Ражабамин маҳалласидаги уста Насрулло ҳожининг ўғиллари - ака-ука ёғоч ўймакор усталарнинг Афғонистоннинг Кобул шаҳридаги мадрасалар таъмирланишида қатнашиб, эъзоз топаётгани хусусида Ўзбекистон халқ устаси, машҳур ёғоч ўймакор уста Насрулло хожи Соҳибназаров суҳбат асносида икки ўғли Афғонистоннинг Кобул шаҳрида тарихий меъморий обидаларни таъмирлаётгани, тарихий мадраса ва масжидларга ёғоч ўймакорлик намуналаридаги эшик ва дарвозалар ясаб ўрнатишаётганини фахр билан гапириб берди.
- Ҳирот ва Кобул шаҳарларида темурий ҳукмдорлар солган мадраса ва масжид, работлар кўп ва бинолар ҳозирда эскириб, нураб қолмоқда,- деди Насрулло ака.- Шоҳруҳ Мирзо, Ҳусайн Бойқаро Мирзо, Абу Саид Мирзолар даврида қурилган меъморий обидалар Самарқанд мадрасаларидан, Регистондаги мадрасалардан андаза олгандек гўё. Дарвоқе, манбаларда зикр қилинишича, 1427 йили Шоҳруҳ Мирзонинг аёли, Хуросон маликаси Гавҳаршодбегим Самарқандга, ўғли Мирзо Улуғбек қурдирган Регистондаги Улуғбек мадрасасини кўргани, зиёрат этгани келганида мадрасага ҳаваси ортиб мадраса меъмори Қавомиддин Шерозийни Хуросонга таклиф қилади. Шу тариқа Гавҳаршодбегим Хиротда ва Кўҳсан қишлоғида катта мадраса қурдиргани тарихий манбаларда зикр этилган. Кобул шаҳрида Шоҳруҳ Мирзо даврида барпо этилган мадрасалар ҳам афғон халқининг мулки, кўзга суртиб эъзозлашади. Ўғилларим мадрасалардаги эски дарвоза ва эшиклар ўрнида шарқ меъморчилиги анъаналари асосида ёғоч ўймакорлик санъатини яратишибди. Мана, қўл теефонимизга мадрасалар, дарвоза ва эшиклар расмини жўнатишган. Бундан афғон халқи, пуштун ва урду, яна денг ўзбеклар ҳам қувониб, миннатдор бўлишмоқда, Самарқанд наққошлик санъатини ўрганишмоқда.
Фахр этмай бўладими, шу замин, қадим Самарқанд элининг, Ражабамин маҳалласи қўли гул уста йигитлари ҳунари, санъати бу! Қувондим, катта устанинг ўғиллари - Самад билан Санъатни таниганим, уларнинг усталик иш услуби ва маҳоратини билганим учун оталарини табрикладим. Фарзанди билан фахрланадиган оталарни боши омон бўлсин, дедим.
Қарангки, Афғон тупроғида ободлик ва бунёдкорлик ишлари бажарилаяптики, бунда Ўзбекистон диёри, Самарқандлик ака-ука ва уларнинг яна икки нафар шогирди меҳнатини Афғонистон ҳукумати раҳбарлари тақдирлаб, иш шароити яратиб бераётгани, хусусан давлат раҳбари Муҳаммад Ашраф Ғани жанобларининг Ўзбекистонга ҳурмати намунаси бўлмоқда. Ашраф Ғани ўтган йили Бухоро давлат университетининг фахрий доктори этиб сайланган, ул зотга давлатимиз раҳбари эҳтиром кўрсатгани икки қардош халқ, қардош мамлакат дўстлигининг мустаҳкам ифодасидир.
- Мен шогирд укаларим Самадилло билан Санъатнинг афғон элида Самарқанд наққошлик санъати намуналарини яратиб, мадраса ва мақбараларни асл ҳолича таъмирланишида қатнашаётганидан юрагим фахрга тўлди, иш маҳсулини видео тасвирда юбориб маслаҳат олаётгани, нақшлар жилолари, устунлар бошидаги муқарнас санъати - бир мўъжиза, - дейди санъатшунос, "Эл -юрт ҳурмати" ордени соҳиби Жўрахон Иноятов.- Ахир, Афғонистон қўшни дўст ва биродар давлат, бу мамлакат билан яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва ёрдам бериш тамойили асосида дўстлик, ҳамкорлик ришталари мустаҳкам боғланаяпти. Термиз шаҳрида Афғонистон қизлари мактаб ва олий ўқув юртларида ўқиётир. Бухоро давлат тиббиёт институтида афғон йиғит-қизлари таҳсил олишмоқда. Шундай яхши қўшничилик ифодаси бўлдики, бизнинг наққош, кошинкор, ёғоч ўймакор усталаримиз санъати афғон элига, раҳбариятига манзур бўлмоқда. Бундан фақат қувонмоқ, ҳавас қилмоқ керак.
Уста Насрулло аканинг хонадони, ҳовлиси қут-баракага тўлуғ, бу ерда ўн беш нафар ёш йигитлар нақшли эшик, дарвозалар ясамоқда, ҳошиядор чорпоя тайёрламоқда. Уч маҳал иссиқ овқат, етарли шароит яратилган. Улар орасида туман ёшлари, водийлик устазодалар ҳам борлар. Улар катта устанинг, уста Самаднинг, уста Санъатнинг шогирдлари. Кобул шаҳридан туриб қўл телефони орқали қоғозга чизаётган нақш ўймакорлик намуналарини устозларига юбориб, кўрсатиб, маслаҳат олаётган ва катта усталар этагини тутиб қадим шарқ санъати намуналарини ўрганаётган устазодалар меҳнатига ҳавас қилдик. Зеро, мустақиллик тенгсиз олий неъмат, у ижод, илҳом манбаи. Етмиш етти ёшга бораётган Насрулло ҳожининг санъати ўлмайди, боқийдир.
Убай ҚОДИР, журналист
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.