Тумандаги 34-МТМда "Очиқ машғулотлар ойлиги" бўлиб ўтди.
Тадбир доирасида "Илк қадам" давлат ўқув дастури бўйича таълим-тарбия ишларини янада ривожлантиришга қаратилган машғулотлар ўтказилди. Дастлаб, МТМ тарбиячиси Азиза Исматованинг "Ур, тўқмоқ!" ўзбек халқ эртаги асосида тайёрлаган очиқ машғулоти намойиш этилди. Кичкинтойларни ҳам ақлий, ҳам жисмоний шартларни бажаришга ундовчи бу очиқ машғулот барчага ўзгача таассурот қолдирди. Чунки ушбу эртак сюжетига замонавий руҳ берилган бўлиб, машғулот шартига кўра, жажжи шоввозлар тўқмоқни топиш учун махсус харита бўйича ҳаракатланишлари керак эди. Йўл давомида болажонлар нафақат жисмоний ва ақлий машқларни, балки йўл ҳаракати белгилари ва қоидаларига оид амалларни ҳам бажаришди. Тарбиячи Озода Кенжаеванинг очиқ машғулотида жажжилар икки гуруҳга бўлинган ҳолда, чизганларини пантомимо усулида ифодалаш, уй - рўзғор буюмларини ажратиш, харид килиш, топишмоқ топиш ва ҳаёт хавфсизлиги борасида қатор шартлар бўйича ўзаро беллашдилар.
- Бу каби очиқ машғулотлар тарбиячиларнинг касбий маҳоратларини ошириш ва ҳамкасблари билан ўзаро бирдамликни йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этади, - дейди боғча мудираси Зарина Фаттоева. - Болалар иштирокидаги бундай қизиқарли чиқишлар уларнинг руҳиятига ҳам ижобий таъсир этди.
Дилдора ПЎЛАТОВА,
34-МТМ тарбиячиси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.