Самарқанд шаҳридан 30 километр узоқликда, Пайариқ туманининг Хартанг қишлоғида жойлашган «Имом ал Бухорий» мемориал ёдгорлиги ўтган асрнинг 90 йилларида қурилган энг буюк иншоот саналади. Мемориал ёдгорлик 6 гектар майдонни эгаллаб, унда кириш қисми, хонақоҳ ва масжид, Имом ал Бухорий мавзолейини ўз ичига олган. Ўрта Осиё анъанавий меъморчилиги асосида бунёд этилган ёдгорлик мажмуаси қурилишида Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Андижон, Қўқон ва Намангандан халқ усталари фидокорона меҳнат қилишди. Шу тариқа ушбу меъморчилик обидаси 1998 йилнинг охирида қурилиб битказилди.
Мажмуанинг кириш қисмида бир қаватли пишиқ ғиштдан қурилган учта ярим гумбаз бўлиб, ичкари томони жамоатчилик хоналари билан туташиб кетган. Ёнбош қисмларида марказий қисмга нисбатан кичикроқ гумбазлар қурилган. Мажмуанинг қолган қисмлари узун айвон билан туташтирилган. Устунларга бадиий ўймакорлик асосида безак берилган. Киришдан чап томонда айвон тугаш қисмида хонақоли масжид қурилган. Ушбу бино беш қиррали гумбазга эга бўлиб, майдони 786 квадрат метрни ташкил этади, бу ерда бир вақтнинг ўзида 1000 тагача одам ибодат қилиши мумкин. киришдан ўнг томонда кутубхона мавжуд бўлиб, бу ерда ислом динига оид ноёб қулёзма ва китоблар сақланади. мажмуанинг шимолий-ғарбий қисмидаги айвон ўзида кўп йиллик тарихий, беш босқичли тошли қисмни ифодалайди. Меъморий ёдгорлик обидасининг ҳажми 9х9 метрни, баландлиги эса 17 метрни ташкил этади. Гумбазнинг ташқи қисми қиррали ва кўк рангли тошлар билан безатилган. Мужмуанинг пол қисми оч яшил рангли мармар плиткалари билан қопланган. Масжиднинг ўнг томонида алоҳида дахма жойлашган кириш қисми мавжуд. Мажмуанинг бадиий амалий безаклари ўрта асрнинг ислом меъморчилигидаги мозайка, майолика, ганч ва мармар ўймакорлиги услубларини акс эттирган ҳолда амалга оширилган. Мажмуанинг ҳовли қисмида унча катта бўлмаган ҳовуз қурилган, чинор ёнидан чиқаётган сув эса шифобахш ҳисобланади.
Имом ал Бухорий ёдгорлик мажмуасининг очилиш маросимида қатнашган Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов: «Ал Бухорий Ҳазратлари - бу нафақат ўзбек халқи, балки бутан мусулмон олами фахридир» деган эди.
Ўтаётган 2018 йилда мажмуа тарихида янги саҳифа очилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан ҳозирги кунда Имом Бухорий мажмуаси атрофида катта қурилиш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.
Мажмуанинг инфраструктураси тубдан ўзгартирилмоқда. Имом ал Бухорийнинг бой меросини ўрганувчи ҳадиснависликни ўрганувчи Халқаро Марказ ташкил қилинди. Бу илмий марказ расмий равишда ўз фаолиятини бошлади. Ушбу ташкилий марказнинг асосий мақсади - Имом ал Бухорий ҳазратларининг ва бошқа буюк ҳадисшуносларнинг ишларини тадбиқ қилишдир. Бу нафақат бизнинг, балки чет эл олимларининг ҳам илмий изларнишларига йўл очади.
Мажмуа атрофини Самарқанднинг туризм марказларидан бирига айлантириш режалаштирилган. Ансамбл атрофида хорижий меҳмонлар учун 20 дан ортиқ кўп қаватли замонавий меҳмонхоналар қурилиши кўзда тутилган. Хартанг шаҳарчаси кундан кунга гўзаллашиб, янги қиёфа касб этмоқда.
Самарқанд шаҳри марказидан то Хартанг шаҳарчасигача автобус қатнови йўлга қўйилган. Туристлар учун Имом Бухорий мажмуасида барча қулайликлар, текин «Wi-Fi» ҳудудлари ташкил этилган, обиданинг тарихи билан танишишлари учун ўзбек, рус, инглиз тилларида «Verum QR» коди ўрнатилган.
Хайрулло ҲАМРО
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.