Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ЁШ ШАШМАҚОМЧИЛАР САҲНАДА

Муҳтарам Юртбошимиз ташаббуси билан миллий санъатимиз тобора ривож топмоқда. Шаҳрисабзда бўлиб ўтган мақом анжумани ҳам фикримиз далилидир. Шуниси диққатга сазоворки, Самарқанддаги ихтисослаштирилган санъат мактаби ёш истеъдодларни камол топтириш ва тарбиялашда муносиб улуш қўшмоқда. Ушбу билим даргоҳида тажрибали устоз Ихтиёр Султонов раҳбарлигида "Дурдона шашмақом" ансамбли ташкил этилган.

Вилоят концерт залида ушбу ансамблнинг ҳисобот концерти бўлиб ўтди. Турсуной Жўраева, Жамол Ҳафизов, Баҳром Назаров, Насиба Холмуродова, Тохиржон Абдуназаров, Парвиз Абдуллаевларнинг чиқишлари томошабинларда илиқ таассурот қолдирди.
- Келгусида бизнинг орзуимиз улкан, - деди "Дурдона шашмақом" ансамбли бадиий раҳбари Ихтиёр Султонов. - Фақат вилоятимизда эмас, балки республикамиз ва ҳатто чет элларда ҳам ўз истеъдодимизни намойиш қилишдир. Дарвоқе, "Шашмақом" нинг асосчиларидан бири Хожи Абдулазиз Абдурасуловдир. Бизнинг олдимиздаги вазифа эса устознинг изидан бориш, бу соҳани ривожлантиришдир.
Дарҳақиқат, "Дурдона шашмақом" ансамблининг бадиий раҳбари Ихтиёр Султонов ҳақида икки оғиз сўз. У Тожикистондаги санъат институтида таҳсил олаётган пайтиданоқ истеъдодли устозларнинг этагини тутган. Неру Аминов, Барно Исҳоқова, Мастона Эргашева, Жўрабек Муродов ва бошқалар шулар жумласидандир. Ихтиёр Султонов Хуббим Ҳамдамов раҳбарлигидаги мазкур санъат мактабида ҳам ўз маҳоратини намоён этиб, "Дурдона шашмақом" ансамбли фаолиятини кенгайтириб келмоқда.

Баҳодир ЗОҲИР
Суратда "Дурдона шашмақом" ансамбли аъзолари


Последнее редактирование: 03/05/2019 14:33;   Просмотров: 1091
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку