Мудофаа ишлари бўйича туман бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи Санжар Тўраев билан суҳбат
Конституциямиз қабул қилинганлигининг 26 йиллик байрами кенг нишонлаганидан сўнг, эндиликда тобора яқинлашиб келаётган яна бир шонли айём - Қуролли Кучларимизнинг 27 йиллиги, миллий армиямиз ташкил топганлиги тарихи, уни янада такомиллаштириш йўлида мустақиллик йилларида амалга оширилган ва ҳозирда ҳам изчил давом эттирилаётган ислоҳотлар ҳақида фикр юритишимиз табиий, албатта. Хўш, Қуролли Кучларимиз тарихи нимадан бошланган эди? Биз ана шу саволга жавоб топиш учун туман мудофаа ишлари бўлиши бошлиғи вазифасини бажарувчи Санжар ТЎРАЕВга мурожаат қилдик.
- Ўтган асрнинг 90-йиллари бошида содир бўлган икки асосий тарихий воқеани ёдга олайлик, - деди суҳбатдошимиз Санжар Равшанбекович Тўраев, - биринчи, 1991 йил 1-сентябрь - Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги эълон қилинган кун ва иккинчи тарихий сана 1992 йил 14 январь - мамлакатимиз Қуролли Кучларига асос солинган кун. Ушбу икки сананинг бир-бирига тарихан яқинлиги катта сиёсий маънога эга. Таъкидлаш жоизки, Қуролли Кучларимиз мустақиллик туфайли дунёга келганлиги, мустақиллигимизга хизмат қилиш ва уни ҳар қандай хавф, таҳдид ва тажовузлардан ҳимоя қилишдан далолат беради. Шу мақсадда 1992 йилнинг 3 июлида "Мудофаа тўғрисида", "Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида", "Муқобил хизмат тўғрисида"ги қонунлар қабул қилинди, ҳарбий қасамёднинг янги матни тасдиқланди. 1992 йилнинг 8 декабрдаги қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси эса Қуролли Кучларнинг ҳуқуқий ҳолатини мустаҳкамлади, уларнинг бурчи ва тарихий вазифаларини белгилаб берди. 1993 йилнинг 22 ноябрида аниқланган Президентнинг "Ўзбекистон Қуролли Кучлари ҳарбий қисмининг жанговар байроғи тўғрисида"ги Фармони эълон қилинди ва шу йилнинг 29 декабрида эса мамлакат парламенти томонидан 14 январни "Ватан ҳимоячилари куни", деб тасдиқлаш тўғрисида қонун қабул қилинди.
- Қуролли Кучларимизнинг бугунги замонавий қиёфага хос бўлган асосий белги ва хусусиятлари нималардан иборат?
- Аввало, улар бошданоқ профессионал Қуролли Кучлар сифатида шакллантирилиб, ҳарбий кадрларни тайёрлаш асосига ҳаракатчанлик, тезкорлик ва жанг ёки жанговар амалиётларни ўтказишда юксак самарадорликка эришиш каби жиҳатлар қўйилди. Шахсий таркиб жанговар ўқувининг асосини эса ҳарбий хизматчилар, профессионализм, уларнинг жанговар маҳоратини мунтазам равишда ошириб бориш вазифаси ташкил этилди. Иккинчидан, ҳарбий кадрлар ва бутун шахсий таркибнинг интеллектуал савиясини ошириш энг муҳим устуворликлардан бирига айланди. Бу устуворлик принципиал жаҳатдан катта аҳамиятга эга. Зеро жанг - бу ақллар кураши ва унда профессионал жиҳатдан яхши тайёргарликка эга бўлган, ақлан ривожланган ва маънан бой жангчилар ғолиб чиқади. Яна бир гап, ҳарбий хизматнинг янги тури - сафарбарлик чақируви резервидаги хизматнинг жорий этилиши ҳарбий қурилишдаги муҳим ўзгаришлардан бирига айланди. Бундай саъй-ҳаракатлар натижасида ҳарбий кадрлар жанговар тайёргарлик ва шахсий таркибни тарбиялаш бўйича аниқ-равшан дастурга эга бўлмоқдалар. Бу эса Қуролли Кучларимизнинг жанговар шайлигини оширишга катта ташкилий ва маънавий-ахлоқий таъсир кўрсатди.
- Йигитлик бурчини ўташ ҳар бир ёш ҳаётидаги муҳим давр бўлиб, ҳарбий хизматда у ҳар томонлама чиниқади, ўз кучига ишончи ортади, дунёқараши ўзгаради. Шу билан бирга, Ватан олдидаги муқаддас бурчини адо этиб қайтган йигитлар ўқув даргоҳида ўқишга кириш, ишга жойлашишда кўплаб имтиёзларга сазовор бўлишяпти.
- Жуда тўғри таъкидладингиз. 2005 йил 31 октябрда Биринчи Президентимизнинг "Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга бериладиган имтиёзлар тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори қабул қилинган.
Қарорга мувофиқ жанговар ва ижтимоий-сиёсий тайёргарликда юксак натижалар кўрсатган, намунали ҳарбий интизомга эга муддатли ҳарбий хизматчиларга бир қатор имтиёзлар белгиланган. Чунончи, ушбу ҳужжат асосида қисм қўмондонлигининг тавсияномасига сазовор бўлган тўлов-контракт шакли бўйича ўқишга қабул қилинган, бундан ташқари ўқиш даврида "Камолот"нинг бошланғич ташкилотлари фаолиятида фаол иштирок этган талабаларга контракт суммасининг 35 фоизи тўлаб берилиши жорий этилди.
Ўтган йиллар мобайнида Қуролли Кучларимизда амалга оширилган туб ислоҳотлар, қарор топтирилган соғлом маънавий, ахлоқий-руҳий муҳит, жорий этилган янгича анъаналар халқимиз онгу шуурида ҳам ўзгаришлар ясади, армияда бўлган муносабат тубдан ўзгартирилди. Энг муҳими, ёшларимиз учун миллий армиямиз сафларида хизмат қилиш чинакам ифтихорга айланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида мамлакатимиз мудофаа қобилиятини, Қуролли Кучларнинг жанговар салоҳиятини ошириш, миллий мудофаа саноати комплексини шакллантириш, ҳар қандай хавф-хатарга қарши доимо шай туришимиз лозимлиги алоҳида таъкидланди. Бунга жавобан бизнинг мудофаа ишлари бўйича туман бўлимида махсус дастур асосида иш олиб борилмоқда. Айниқса, муҳтарам юртбошимизнинг "Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 27 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармойишига асосан "Ватан - муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!" шиори остида кенг кўламли байрам тадбирлари ўтказилмоқда.
Айниқса, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактабларида "Мардлик ва жасорат" мавзусида дарслар ўтказилиб, унда истеъфодаги ҳарбийлар, байналмиллал жангчилар, Қуролли Кучлар сафида, санъаткорлар, меҳнат фахрийлари ва бошқа касб эгалари қатнашмоқдалар. Тумандаги 16-сон умумтаълим билим даргоҳида бўлиб ўтган учрашувда кўп йиллар ҳарбийлар сафида бўлган майёр Шодмон Азизов Ватанни ҳимоя қилиш ҳар бир фуқаронинг чинакам шарафли бурчи эканлигини таъкидлади.
Ташкилий тадбирларда ҳарбий-ватанпарварлик йўналишида мактабгача таълим муассасаларида "Мен ҳам ҳарбий бўламан!" мавзусидаги эстафеталар, чақирувга тайёрланаётган ўсмир ёшлар ўртасида спорт мусобақалари, муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган иштирокида "Ибратли тенгдошларим" мавзусидаги суҳбатлар ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга ва мамлакат келажаги учун фуқаролик масъулияти ҳиссини оширишга хизмат қилмоқа.
- Қутлуғ касб байрамингиз арафасида Сизнинг истакларингиз?
- Мустақил Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 27 йиллиги билан Ватан ҳимоячиларини, байналмиллал жангчиларни, айниқса, фахрийлар ва устозларни чин қалбимдан самимий табриклайман.
Янги - 2019 йилда мамлакатимиз халқига мустаҳкам соғлик, бахт ва омад ёр бўлсин!
Суҳбатни Зоҳир ҲАСАНЗОДА ёзиб олди.
Суратларда: мудофаа ишлари бўйича туман бўлимидан лавҳалар.
Суратлар муаллифи Бекзод ҚОДИРОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.