Истиқлол йилларида миллий ва маънавий қадриятларимизни тиклаш, ўрганиш ва тарғиб этиш, маданий ёдгорликлар, муқаддас қадамжоларни асраб-авайлаш, уларни асл қиёфасига мос тарзда белгиланган меъморий талаблар асосида қайта таъмирлаш бўйича кенг кўламли ишлар бажарилди ва айни пайтда ҳам бу эзгу ишлар изчил давом этмоқда.
Кўҳна тарихимиз, бой маданий меросимиз, юртимизнинг бугунги ҳаётини элимизга, хусусан ёш авлодга, шу билан бирга, хорижий мамлакатларга тарғиб этиш давр тақозосидир. Шунинг учун Хожа Аҳрори Валий, Нодир Девонбеги, Хожа Абду Берун кабиларнинг мақбара ёхуд қадамжолари бугунги кунда зиёратгоҳга айланди.
Қайд этиш лозимки, Марказий Осиё ва Мовароуннаҳрни кўплаб диний ҳамда дунёвий илм пешволарини чиқарган диёр десак, ҳақиқатни айтган бўламиз. VII асрнинг охири ва VIII асрнинг бошларида Саудия Арабистонидан ислом динини тарғиб этиш мақсади билан ташриф буюрган зоти шариф Хожа Абду Берун Муҳаммад Ёқуб ҳазратлари ҳам шулар жумласидан.
Бу зотнинг насл-насаблари чорёрлардан бўлмиш III халифа Умар ибн Аффон (р.а.)га бориб тақалади. Ул муҳтарам зотнинг машҳур ўғиллари Хожа Абду Дарун, яъни Хўжа Мўъзиддин ҳазратлари Самарқанд ҳукмдорига кўп йиллар қозикалон вазифасида фаолият кўрсатган.
Ўзбекистон Мусулмонлар идораси Самарқанд вилояти вакиллиги тасарруфида фаолият юргизаётган Хожа Абду Берун жомеъ масжиди туманимизнинг Сари Мазор маҳалласида жойлашган, ёдгорлик биносининг ўлчами бўйига 8х8, энига 6х6 м. бўлиб, таҳоратхоналарга ҳам эга.
Бино қурилмасининг пойдевори ва деворлари пишиқ ғиштдан, том ёпилмаси гумбаз, икки қаватли ёруғлик тушадиган панжара, қибла томонда ўз меҳробига эга. Эшик-ромлари ўймакор нақшлар солинган ёғочдан. Ички ва ташқи девор 1059 йилда термос усулида қурилган.
Мустақиллик шарофати билан ёдгорликнинг устки қисми таъмирланди. Гумбазли қубба ўрнатилди. Ташқи кўринишининг керакли жойларидаги кошинларда Қуръон оятлари ёзилган, том қисми тунука билан ёпилди.
Масжид биноси тарихий обида саналганлиги учун ундаги қурилиш ва таъмирлаш ишлари фақатгина тегишли ташкилотнинг рухсати билан амалга оширилади. Хўжа Абду Берун масжиди ва хонақоҳи XI асрда Султон Санжар Мозий томонидан бунёд этилган бўлиб, Амир Темур ҳамда темурий шаҳзодалар томонидан ўз даврида масжидда бир неча марта таъмирлаш ишлари олиб борилган.
Масжид атрофи тозалиги-ободончилигига ҳамиша эътибор қаратилган Наврўз арафасида Ўзбе-кистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгашининг лойиҳаси асосида туманимиз партия бўғини томонидан “Тарихдан садо берувчи обод гўшалар!” шиори остида ёшлар акциясини ўтказади.
Бир сўз билан айтганда, диний бағрикенглик, виждон эркинлиги миллий қадриятлар тантанаси бутун мамлакатимизда ҳукм сурмоқда.
Лутфулло
ИБОДУЛЛАЕВ,
масжид имом-хатиби
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.