Қуролли Кучларимиз ташкил этилганлигининг 26 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан тумандаги 16-умумтаълим мактабида ҳам катта тантана бўлиб ўтди. Унда юқори синф ўқувчилари, ота-оналар, истеъфодаги ҳарбий хизматчилар, таълим муассасаси атрофидаги маҳалла фаоллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашдилар. Нуфузли анжуманни мактаб директорининг маънавий ва маърифий ишлар бўйича ўринбосари Фарида Аҳмедова очди.
- Тинчлик -тенгсиз неъмат, - деди нотиқ. - Мўҳтарам Юртбошимиз саъй-ҳаракатлари эвазига кун сайин гўзаллашиб, янада тараққий этаётган диёримизда тинчлик ва фаровонлик шукўҳи бор. Бугун биз ана шундай тинч ва осуда ватанда умргузаронлик қилаяпмиз. Бунинг учун Президентимизга миннатдорчилик билдирамиз. Шунинг учун эл-юртга хизмат-ҳаётимиз мазмуни бўлиши қарз, ҳам фарздир.
- Ҳар бир ота-она фарзандларининг камолини кўришни, ўзи етишолмаган орзулари рўёбига улар эришишини истайди, - деди мазкур мактабнинг собиқ битирувчиси туман Кенгаши депутати, «Гулобод тонги» газетаси муҳаррири, шоир Нормурод Каримзода, - ўз жигарбанди юрт ишига елка тутиб, халққа фойдаси тегадиган, Ватан ҳимоясига ҳамиша тайёр инсон бўлиб камолга етганида эса қалби фахр-ифтихордан тўлиб-тошади. Бизнинг мамлакатимизда ёшларнинг билим олиши, касб-ҳунар ўрганиши, малакали мутахассис бўлиб камол топиши учун имконият етарли. Фарзандларимиз ва набираларимиздан талаб қилинадигани яратилаётган шарт-шароитлардан унумли фойдаланиб, фақат яхши ўқиш, пухта билим олишдир. Қани энди, мен ҳам қайта ёш бўлсам, яна мактаб ўқувчиси бўлсам. Ростини айтсам, мактаб ўқувчиларига ҳавасим келади. Чунки, мен 50 йил мақаддам ана шу муқаддас даргоҳни битириб, мустақил ҳаётга йўлланма олганман. Қиёсласак, фарқи ердан осмонгача.
- Ҳарбийликка бўлган қизиқиш ёшлигимда пайдо бўлган, - сўз олди истеъфодаги полковник Шодмон Азизов, - шу боис биринчилардан бўлиб муддатли ҳарбий хизматни ўташга отланганман. Хизматни намунали ўтаб, командирлар эътиборига тушдим. Ўқишни давом эттириб полковник унвонига етдим. Офицер сифатида Ватан хавфсизлиги, халқимиз тинчлиги, мусаффо осмонимиз учун қуролдошларим билан хизмат қилдим. Айни пайтда ана шу мактабда таълим олган собиқ талабалар «Ватанга хизмат-олий саодат» шиори остида Қуролли Кучларимиз сафида йигитлик бурчларини адо этишмоқда.
- Давлат ва жамият ҳаётида, унинг фаровонлигини таъминлашда тинчлик ва осойишталик муҳим аҳамият касб этади, - деди мактаб директори Маъруфжон Камолов, - бугунги кунда миллий армиямизда хизмат қилиш шон-шараф ишига айланди. Мактабимиз педагогик жамоаси ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш учун диққат-эътиборларини маънавий қадриятлар ва миллий анъаналарга содиқлик, жонажон Ватанимизнинг тинчлиги, куч-қудратини оширишга қаратганлар. «Миллий армиямиз-ёшларнинг мардлик, матонат ва жасорат мактабидир!» шиори остида турли хил тадбирлар ўтказилди.
Мен фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни, юрт посбонларини 97 нафар педагог ва бир минг 800 нафар ўқувчи номидан Ватан ҳимоячилари куни билан чин дилдан қутлайман!
Табдирда бир гуруҳ меҳнат ва Қуролли Кучлар фахрийларига, байналминал жангчиларга эсдалик тўҳфалари топширилди. Файзли, жонли ва завқ-шавққа тўла мусиқий байрамни ташкил этишда юқори синф ўқувчилари Фаридун Рўзимуродов, Абдурасул Тоҳиров, Шоҳруз Баҳриев, Шаҳло Аббосхўжаева, Нозанин Эҳсонзода, шунингдек, ўқитувчилар Манзура Зарифий, Акмал Эшқувватов, Мавлуда Умарова, Заррух Исмоилов ва бошқалар муносиб улуш қўшдилар.
Зоҳир ҲАСАНЗОДА,
Суратларда: тадбирдан лавҳалар
Суратлар муаллифи Бекзод ҚОДИРОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.