Сиёсий - ҲуҚуҚий тадбирлар
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман Кенгаши ёшларни мамлакатда амалга оширилаётган демократик, сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, жамиятда тинчлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, Ўзбекистонни жаҳоннинг ривожланган мамлакатлари қаторига кириши жадаллаштириш, жалб қилиш ҳамда ёш авлоднинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини самаралари ҳимоя қилишни таъминлаш, йигит-қизларнинг маънавий ва касбий савиясини юксалтириш, уларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш каби мақсадларни ўз олдига қўйган бўлиб, ёшларда ташаббускорлик ва эркин фикрлаш, жамият ҳаётига фаол иштирок этиш ҳиссини шакллантириш, уларнинг ташаббусларини амалга татбиқ қилиш, ижодий ва ижтимоий фаолиятини оширишга қаратилган қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда
Бугунги кунда туман Кенгашининг корхона, ташкилот ва муассасалардаги бошланғич ташкилотларининг сони 105 тани ташкил этади. Шундан умумий ўрта таълим мактабларида 54 та, ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларида 5 та, корхона, ташкилот ва муассасаларда 46 та бошланғич ташкилотларимиз фаолият кўрсатмоқда.
Ёшларнинг ҳуқуқий маданияти ва онгини юксалтириш, ёш авлодда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига ҳурмат ҳиссини мустаҳкамлаш, ёшлар томонидан ўз фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларини англашлари учун ўтган йили давомида кўплаб тадбирлар тарғибот ишлари, давра суҳбатлари ташкил этилган бўлиб, уларга жами 9276 нафар ёшлар жалб қилинди.
Ёшларнинг мамлакат миқёсидаги сиёсий жараёнларга мустақил ва онгли муносабатини шакллантириш, мамлакатни модернизация қилиш борасида амалга оширилаётган сиёсий ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини ёшлар онгига чуқур сингдириш, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, қонунларга ҳурмат ҳиссини тарбиялаш, фаол фуқаролик позициясини мустаҳкамлаш мақсадида "Ҳуқуқ билимдонлари" республика танловининг мактаб ва ҳудудий босқичлари танловида 265 нафар ўқувчи-ёшлар қамраб олинди.
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши Халқ таълими бўлими билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Кониституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллигини муносиб қарши олиш мақсадида 2-умумий ўрта таълим мактабида "Ўзбекистон Республикаси Конституцияси - жамият тараққиётининг мустаҳкам пойдевори" шиори остида "Ўз ҳуқуқингни англа" мавзусида ёшлар орасида дебат-мунозара усулида давра суҳбати ташкил қилинди.
Унда ёшлар қалбида қонунга ҳурмат, Ватанга меҳр ва садоқат туйғусини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишга хизмат қилиб келаётгани таъкидланди. Шу билан бирга, декабрь ойида туман Кенгаши фаоллар залида касб-ҳунар коллеж ўқувчилари иштирокида "Конституция ва ёшлар" кўрик-танловида 40 нафар ёшлар иштирок этишди.
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши жиноий ишлар бўйича туман суди билан ёшлар масалалари соҳасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Мазкур меморандумга асосан бугунги кунда ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, мамлакатни модернизация қилиш борасида амалга оширилаётган сиёсий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ёшлар онгига чуқур сингдирилди.
Ўтган давр давомида 17 маротаба "Суд ва ёшлар" учрашувлари ўтказилиб, 690 нафардан зиёд ўқувчи ва маҳаллалардаги уюшмаган ёшлар қамраб олинди. Адашиб жиноят йўлига кириб қолган 10 нафар ёш ўғил-қизларни туман Кенгаши ўз кафиллигига олиб, суд залидан озод этиб, ўз оиласи ва яқинлари бағрига қайтишга яқиндан кўмак берди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 8 июлдаги "Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ҳамда одам савдосига қарши курашиш бўйича туман идоралараро комиссиясининг мажлис баёнлари ва иш режасида белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида умумий ўрта таълим мактаблари, касб-ҳунар коллежларида ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинларида "Одам савдоси - давр муаммоси" шиори остида 28 маротаба тарғибот тадбирлари ўтказилиб, унда 2240 нафардан зиёд ёшлар қатнашдилар.
Ёшларни давлат ҳокимияти органлари тизими ва фаолияти билан яқиндан таништириш мақсадида тўрт маротаба "Ҳоким ва ёшлар" учрашувлари ташкил этилди.
Шунингдек, туман Ёшлар иттифоқи томонидан ўтган йилнинг 5 ойи давомида умумий ўрта таълим мактаблари, касб-ҳунар коллежларида ҳамда маҳаллаларда "Вояга етмаганлар орасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш", "Вояга етмаганлар ўртасида эрта никоҳнинг олдини олиш", "Вайронкор ғояларга қўшилишнинг олдини олиш" мавзуларида 44 маротаба давра суҳбатлари, 18 маротаба спорт мусобақалари, ҳамкор ташкилотлар билан ҳар ҳафта "Ўқувчи рейд"лари ҳамда тарғибот ишлари олиб борилиб, мазкур тадбирларда жами 12 540 нафар ёшлар қатнашдилар.
Гулобод қўрғонида умумтаълим мактабларининг юқори 8-10 синф ўқувчилар иштирокидаги "Ёш марафончилар" мусобақасида 65 нафар ўқувчи-ёшлар иштирок этишди. Туман мудофаа ишлари бўлими туман тиббиёт бирлашмаси, касб-ҳунар коллежлари маъмурияти билан ҳамкорликда "Бургут" ҳарбий спорт мусобақасининг туман босқичи ўтказилди. Ушбу мусобақада 4 та касб-ҳунар коллежлари жамоалари иштирок этишди.
Шунингдек, тумандаги 1-мактабда ўтказилган "Ёш қутқарувчилар" мусобақасида 1,2,4, 10,11, 12, 31,39-мактаблар, "Темурбеклар" ҳарбий спорт мусобақасида 10, 11, 12, 17, 37-мактаб жамоалари қатнашдилар.
МАЪНАВИЙ-МАЪРИФИЙ ИШЛАР
Ёшларнинг ижтимоий-маънавий билимларини янада мустаҳкамлаш ва амалий кўникмаларини ривожлантириш, иқтидорли ёшларни аниқлаш, жамият ҳаётидаги ижтимоий фаоллигини ошириш, ёшларнинг дунёқараши ва фикрлаш доирасини кенгайтириш ҳамда ёшларни Ватан, халқ, миллий қадриятлар, тарихий-маънавий меросга ҳурмат ва садоқатли қилиб тарбиялаш ва ўз иқтидорларини намойиш этиш учун имконият яратиш ҳамда китоб ўқишга бўлган қизиқишларини янада ошириш мақсадида умумий ўрта таълим ва касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчи-ёшлари ҳамда маҳаллалардаги уюшмаган ёшлари ўртасида "Зукко китобхон" интеллектуал ўйини ўтказилди. Унда 80 нафардан зиёд ёшлар қатнашдилар.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 майдаги "Буюк алломалар, адиб ва мутафаккирларимиз ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида ёшлар ўртасида китобхонлик танловини ташкил этиш тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида буюк адиб ва мутафаккирларимизнинг нодир мероси, ибратли ҳаёти ва ижтимоий фаолиятини ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва тарғиб этиш, ёшларимизни ўзликни англаш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, улар ўртасида китобхонлик маданиятини кенг оммалаштиришга қаратилган "Ёш китобхон" танлови уч ёш тоифасида йўриқнома асосида ташкил этилди.
20-30 ёш тоифаси бўйича 1-ўринни Истода Искандарова, 2-ўринни Садоқат Фозилова, 15-19 ёш тоифаси бўйича 1-ўринни Нафиса Файзуллаева, 2-ўринни Абдулло Рустамжонов, 10-14 ёш тоифаси бўйича 1-ўринни Нигина Нарзиқулова, 2-ўринни Сабина Ашрапова, 3-ўринни Сабина Ярашовалар эгалладилар.
Ёшларни адабиётга бўлган қизиқишларини ошириш ҳамда китобхонлик маданиятини ошириш мақсадида тумандаги 44-умумий ўрта таълим мактабида "Самарқанд шеър оқшомлари" адабий-бадиий кечаси ва "Китоблар кўргазмаси" ташкил этилди.
Шунингдек, Гулобод ижтимоий-иқтисодий коллежида навқирон авлод қалбида Ватанга муҳаббат, миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат туйғуларини мустаҳкам қарор топтиришда буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг "Қуш тили" асаридан саҳнани Самарқанд Давлат архитектура ва қурилиш институти талабалари ижро этишди. Заҳириддин Бобур шеъриятидан шеърлар ўқишди. 44 ва 52-мактабларда "Китоб кўргазмаси", имконияти чекланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож, чин етимларни маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида 15 нафар ўғил-қизлар Республика ёшлар Маркази туман бўлимида ташкил этилган тикувчилик, инглиз тили, спортнинг "Карате" тури бўйича бепул тўгаракларга аъзо қилинди.
1 июнь - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан "Маржон" базмгоҳида ёшлар учун ёзилган дастурхон ва байрамда болаларга ногиронлик аравачалари топширилди. 130 нафар имконияти чекланган, боқувчисини йўқотган ёшлар, кам таъминланган ёш оилалар фарзандлари, шунингдек, ногирон, уйда таълим олувилар ҳолидан хабар олинди.
Шулар билан бир қаторда, 12-сон болалар ва мусиқа мактабида 150 нафар ёшлар иштирокида "Тенгдошимга эргашаман" давра суҳбати, 16-мактабда "Ёшлар куни" муносабати билан "Ёшлар - келажак бунёдкори" шиори остида ёшлар фестивали ташкил этилди.
"БИЗ - СОҒЛОМ ТУРМУШ ТАРАФДОРИМИЗ"
Тумандаги 12 ва 26-сон мусиқа ва санъат мактаблари доирасида доира ансамбли, дуторчи қизлар, тасвирий санъат кўргазмалари намойиш этилди.
Тумандаги намунавий оилаларни ёш оилалар билан учрашуви ташкил этилиб, улар Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Хотин-қизлар қўмитаси томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланди, ФХДЁ бўлимига ариза билан мурожаат қилган, шаръий никоҳдан ўтган оилаларни қонуний равишда никоҳ гувоҳномалари тантанали равишда топширилди.
Шу билан бирга, "Ёшлар - Ўзбекистон келажаги" шиори остида Мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ва мактаб ўқувчилари иштирокида асфальтга расм чизиш танлови ўтказилди. Танловда 135 нафар ёшлар иштирок этиб, ғолиблар эсдалик туҳфалари ва Фахрий ёрлиқлар билан тақдирланишди.
Фестиваль доирасида ёш фермер ва тадбиркорлар маҳсулотлари асосида "Савдо ва меҳнат ярмаркаси" ташкил этилди. Ярмаркада 592 нафар ёшлар қатнашишди. Фестивалнинг якунида галаконцертда Тошкентдан ташриф буюрган Азиз Раметов, Шавкат Комиловлар ўзларининг чиқишлари билан ҳаммани хушнуд этдилар.
Эндиликда ўзимизнинг истиқбол режаларимиз ва юқори ташкилотларнинг топшириқлари асосидаги ишларни янада авж олдиришимиз давр талаби.
Мадина Баратова,
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши раиси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.