Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ЎЗБЕКИСТОН – КЕЛАЖАГИ БУЮК ДАВЛАТ

Аллоҳ! Ўзинг асра Ўзбекистонни,
Шодлиг-у бахтга кон ҳур гулистонни.
Назар ташла унга қайта ва қайта,
Мудом инъом этгин шуҳратни, шонни.
Эътибор МАҲМУДОВА

Дунёда халқлар кўп, мамлакатлар. Лекин бизнинг она юртимиз – Ўзбекистон яккаю ягона, у бизнинг Ватанимиз. Ватан ҳақида сўзлаш нақадар ёқимли ва ҳаяжонлидир. Аллоҳ томонидан тақдим этилган бу гўзал маскан менинг она юртимдир. Юртим, сен борсанки, менинг ўзбегим бор, сен борсанки, менинг ўзлигим бор, сени мадҳ этишдан ҳеч қачон чарчамайман. Унинг қайси гўшасини мадҳ этишга тил ожиз. Содда, меҳнатсевар, болажон халқимни, йилнинг тўрт фаслида ҳам гўзал ҳуснини, асрлар бўйи жаҳолатни, адолатсизликни кўтара олган ўзбек фарзандларини, ёки тонгда ёруғ юз билан туғилиб ўсган уйимни, маҳалламни ғурур билан баён этгим келади.
«Ватан — муқаддас даргоҳ», — дейди доно халқимиз. Бу сўз доимо қўшиқдек жарангдор, пўлатдек мустаҳкам, олмосдек жилоли, қуёш нуридек қайноқ ва ёқимли бўлиб қолишини истардим. Бунга бугунги ёшларнинг интилишлари, изланишлари ва Ватанга бўлган муҳаббат кундан-кунга ортиб бораётгани алоҳида ўрин тутади. Худди шу Муҳтарам Биринчи Президентимиз айтган сўзларининг яққол исботини кўрамиз: «Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт». Ҳа, Ўзбекистон келажаги — ёшлар қўлида.
Юртимизнинг гуллаб-яшнаши, барча соҳаларда қўлга киритаётган муваффақиятларимиз, истиқлол ғояларининг юксалиб бориши, албатта, тинчлик туфайли. Тинчлик тушунчаси, нияти, истаги бизнинг қон-қонимизга сингиб, кетган. Кексаларимиз нияти — тинчлик, оналаримиз тилаги — тинчлик, болаларимизнинг истаги ҳам тинчлик.
Бугун юртимизнинг ҳар бир фуқароси эркимизни, тинчлигимизни асраш нияти билан яшамоқда: новвойлари ризқ деб нон ёпмоқда, шоирлари эрк деб ғазал битмоқда, хонандаси «Ҳеч кимга бермаймиз сени, Ўзбекистон!» — деб куйламоқда. Чиндан ҳам, ҳеч кимга бермаймиз сени, Ўзбекистон!

Сабина АЛИМЖАНОВА,
34-умумтаълим мактабининг
8 «А»-синф ўқувчиси


Дата добавления: 21/04/2017 11:13;   Просмотров: 1610
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку