Мустақил давлатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов «Юксак маънавият — енгилмас куч» асарида она тилимизга нисбатан “Жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига тил орқали, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади. Она тили — бу миллатнинг руҳидир» — дея юксак таъриф берган эди. Дарҳақиқат, Яратганнинг инсонга берган бебаҳо неъматлари ичида энг аълоси тилдир. Лекин унга миллатларни бир-биридан ажратиб турувчи сифат, дея таъриф берилса-да, айнан ана шу тилнинг ўзи инсонларнинг ўзаро алоқа воситаси бўлиб хизмат ҳам қилади.
Ер юзида жуда кўп давлатлар бор ва ҳар бир халққа ўз тили азиз ва ардоқли. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг ҳам ўз давлат тили бор. Бу ҳақда Республикамиз Конституциясининг 4-моддасида шундай дейилган: “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир”. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни 1989 йил 21 октябрда қабул қилинган. Шу даврдан бошлаб ҳар йили бу тарихий кун тил байрами сифатида нишонлаб келинмоқда.
Дунёда 6 мингдан зиёд тил ва диалектлар мавжуд бўлиб, шундан фақатгина юзга яқини давлат тили мақомига эга. Уларнинг орасида она тилимизнинг ҳам ўрин эгаллаганлиги алоҳида ифтихор туйғусини уйғотади. Ҳақиқатан, ўзбек тили дунёнинг энг қадимий ва бой тилларидан биридир. Бу тилнинг беқиёс имкониятлари қадимий тошбитикларда, халқимизнинг замонлар синовидан ўтиб келаётган мақол ва ҳикматли сўзлари, бетакрор иборалари, қўшиғу достонларида, ижодкорлар асарларида яққол намоён бўлган. Лекин, муболағасиз айтиш мумкинки, юртимиз мустақилликка эришгач, она тилимиз тараққиётида илгари ҳеч кўрилмаган янги давр бошланди. Ўзбек тилининг қўлланиш доираси амалда ниҳоятда кенгайди. Уни илмий асосда ривожлантиришга қаратилган тадқиқотлар, ўзбек тилининг ўзига хос хусусиятларига бағишланган бир қатор илмий ва оммабоп китоблар, ўқув қўлланмалар, янги луғатлар чоп этилди.
Ҳа, она тилимизнинг имкониятларидан кенг фойдаланяпмиз, унинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва нуфузи ошди, энг замонавий соҳа ва тармоқларда уни фаол қўллаш борасида эътиборга молик ишлар қилинмоқда, ёшларимиз она тилимиздан баҳраманд бўлиб вояга етмоқда, ўз тили орқали ўзини, ўзлигини бутун дунёга танитмоқда. Лекин ёш авлод истибдод замонида она тилимиз нуфузи пасайиб, хизмат доираси торайиб, ҳукмрон тил соясида қолиб кетганини билмасликлари эҳтимолдан холи эмас. Мустабид тузум даврида айрим юртдошларимизнинг ўз юрти тили қолиб ўзга тилда гапириши, ёзишга мажбур бўлишгани ёхуд шуни маъқул кўришганини кексаларимиз афсус билан эслашса керак. Хорижликлар ўзбекчада бинойидек, ширин гаплашганлари ҳолда ўзимизнинг айрим кишиларимиз, ҳатто зиёлиларимиз ўзбек тилида гапиришни исташмагани яққол сезилиб турарди. Яхшиямки, бахтимизга истиқлолга эришиб, тилимизнинг таназуллга юз тутиши сақлаб қолинди.
Ўзбек тилини ривожлантириш халқимиз ва ёшлар онгида миллий ўзликни англаш, ўз Ватани билан фахрланиш туйғуларини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади. Тил халқнинг маънавият кўзгуси, тафаккур хазинаси маҳсулидир. Биринчи галда она тилимиз орқали миллий қадриятларимизни англаб етамиз. Демак, давлат тилига ҳурматда бўлиш, унинг бой имкониятларидан фойдаланиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз бўлиши шарт.
Х.НУР
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.