Ба ту шамъи равшан-дилон зинда бод,
Бар офоқ нури ту тобанда бод.
Хожа Аҳрор Валий нақшбандийлик тариқатининг пешқадами бўлиш билан бирга, "фуқаро осойишталиги, ҳунар ва тижорат аҳлининг равнақи учун ҳар қандай баҳсли муаммоларни келишув билан, уруш ва қон тўкишсиз ҳал этган". У ўз бобоси Шайх Хованди Таҳурнинг "Мулло бўлма, шайх бўлма, сўфий бўлма - мусулмон бўл" деган пурмаъно сўзларининг асл моҳиятини, яъни оддий, пок, ҳалол, заҳматкаш ва комил инсон бўлишга даъватини яхши англагани учун ҳам инсонларга яхшилик қилиш, эзгу ишлар билан дунёни обод этиш, ғариб ва мискинлар аҳволидан огоҳ бўлишга ҳамиша интилди.
Хожа Аҳрор Валийнинг хўжалик юритиш фаолияти жуда кенг ривож топган. Унинг ихтиёридаги ерлар Тошкент вилоятидан то Амударё соҳилларигача бўлган жуда катта ҳудудни эгаллаган. Бу ҳудуд 58 минг гектар ерни ташкил этиб, унда миллионга яқин чорва, минглаб йилқи, беҳисоб экинзорлар бўлган. Шунингдек, ҳудудда кўплаб ҳунармандчилик устохоналари, савдо дўконлари фаолият кўрсатган. Ургут, Миёнкол, Самарқанд атрофидаги қишлоқларда Хожанинг уйлари ва боғлари бўлган.
Аммо шундай беқиёс мол- мулкка эга бўлган Хожа Аҳрор Валий ўз ихтиёридаги ерлардан келадиган даромадни ўзи учун сарфламай, уни юртни ободонлаштириш, халқнинг оғирини енгил қилиш, солиқларини тўлаш, мадраса, масжид, хонақоҳ, шифохона, мусофирхона қуриш ишларига сарфлаган ва бу ишларни ахлоқий мажбуриятдан эмас, балки қалб ҳузури билан амалга оширган. Шунинг учун ҳам бу зотнинг номи халқ ичида шу кунгача ўз фахру ифтихорини, муҳтарам зот сифатини сақлаб қолган. Бунинг исботини биз Хожа Аҳрор Валийнинг "бизнинг дунё (мол-мулк) билан шуғулланишимиз саховат ва карам қилиш учун эмас, балки одамларни тама қилишидан қутулиш учундир" деган сўзларида кўришимиз мумкин.
Хожа Аҳрор Валий ҳожатбарорлигининг ёрқин мисоли сифатида Умаршайх Мирзонинг Шош (Тошкент) аҳолисидан 250 000 динор ҳажмида солиқ талаб қилган вақтида Хожа Аҳрорнинг бу солиқларни ўзи тўлагани ҳамда фуқаронинг қишдан эсон-омон чиқиши учун яна қўшимча тарзда 70 000 динорни ҳам солиқ йиғувчиларга топширганини айтиш ўринли. Бу ва бошқа мисолларда халқ назарида Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор Валийнинг нақадар ҳимматли ва покиза зот сифатида намоён бўлгани яққол кўринади. Бошқача айтганда, "Фақрлигим - фахримдир" деган ҳадисни дастуруламал қилган Хожа Аҳрор Валий дунёвий бойлик ва фаровонликдан ўзи учун фойдаланмасликка интилган, ҳисобсиз мол-мулкка эга бўлса ҳам, барча тамаъ ларни рад этиб, фақирона ҳаёт кечирган. Шу ўринда фақр хусусида тўхталсак: инсоннинг бу дунёга келиши ўзлигини англаш, Ҳақни таниш ва билиш, Аллоҳга ҳақиқий бандалик қилишдир. Тасаввуф инсоннинг мол-дунё, бойликка эга бўлишига қарши бўлмаган, сўфийлар ичида бойлар ҳам, камбағаллари ҳам бўлган. Лекин, уларнинг асосий эътибори қалбга қаратилган. Улар умрни арзимас ва ўткинчи нарсалар, ҳою ҳавасларга сарфлашга қарши бўлганлар. Тарихда илм аҳли, шунингдек, сўфийларнинг ҳам савдо-сотиқ ишлари билан машғулот бўлгани, бундан мақсад эса бойликка кўнгил қўйиш эмас, аксинча, мол-дунё ва бойликнинг моҳиятини тўғри тушуниб етиш ва уни эзгу ишларга сарфлаш эканини кўрсатувчи мисоллар талай. Бойликка эгалик қилишнинг моҳияти бутун олам бойлиги қўлида йиғилган ҳолда ҳам бу бойлик инсоннинг илоҳий сирлар манзилига элтувчи йўл бўла олмаслигини англаб етишдан иборатдир. Зеро, инсон қалби дунё неъматлари ва орзу-ҳаваслари билан тўлиқ бўлгани учун ҳам илоҳий сирлар мазҳари бўла олмайди. Шунинг учун қалбни бу неъматлардан озод эта билиш зарур. Шу маънода бойликка меҳр кўргизмаган ҳолда, унга эгалик қилиш комилликнинг жуда буюк синов тоши бўлиб хизмат қилган.
Қалб озод ва огоҳ бўлганидан кейингина асл маърифат учун йўл очилади: "Хизмат қилиш, меҳнат инсонга руҳий осудалик келтиргандагина фойдалидир. Қачонки у инсон қалбидан жой ола олса, буни меҳнат самараси ила келган бойлик деса бўлади. Меҳнатнинг меваси ҳеч қачон бойлик бўла олмайди. Бойлик тўплашга интилиш керак эмас. Аслида инсон ўз дунёсини маънан бойитиши учун ҳаракат қилмоғи керак".
Хожа Аҳрор Валийга қарашли ерларнинг айрим қисми сотиб олинган бўлса, қолганлари назр қилиш йўли билан унинг номига ўтказилган. Бу деҳқонларга бирмунча афзал бўлиб, Самарқанд ҳукмдори Абу Саъиднинг фармонига кўра Хожа Аҳрорнинг ерларидан ўндан бир ушр миқдорида солиқ олинган. Деҳқонлар ерларини ўз ихтиёрлари билан назр қилишаркан, ўз далаларидаги ишларини давом эттираверишган. Шу тариқа деҳқонлар ортиқча солиқлардан халос бўлишган. Ҳазрати Хожа "Бизнинг ишимиз мусулмонларни золимлар ёмонлигидан ва қаҳридан қўриқмоқдир" деб мусулмонлар роҳатини ўйлаб, душманлик қилувчиларга сулҳ таклиф этиб, уларни ҳамиша муросага келтириб турган. Хожа Аҳрор Валий кишиларни иймон-эътиқодли ва фаол бўлишга чорлаган: "кўча-кўйда бўлса ҳам иш билан машғул бўлинг. Халқ сизнинг бу ишингиздан манфаат топсин. Қисқа вақт ичида касб-ҳунар ўрганишга интилинг, малака ҳосил қилинг. Шунда кишилар назарида сиз ўйлагандек яхши қиёфангиз пайдо бўлади".
Хожа Аҳрор Валийнинг тинчлик ва барқарорлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик, шафқат ва мурувват борасидаги фаолияти унинг "Шижоатли киши уруш кунларида танилур. Омонатдор киши диёнати бермоқ ва олмоқ вақтида билинур. Хотин ва фарзанднинг меҳру вафоси камбағалликда фаҳмланур. Дўстларнинг дўстлиги машаққат ва меҳнат чоғида билинур" деган пурмаъно сўзларида ўз ифодасини топган.
Замира ИСҲОҚОВА
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.