Ишдан ҳорғин қайтдим. Ҳар кунги одатимга кўра радионинг мурватини бураган эдим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Оғабек Собиров ғазал мулкининг султони Алишер Навоий қаламига мансуб "Хоразм сегоҳи" ашуласини куйлаётган экан. Ашулани бутун вужудим билан тингладим. Чарчоғим босилиб, кайфиятим кўтарилди. Кетидан "Талқини наво" ашуласи ижро этилди. Бу ашулаларни тинглаб, ўзимга маънавий озуқа олиш билан бирга, танамда куч-қувват ҳам пайдо бўлди.
Дарҳақиқат Хоразм мақомлари, куйлари ўзининг ўйноқилиги, сержилолиги, жозибадорлиги билан ажралиб туради. Хусусан "Фарёд", "Нақш", "Ораз", "Хоразм дугоҳи", "Она сувора" каби ашулаларни эшитган ҳар бир киши ўзини ниҳоятда тетик, бардам ва дарддан фориғ сезади. Қўшиқ дилга қувноқлик, руҳиятга тетиклик, қалбга рўшнолик, онгга маънавий озуқа ато этганини теран ҳис этади. Хоразм мақомларида инсоннинг нозик ҳис-туйғулари, табиатнинг мўъжизакор гўзаллиги, одамийлик, маҳбуба латофати, севгининг лаззати, устуворлиги, лутфкорлиги мужассамланади.
Хоразм мақомлари ўзига хос хусусиятга эга бўлиб, жуда қадим замонлардан оғиздан-оғизга, устоздан-шогирдга маънавий мерос сифатида кўчиб, ривожланиб, сайқал топиб, такомиллашиб, бизнинг давримизгача етиб келган. Уларда ҳам Бухоро шашмақоми каби чолғу ва айтим йўллари мавжуддир. Хоразм мақомларининг усуллари ва куй-оҳанглари "Шашмақом"га жуда яқин, аммо улар маҳаллий услубда ижро этилиши билан фарқ қилиб туради.
Хоразм мақомлари муайян тизимдаги шаклда ХIХ асрнинг биринчи ярмида қарор топган бўлиб, бу туркум Бухоро мақомлари каби асосан олти мақомдан - "Рост", "Бузрук", Наво", "Дугоҳ", "Сегоҳ", "Ироқ" кабилардан иборат.
Машҳур ва истеъдодли хоразмлик мусиқачилар "Шашмақом" таркибига "Панжгоҳ" номли еттинчи мақомни кашф этиб, уни "Шашмақом" таркибига қўшганлар. Етти мақом фақат чолғу йўлларидагина иборат бўлган.
Маълумки , Урганчда Хоразм мақом маркази ташкил этилган. Бунга унча ҳам кўп фурсат бўлгани йўқ. "Хоразм мақом маркази"га иқтидорли ҳофизлар ака-ука Ғафуржон ва Ғуломжон Эшжоновлар раҳбарлик қилишмоқда. Ансамблнинг мусиқа раҳбари Ғанижон Ниёзматов ҳисобланади.
Мақом маркази аъзолари доимо ижодий изланишда. Улар Хоразм мақомларининг унутилиб кетган айрим йўлларини қайта тикламоқда.
Ҳозирча "Панжгоҳ" мақомидаги тўққизта тарона аниқланди. Улардан бештасига ғазаллар битилиб, мақом ижрочилари ҳукмига ҳавола этилди. Яна қолган тароналари устида ижодий иш олиб борилмоқда. Албатта бу жараён осон кечгани йўқ. 2002 йили танбур нота чизиғининг 168 бетдан иборат яна бир нусхаси мавжудлиги маълум бўлди. Бу ноёб нусханинг қачон ва ким томонидан тузилгани номаълум. Унинг ҳар бир бетида икки-уч қатор ашула йўллари хатга туширилган.Биз ана шуларни таҳлил қилиб, ўрганиб, янги ижодлар устида иш олиб боряпмиз, - дейди хоразмлик бастакор Бозорбой Ўринбоев "Навозанда" кўрсатуви орқали ўз интрвьюсида.
Ҳа, Хоразм мусиқаси ўзининг ижро усули, ритми, куйчанлиги, оҳангдорлиги, шўхчанлиги, жонлилиги билан ажралиб туради. "Лазги"ни кўз олдингизга келтиринг, қандай жўшқин, қандай жозибали куй. Бундан ташқари, Хоразмдаги машҳур айтишувлар, суворалар,ферузлар, танимақомларни бошқа ҳеч қаерда кўрмайсиз. Тилга олинган бу мусиқий асарлар қадим-қадим замонлардан машҳур уста ҳофизу созандалар томонидан ижро қилиб келинмоқда.
Ҳар бир авлод халқ мусиқаси дурдоналарини ўз даврининг илғор анъаналари билан бойитган, унга сайқал-наво ва қочиримлар берган, кенгайтирган. Бу борада хоразмлик мақом усталарининг хизматлари беқиёс бўлган. Жумладан, Фолли Дўзчи, Матёқуб Позачи, Қаландар Дўлмас, Бобожон Бўломончи, Матёқуб Харрот (у олти ярим мақомнинг чертим йўлларини мукаммал билган), Худойберди Муҳркан, Ёқуб Доричи, Аваз Доричи, Матпано ота Худойберганов, Абдулла Гулобий, Худойберди Махсум, Собир Махсум, Собир Маҳрам, Отажон Сўта, Матҳасан Бобо, Ҳожихон Болтаев, Комилжон Отаниёзов, Сафо Муғанний, Пошшахон Матжонова, Анабиби Қори, Анаш опа каби машҳур созанда ва хонандалар Хоразм мақомларини сайқаллаштиришда ўз ҳиссаларини қўшган.
"Лазги" асари қадимги илоҳий рақс ҳисобланган. Бу куй рақсда инсоннинг тирилиши ифодаланган. Халқимизнинг севимли бастакори, оташнафас хонандаси Комилжон Отаниёзов шоир Комил Хоразмийнинг "Кимни севар ёрисан?" матласи билан бошланадиган қўшиғи "Лазги" тарихида янги саҳифа очди. Бу эса Ортиқ Отажонов, Бобомурод Ҳамдамов, Отажон Худойшукуров, Раҳматжон Қурбонов, Олмахон Ҳаитова, Ўктам Ахмедов, Каримбой Раҳмонов ва бошқаларнинг "Лазги" йўлларига асос бўлиб хизмат қилди.
Иқтидорли хонанда, атоқли бастакор Матниёз Юсупов ўша даврдаги сарой созандаларининг мусиқаларини ёдига сақлаб қолган отахон Матпано Худойберганов билан суҳбат асносида унинг хотира-эсдаликларини ёзиб олади ва шулар асосида ўзига хос Хоразм мақомлари тўғрисидаги маълумотларни жамлаб, 1990 йилда "Хоразм мақомлари" деб номланувчи китобни нашр эттирди.
Хуллас, Хоразм мақомлари ўзининг теран куйчанлиги, шинавандалар қалбини ларзага келтирувчи жозибадорлиги билан барча халқлар қалбидан чуқур ўрин олган.
Олимжон Ғафуров,
мусиқашунос
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.