зилзиласи ва ундан кейинги, чўлни ўзлаштириш ҳамда пахта майдонларини кенгайтириш йилларига тўғри келган.
Шароф Рашидов қобилиятли бошқарувчиликдан ташқари ўз даврининг кўзга кўринган ёзувчиси ҳам бўлган. Адибнинг “Ғолиблар”, “Бўрондан кучли”, “Қудратли тўлқин” “Кашмир қўшиғи” каби асарларида ўзбек халқининг урушдан кейинги тикланиш йилларидаги меҳнат жасорати бадиий ифодасини топган.
Шароф Рашидов республикада фан ва маданиятни ривожлантиришга айниқса катта ҳисса қўшган. Унинг даврида Тошкентда академиклар ва ТошМИ шаҳарчалари, университетнинг янги бинолари мажмуаси, Тошкент цирк биноси каби кўплаб бинолар қурилди. Халқлар Дўстлиги саройи (ҳозирги «Истиқлол”) меъморий мажмуаси учун қурилиш ғоясининг муаллифи ва ижодий раҳбари сифатида унга 1994 йил (вафотидан сўнг) Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти берилди. Бундан ташқари, Ш.Рашидов 1977 йили Тошкент шаҳрида биринчи метрополитен қурилишининг ташаббускори ҳисобланади. Унинг бевосита раҳбарлигида 1962 йил Олмалиқ мисни бойитиш фабрикаси, 1967 йили Мурунтов олтин кони ишга туширилди, Навоий, Зарафшон, Учқудуқ шаҳарлари қурилди.
Шароф Рашидов мақоланавис — публицистликдан камолга етган адиб даражасига кўтарилди. Шунинг учун ҳам унинг бадиий ижоди намуналарида бу руҳ етакчи ўринни эгаллайди. Адибнинг катта наср намуналари бўлган “Ғолиблар”, “Бўрондан кучли”, “Қудратли тўлқин” романларида урушдан кейинги Ўзбекистон халқини, тикланиш йилларидаги меҳнат жасоратлари бадиий ифодасини топган.
Ижодкорнинг “Кашмир қўшиғи”, “Комде ва Мудан” каби лирик қиссалари анъанавий Шарқ достончилиги услубида битилган бўлиб, ёшлик, баҳор, гўзал ҳаёт нашидаси мадҳига бағишлангандир. Адиб ҳаётининг сўнгги йилларида яратган “Дил амри” қиссаси Ватан уруши йилларида Белорус заминида кечган жанг манзаралари, турли миллат жангчиларининг ғалаба йўлида олиб борган ҳаёт-мамот кураши тасвирга олинган.
Шароф Рашидов Шўро ҳокимияти даврининг барча давлат арбоблари сингари вафотидан кейин қораланди. Ҳаёти ва ижодини ўрганиш тақиқланди. Мустақиллик шарофати билан камтарин адиб ва давлат арбобининг номи қайта тикланди.
Барчамизга маълумки, Шароф Рашидов номини тиклаш, мустақил Ўзбекистоннинг Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди ваъдаларидан бири эди. Ишонч билан айтиш мумкинки, қайд этилган қарор ушбу ишларнинг бошланишидир.
Қарорга асосан Рашидов туғилиб ўсган Жиззах вилоятида мемориал комплекс ташкил этилади ва ҳайкали ўрнатилади, Жиззахда Рашидов уй музейи очилади.
Бундан ташқари, Рашидов ва унинг ижодига бағишланган китобларни чоп этиш, жумладан, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Шароф Рашидов “Сайланма”си ҳамда Рашидов ҳақидаги хотиралардан иборат “Халқимизнинг буюк фарзанди” тўплами нашр этилиши, Рашидов тўғрисида ҳужжатли фильм олиниши, “Шароф Рашидовнинг Ўзбекистон тарихидаги роли” деб номланган илмий анжуман ноябрь ойида Жиззах ва Тошкентда расмий тадбирлар ўтказилиши белгиланган.
Аввалроқ Ўзбекистон Сенати Жиззах туманини Шароф Рашидов туманига айлантирилиши тўғрисидаги қарорни тасдиқлаган эди.
Ҳа, ўтганлар хотирасини ҳурмат қилиш ва муносиб баҳолаш одамзод қилиши керак бўлган эзгу ишлардан ҳисобланади.

Х.НУРУЛЛАЕВ


Дата добавления: 14/04/2017 15:48;   Просмотров: 1677
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку