Бугунги кунда юртимизда ёшларни миллий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда мафкуравий иммунитетни шакллантириш, турли салбий иллат ва зарарли оқимлар таъсиридан самарали ҳимоялаш ҳамда зарур билим ва маълумотлар билан қуроллантириш ўта муҳим ва долзарб вазифалардан ҳисобланади. 14-умумтаълим ўрта мактабида ўтказилган тадбир ҳам ана шу мақсадларга хизмат қилди.
Туман хокимлиги ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, туман имом-хатиблиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши вакиллари иштирок этган мазкур тадбирда сўзга чиққанлар ислом дини номидан нотўғри ғояларни тарғиб қилиш орқали юртдошларимизни, айниқса ёшларни тўғри йўлдан адаштиришга бўлган уринишлар кун сайин ортиб бораётганини қайд этишди.
Таъкидландики, бугун турли ижтимоий тармоқларнинг фаол аъзосига айланган ёшлар ўша ақидапарастларнинг турли алдовлари, бузғунчи ғоя ва мафкуралари акс этган турли лавҳаларни кўриб, уларга "лайк" босиш ҳолатлари кўплаб учрамоқда. Оқни қорадан ажрата олмайдиган, диний тушунчага эга бўлмаган ёшлар афсуски уларнинг тўрига илиниб қолмоқда. Айни пайтда интернетдан фойдаланиш маданиятига эга бўлиш, огоҳ ва дахлдор бўлиш муҳим аҳамият касб этади.
Тадбирда диний ақидапарастларнинг ёт ғояларига эргашиб, тақдири фожиали кечганлар ҳақида ҳикоя қилувчи "Адашганлар" ҳужжатли фильми намойиш этилди.
Тадбирда туман ҳокими ўринбосари А. Ҳалимов иштирок этди.
З.АМИНОВА,
мактаб директори ўринбосари
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.