Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ЯНГИБОҒДА ЯНГИ МАКТАБ

Янгибоғ маҳалласи гарчи Янгижой МФЙ таркибида бўлсада, икки маҳалла оралиғидаги масофа қарийб 8 километрни ташкил этади. 19-умумтаълим мактаби эса Янгижой маҳалласида жойлашган бўлиб, табиийки Янгибоғлик ўқувчилар ҳам шу билим масканига қатнаб ўқийдилар.

Йўлнинг узоқлиги, айниқса бошланғич синф ўқувчиларига қишнинг совуғию, ёзнинг жазирамасида анча қийинчиликлар туғдирарди. Шунинг учун ҳам Янгибоғ маҳалласидаги 65 нафардан зиёд бошланғич синф ўқувчилари маҳалладаги собиқ эски болалар боғчаси, пахса деворли бинода жойлашган иккита синфда таълим-тарбия олишарди. Кейинги вақтларда бино ҳолати ниҳоятда харобалашиб, ночор аҳволга келиб қолганлиги боис, нафақат ўқувчиларга қийин бўлган эди, балки уларга сабоқ бераётган ўқитувчилар ҳам «юрак ҳовучлаб» дарс ўтишарди. Туман ҳокими Ш. Жамолов «Йўл харитаси» бўйича ўзи раҳбар бўлган 1-сектор ҳудудидаги ушбу маҳаллага ташриф буюрганда бу аҳволни кўриб, тезда уни бартараф этиш чора-тадбирларини белгилади. Натижада эса қисқа муддат, яъни бир ярим ой ичида маҳалладаги қурилиши чала ётган бино қайтадан таъмирланиб, иккита замонавий шинам синфхона барпо этилди. Айни пайтда янги ўқув жиҳозлари ва кўргазмали воситалар билан таъминланган мазкур мактабда кичкинтой ўқувчилар қишқи таътилдан сўнг, учинчи чорак ўқишларини бошлаб юборишди. Албатта, бундан уларнинг қувончи ниҳоятда чексиз. Барча ота-оналар қатори жажжи кичкинтойлар ҳам бу эътибор учун ҳокимбобога катта раҳмат айтишди.
- Илгариги раҳбарларга ҳам бу масалада бир неча бор мурожаат этган эдик, - дейди маҳалла нуронийси, 93 ёшли Равшанбобо Қараев.
- Аммо, сансалорликдан бошқа ҳеч нима ўзгармади. Барака топсин бу ҳоким, мана ўзи келиб, муаммомизни жойида ҳал этиб берди. Бундан ташқари тугатилган собиқ ҚВП биносини ҳам қайтадан таъмирлаттирди. Айни вақтда аҳолимиз «Тез тиббий ёрдам» хизматидан ҳам баҳраманд бўлмоқдалар. Шунингдек, янги маҳалла маркази қурилиши ҳам жадал суръатларда олиб бориляпти. Халқ манфаатларини ўйлайдиган бундай раҳбарларни доимо дуо қиламиз, соғ-омон бўлишсин.
Ҳа, мухтасар қилиб айтганда, Юртбошимизни барча раҳбарларга қарата «Халқнинг ичига кириб боринглар, халққа хизмат қилинглар, уларнинг ишончини қозонинглар», деган чақириқлари ҳаётда бугун ўз амалий ифодасини топмоқда ва раҳбарлар фаолиятига халқнинг ўзи холис баҳо бераяпти.

Тошпўлат ЮСУПОВ


Последнее редактирование: 22/01/2018 12:41;   Просмотров: 1494
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку