Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ҚУРЪОНИ КАРИМГА МУҲАББАТ МУКОФОТИ

Ўзбекистон тарихида илк бор муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан Қуръони карим Ҳифз ва тиловат йўналишидан маҳоратли Қори ва Қориялар мусобақаси бўлиб ўтди. Шу кунга қадар беллашувнинг туман, шаҳар ва вилоят босқичида беш ярим минг нафар муқаддас китобимиз билимдон Қорилари иштирок этадилар. Самарқанд вилоятидан ғолибликни қўлга киритган ва республика босқичига йўлланма олган тумандаги Ўрташайх маҳалласи фуқароси, шаҳримиздаги Хожа Нисбатдор жоме масжиди имом-хатиби ноиби Фирдавсжон Ҳамдамов Қуръони каримни тиловат йўналишида иккинчи ўринни эгаллади. Шкурлар бўлсинки, Қуръони карим қалбимизга нур ва сурур бахш этувчи илоҳий камол, ҳаёт йўлларимизни ёритувчи ҳидоят маёғидир. Қуръони карим мусобақасини ўтказишдан мақсад муқаддас китобимиз орқали одамларга билим таратиш, айниқса ёш авлодни қизиқтириш ва иқтидорли қориларни олқишлашдир. Шунинг учун ҳам мустақил Ўзбекистонимизда ўтказилган Қуръони карим тиловати мусобақаси юртдошларимиз томонидан кўтаринки руҳ ва хурсандчилик билан кутиб олинди.

Муҳтарам Юртбошимиз таъкидлагани каби, «Қуръонни эшитиш, эшита олиш юксак маънавият, маърифат. Қуръон ҳеч қачон ёмонликка даъват қилмайди. Агар Қуръони каримни эшита олсак, эшиттира олсак, бу муваффақият бўлади. Элимизга нур келади».
Эзгу мақсадга машаққатсиз эришиб бўлмаганидек, фарзандларига Қуръони каримни ўргатиш ва ёдлатиш ҳам осон эмас. У бола тарбиясида энг муҳим омиллардан бири саналади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Аллоҳ таолонинг камолини ёшликданоқ ёд олишга кўп тарғиб қилганлар.
Тарихдан маълумки, буюк аждодларимиз Имом Бухорий, Баҳоуддин Нақшбанд, Маҳмуд Замахшарий, Абу Али ибн Сино, Жалолиддин Румий, Хожа Ҳофиз, Хожа Аҳрори Валий, Мирзо Улуғбек ва бошқа шарқ алломалари ҳам болалик пайтлариданоқ Ҳофизи Каломуллоҳ бўлишган. Раҳматли маърифатпарвар Ҳамдам бобо ҳам фарзандлари ва набираларининг қобилияти ва ўткир зеҳнини инобатга олиб, сабру матонат ва катта меҳнат эвазига Қуръони каримни ўргатди. Сир эмас собиқ шўролар даврида у Қуръони карим китобларини яшириб сақлар ва доимо хавф-хатар остида яшар эди. Чунки, эски китоби бўлган ҳақиқий диндорлар таъқиб қилиниб, ҳатто қамалиб кетганлар. Аммо Ҳамдам бобо кундузи давлатга ишлаб, тунлари ухламай ихлос билан Қуръондан фарзандлари ва ширин-шакар набираларига сабоқ берган. Лавҳамиз қаҳрамони Фирдавсжон олти ёшида Қуръони каримдан кўпгина оятларни ёдлаган. Зотан, Қуръонни эъзозлаган бандаларнинг қалби ва қўзини Аллоҳ таоло илоҳий нур билан равшанлантиради, мартабасини юксалтиради. Қуръон ўқилган юртга тинчлик-хотиржамлик, Аллоҳнинг раҳматлари, хайру-барокатлари ёғилади.
Ҳамдам бобо фарзандларига: «Расулуллоҳ» ( соллаллоҳу алайҳи ва саллам) «Қуръонни доимо ўқинг, чунки у қиёмат кунида тиловат қилганларни шафоат қилади» деганлар деб насиҳат қиларди. Ҳадисларда ёшликдан Қуръонни ўрганиш нақадар фойдали экани баён қилинган. Аммо болалигида имкони бўлмаганлар ихлос билан, қийналиб бўлса ҳам Қуръони каримни ўқишга ҳаракат қилсалар ажру мукофоти икки баробар бўлар экан. Имом Бойҳақий ривоятида Пайғамбаримиз с.а.в. дедилар: «ким ёшлигида Қуръондан таълим олса, Қуръон унинг вужудига сингиб кетади. Ким кексалигида Куръонни ўрганса, эсидан чиқиб турса ҳам тарк этмаса, унга ҳам ажри икки баробар бўлади». Худога минг шукурлар бўлсинки, Ўзбекистон мустақил бўлгач дину диёнатимизга қайтдик, масжидларимиз эшиклари очилди. Ва энг муҳими, муқаддас китобларимизга қизиқиш ортиб кетди.
Фирдавсжон Ҳамдамов ҳам мустақиллик даврида тумандаги аввал 64-сон сўнгра 16-сон ўрта умумтаълим мактабини битириб, имом Бухорий мадрасасида таҳсил олди. Табаррук устозлари Ҳожи Зайниддин Эшонқулов, Қори Ёқубжон Мансуров, Ҳожи Маҳмуджон Ибодуллоев ва бошқалардан кўп нарсаларни ўрганди. Айни пайтда у Самарқанд шаҳридаги Ҳожа Нисбатдор жоме масжидида имом-хатиб ноиби вазифасида хизмат қилмоқда.
Фирдавсжон Ҳамдамов 2012 йилда Умра сафарида бўлди. Арабистон давлатида ҳам тажрибали уламо ва фузалолардан сабоқ олди. Шунинг учун бўлса керак, Фирдавсжоннинг Қуръони карим тиловати мусобақасида қўлга киритган ютуғидан интернет орқали хабардор бўлган Шайх Алижон Қори Саудия Арабистонидан унга телефон қилиб, самимий табриклади. Хожа Аҳрори Валий жоме масжиди имом-хатиби ҳожи Баҳодир Шарипов ҳам ўтган жума намозидаги амри маъруфида тўлқинланиб Қуръони карим мусобақаси тафсилоти ва Фирдавсжоннинг улкан ютуғи тўғрисида гапирди ва табриклади.
- Мусобақадан сўнг юксак мукофотни олиб, буларнинг барчаси табаррук устозларимизнинг дуои хайрлари шарофати деб кўзимга ёш келди - деди Фирдавсжон Ҳамдамов, - Қанийди, Қуръони каримни меҳр ва ихлос билан ўргатган бобожоним шу кунларни кўрганида боши осмонга етиб, қанчалик севинган бўлар эди. Мен Тошкентдан Самарқандга келиб, аввало Хожа Гавшер қабристонида қўним топган бобожоним қабрини зиёрат қилдим ва Қуръони каримдан оятларни тиловат қилиб, унинг руҳига бағишладим. Шунингдек, меҳрибон Аллоҳ таоллоҳдан юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, ҳаётимиз фаровон бўлишини тиладим. Илоҳо, Ватанимиз келажаги бундан ҳам порлоқ ва нурли бўлсин. Барча савоб ва хайрли ишларнинг бош ташаббускори- муҳтарам Юртбошимизни Аллоҳ таоло доимо ўз паноҳида асрасин!
Янада қувончли воқеа-бу мактабларда муқаддас динимиз тарихини ўрганиш ва Қуръони карим китоби билан ёш авлодни таништиришдир. Шахсан менга оила аъзоларим, айниқса 7 ёшли қизим Аминабону ва 6 ёшли Муҳаммад Содиқжонга диний сабоқ бериш катта қувонч бағишлайди. Чунки Қуръони каримга муҳаббат мукофоти-эзгулик, фаровонлик, бахт-саодатдир.

Соҳиб Хуршед НЕЪМАТЗОД,
Зоҳир ҲАСАНЗОДА,
Ўрташиқ маҳалласи


Последнее редактирование: 01/06/2018 14:26;   Просмотров: 1216
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку