Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

«ЁВВОЙИ» ТУРКУМИДАГИ АШУЛАЛАР

Таҳририятдан
Олимжон Ғафуров газетамизнинг энг фаол ва жамоатчи муаллифларидан ҳисобланади. У санъат-маданиятга оид мақола ва лавҳалар ёзиш билан бирга, унинг ривожланишига ҳам муносиб ҳисса қўшган. Негаки, О.Ғафуров 40 йилдан кўпроқ умрини ёш авлод таълим-тарбиясига бағишлади. У ўқувчиларга мусиқадан сабоқ бериб, соҳа сир-асрорларини уларга ўргатди. Бундан ташқари санъатшунос сифатида бир нечта китоблар ҳам ёзган бўлиб, уларни ўқувчилар севиб мутолаа қилаётирлар. Яқинда О.Ғафуров Халқаро «ANTIQVE WORLD» илмий академиясининг «Профессор» кўкрак нишони ва дипломи билан тақдирланди. Таҳририятимиз жамоаси Олимжон Ғофуровни илмий унвон билан муборакбод этар экан, унинг келгуси ишларига омадлар тилайди.

Биз тарих, география, зоология каби фанларга оид адабиётларни варақлар эканмиз «ёввойи» термини қўшилиб ёзилган сўзларни кўплаб учратамиз.Масалан «ёввойи» терминларни мақомот, шашмақом санъатида ҳам кузатамиз. «Ёввойи тановор», «Ёввойи ушшоқ» каби мусиқий атамаларни радио ва телевидиние орқали кўп марта эшитганмиз ҳамда истеъдодли санъаткорлар ижросида тинглаб завқланганмиз, маънавий озиқ олганмиз. «Ёввойи сўзи кўшилиб келган бу мумтоз қўшиқлар чўли-биёбонларда ёки дашту-саҳроларда ижро этилар экан-да», деган фикрга борган бўлсангиз хато қиласиз. Бунга ўхшаш мусиқий асарлар бирон қатъий ритмда асосланиб ёки лад асосида ижро этилмай, ўз йўналишида эркин ижро этилади. Ана шу жиҳатлари билан бошқа, мумтоз асарлардан фарқ килиб туради. Бундай дилрабо, хушнаво, дилкаш мумтоз наволар бир неча асрлардан буён санъат ихлосмадларининг қалбини оҳанрабодек забт этиб келмоқда.
«Ёввойи» мусиқий асарлар мумтоз ашулалар сирасидаги наволар ҳисобланиб, улар жуда ҳам эркин ва озод ижро этилади. Шунинг учун ҳам қўшиқ шинавандаларнинг тилига тез тушади. Бундай ҳолатни биз шеъриятдаги эркин вазндаги шеърий асарларга қиёслашимиз мумкин. Эркин шеърда яхлит бир вазн ва текисда такрорланувчи ритм бўлмасдан, шеърнинг мазмуни ва оҳангининг талаби билан мисралардаги ҳижолар сони ва туроқларга бўлиниши ҳар хил бўлади. Бу ҳол фикрни янада теранроқ идрок этишда муҳим вазифани ижро этади.
«Ёввойи» мусиқий асарларда оҳанглар, доира зарблари эркин ҳолатда бўлади. «Ёввойи» ашўлаларда музмун талаби билан туроқлар тартиби эркин равишда ўзгариб туриши мумкин. Уларнинг оҳангларида куйчанлик хусусияти ортади, шеърий мазмуни эса ижро вазиятларига бевосита боғлиқ бўлмай, маълум мавзу эркинлигига эгадир. Бунга Фарғона-Тошкент мусиқа услубининг ўзига хос хусусиятларидан бири бўлган катта ашула ҳам мисол бўла олади. Бу турдаги ашулалар ривожланган куйларга эга бўлиб, одатда, эркин ритм-ўлчов асосида бадиҳавийлик хусусиятлари билан куйланади. Бунда жўрнавоз чолғулар қўлланилмайди. Балки, ҳофизлар қўлларида ижро пайтида патнис ёки ликоб ушлаб турадилар. Шунинг учун ҳам бу жанр «патнисаки ашула», «ликоби ашула» деб номланади.
Кейинги йилларда айрим катта ашулаларни чолғулар жўрлигида ижро этиш амалиёти ҳам қўлланила бошлади. Бунга «Эй дилбари жоним», «Меҳнат аҳли», «Ўзбекистон» каби катта ашулалар мисол бўла олади.
Ҳозирги кунда санъат соҳасида кенг фаолият кўрсатиб келаётган машҳур ҳофизларимиз «Ёввойи тановор», «Ёввойи чоргоҳ», «Ёввойи ушоқ», ҳамда катта ашула намуналарни маҳорат билан ижро этиб келмоқдалар.

Олимжон ҒАФУРОВ,
санъатшунос


Последнее редактирование: 25/05/2018 15:39;   Просмотров: 1334
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку