Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

УСТОЗ ЁДИ

Дарҳақиқат азал-азалдан ўзбек ва тожик бир бирига дўст, бародар. Буни устозим Тожикистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Тожикистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли ёзувчи Болта Ортиқзода мисолида кўриш мумкин.

У киши туманимизнинг Боғимайдон маҳалласида туғилиб ўсган бўлсаларда, қўшни Тожикистон Республикасида ўқиди, ижод қилди, турли таҳририятларда фаолият қурсатди. Кейинчалик озод ижодкор сифатида ота ҳовлисига қайтиб келиб ишлади. Узум, анжир, анор ҳосиллари етиштириш билан шуғулланди. У киши етиштирган маҳсулотлар барчага манзур бўлар, харидорлар ҳаттоки, тайёрловчиларнинг ўзлари келиб Б.Ортиқзода боғидан анжиру, анорларни териб олиб кетишарди. Қолганини ёзувчи қўшниларига илинарди, чойхонага олиб чиқиб халқ билан гурунглашарди. Ана шу гурунглар асносида халқ ўртасида бўлаётган воқеаларни, латифаю қочириқларни ён дафтарига қайд этиб борарди.
Халқ билан мулоқотлар туфайли «Мактуби таги бўрё», «Ҷавонмарди қассоб» ҳикояларини, «Галаосиё», «Мўмиё», «Юсуфи Самарқанд», «Полвон», «Арки Темур», «Афандининг ўғли», «Боғибаланд анжири», «Чаманистон», «Сарфагари сари оташдон» қиссаларини ёзди. Устоз ҳар гал ёзган асари қўлёзмасини қўшни Тожикистонга олиб борардида нашриётга топширарди. То асари босилиб чиқмагунча, қўлига 5-10 тасини ва гонорарини олмагунча уйига қайтмасди. Олиб келган янги асарларини хотира учун ёзиб ёру-дўстларига, биз шогирдларига тарқатарди.
Ҳа, раҳматли устозим Болта Ортиқзода баракали умр кўрган, солиҳ фарзандлар тарбиялаган инсонлардан эди. Айни дамда эса набиралар боболари асарларини ўқиб, келажакка муносиб фарзанд бўлишга интилмоқдалар. Устоз қариб 80 йил умр кўриб, ўзидан юзлаб асарлар қолдирган. У кишининг асарлари ўттиз тилда таржима бўлган, ўша миллатнинг севимли асарларига айланган.
Мамлакатимизда икки қардош дўст шоиру ёзувчилари учрашиб, юртимизда содир этилаётган янгиликлардан хурсанд бўлиб турган бир пайтда шулар ёдимга келди. Ишқилиб, устозим ётган жойлари обод бўлсин! Ўзбегим тожик билан экан, ҳеч қачон бу дўстлик риштаси узилмагай.

Нормуҳаммад ОЛИМОВ


Дата добавления: 17/08/2018 14:51;   Просмотров: 1206
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку