Ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадиган ойнаи ҳаёти тил ва адабиётдир. Миллий тилни ӣўқотмоқ миллатнинг руҳини йўқотмоқдир.
Абдулла АВЛОНИЙ
Дунёда кўплаб халқ ва миллатлар мавжуд бўлиб, ҳар бири ўз она тилига эга ва улардан эркин фойдаланиш бу халқларнинг ҳеч бирига тақиқланмагандир. Ушбу тиллар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари ардоғи ва ҳимоясидадир. Зеро тил она сути каби пок ва муқаддас. У миллатнинг руҳи.
Одамийлик инсон маънавий камолотининг энг юқори нуқтасидир. Маънавий етуклик эса тил билишдандир. Барча эзгу фазилатлар инсоннинг қалбига онанинг алласи ва она тилининг бетакрор жозибаси орқали кириб боради. Кишининг қай даражада маърифат ва маданият эгаси эканлиги тил орқали намоён бўлади.
Тил муҳим алоқа воситаси сифатида жамият билан бирга мукаммаллашади. Ҳар бир тилнинг бойлиги ҳамда имкониятлари унинг илму маърифатида намоён бўлади. 1989 йилнинг 21 октябрида Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисидаги Қонуни қабул килинди. Ушбу билан ўзбек тили давлат тили деб эълон қилинди (1 модда). Ва шу билан бирга тил тараққиёти йўлида устувор қадамлар қўйилди. Ҳар бир давлат ўз расмий тилининг поклиги, бойлиги ва унинг истеъмол доирасининг кенгайиши йўлида саъй-ҳаракатлар қилади, қайғуради. Ва ҳар бир ўзбекистонлик миллатидан қатъий назар давлат тилини эътироф этиб, уни мукаммал ўрганиши ва бошқа тилларга ҳам ҳурмат кўрсатиши шарт. Аммо ўз она тилини билмасдан туриб, бошқа тилларни мукаммал эгаллаш амри маҳолдир.
Ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши республика ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг ўз она тилини қўллашда конституциявий ҳуқуқларига монелик қилмайди. Аксинча, республикада яшайдиган барча миллат вакиллари тилларининг ривожига қонун доирасида имконият яратиб беради. Таъкидлаш жоизки, бизнинг мамлакатдек қадимий юрт дунёда кам топилса керак, зеро унда қонун устувор бўлиб, ўзининг кўптилли фуқароларнинг ўз она тилларида эркин сўзлашиб, таълим олиб, китоб ва рўзномалар нашр этишлари учун барча шароитлар мавжуд. Буни Истиқлол неъмати деб қабул қилишимиз керак.
Бугунги кунда Ўзбекистон мактабларида таълим 7 тилда олиб борилади. Барча дарсликлар ушбу тилларда нашр этилади. Фан олимпиадалари, турли тадбирлар ўтказилади...
Дарҳақиқат, тил миллатнинг энг асосий белгиларидан ҳисобланади. Бас шундай экан, уни сақлаб қолиш, қадр-қиймати, мавқеи, ривожи йўлида тинмасдан меҳнат қилиш ҳар бир тил эгасининг вазифаларидандир. Ўзбек адабий тилини мукаммаллаштириш ва юксакликка кўтаришда Маҳмуд Қошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Югнакий, Хоразмий, Рабғузий, Алишер Навоий, кейинчалик Чўлпон, Абдулла Қодирий, Абдулло Қаҳҳор, Ойбек, Ғафур Ғуломлар беминнат хизмат қилганлар.
Бир минг икки юз йил муқаддам яшаб ижод қилган Абўҳафзи Суғдий, Рудакий, Фирдавсий, Аттор, Ҳофиз, Сино, Беруний, Саъдий, Румий, Хайёмлар тожик адабиёти бешигининг бошида турган бўлсалар, Лоҳутий, Айний, Турсунзода, Лоиқлар ушбу адабиётнинг салоҳиятини янада чўққиларга кўтардилар.
Жавоҳирлаъл Неҳру 3 томли "Жаҳоний адабиётга назар" асари (1981, Москва, «Прогресс»)да ёзади: "Форс-тожик тили Ҳиндистоннинг муғуллар салтанати ва умуман Осиёнинг ғарбий қисмида маърифат тилларидан ҳисобланарди. Ва бу тил Х - ХI асрларнинг янги ва буюк адабиётига асос солдики, нафақат тожик ва эронийларнинг, балки Ҳиндистон, Афғонистон, Покистон ва бошқа давлат халқларининг фахрига айланди". Тан олиш керакки, 1000 йил давомида сомонийлар замонидан манғитларнинг сулоласигача (1920 йил) тожик тили давлат тили эди. Бу йиллар давомида тожик халқи туркий сулолалар, яъни ғазнавийлар, салжуқийлар, муғул ва темурийлар, шайбоний ва аштархонийлар тасарруфида бўлса-да, ўз она тилини йўқотмади ва бу салтанатлар томонидан тазйиқ остига олингани йўқ эди. Шамси Табрезий айтганидек:
Турку тожику араб гар ошиқанд,
Ҳамраҳанд аз рўи маънӣ аз савоб.
Форсий ва туркий халқларнинг тарихи ва адабиётининг буюк билимдони академик В.Бартольд минг йиллик таъсир натижасида туркий тилларнинг луғавий таркибида тожикча-форсча сўзларнинг фаровонлигини алоҳида таъкидлайди.
Абдужалол Ҳасанов ўзининг "Неруи ҳаётбахш" мақоласида форс тожик тилларининг туркий тилларга таъсири тўғрисида шундай далил келтиради:
"Ўзбек тили тафсирий луғатининг қиёсий лексикаси" таҳлили (1981) шуни кўрсатдики, ўзбек тили луғавий таркибида фақатгина "гул" сўзи билан 24, "дил" 29, "кам" 10, "сар" 43, "сер" 52 та янги луғавий унсурлар ҳосил бўлган. Бу каби кўп мисолларни елтириш мумкин. Бу далилларни келтиришдан мақсад шуки, бу икки халқ орасида урф-одатлар ҳам, анъаналар ва тил ҳам бир-бири билан боғлиқ ва муштаракдир. Комил Яшин бу икки халқни бир бодомнинг икки мағзига ўхшатса, Мирзо Турсунзода бир дуторнинг икки торига ўхшатади. Ушбу анъанага Жомий ва Навоийлар асос солишди. Ва ХV-аср адабиётининг муҳим хусусиятларидан бири бу зуллисонайнликнинг асос топиши эди ва бунга Алишер Навоий асос солди. Давлатшоҳ Самарқандий Навоий васфида ёзади:
Бар вуҷуди форсӣ дар ҷанби шеъри комилаш,
Чист ашъори Заҳиру кист бори Анварӣ?
Маҳзари давлат Алишер, улки шеъри ҳақ эрур,
Ҳақ маорақда анинг фатҳу саодат ёварӣ.
Зуллисонайнлик бугунги кунгача анъана ҳукмига кириб, бу соҳада Айний, Ҳамза, Асирий, Нодира, Фурқат, Гулханий, Жаъфар Муҳаммад, Ҳ. Зулфонов, А.Нисорий ва бошқалар номларини тилга олсак арзийди.
Тожик шоири Абдулло Фаёз ёзади:
Шавқим қалами ёзар эди бас,
Гоҳе ғазалу гоҳе мухаммас.
Гаҳ маснавию гаҳе қасида,
Гаҳ туркида, гоҳ форсида.
Шуниси қувонарлики, давлатимизнинг бугунги оқилона сиёсати туфайли бошқа тиллар қаторида тожик тилига эътибор янада кучайди ва унинг келажаги умидлидир.
Шу қаторда баъзи мақсадлар амалга ошса, нур устига аъло нур бўларди ва буларнинг барчаси халқлараро дўстликнинг равнақига асос бўлиб хизмат қиларди, албатта.
Ўз тарихий ватанида яшаб мамлакатимиз равнақи йўлида салмоқли ҳисса қўшиб келаётган тожик халқининг тили расмий тил сифатида эътироф этилса;
Аждодларимизнинг бой тарихини чуқурроқ ўрганиш мақсадида ҳалигача ўрганилмаган кўплаб қўлёзмаларни ўрганишда мутахассисларнинг етарли эмаслиги ва уларни тайёрлаш мақсадида таълим муассасаларида эски ўзбек ёзуви ҳамда форс тиллари йўлга қўйилади деган умиддамиз.
Тожик халқи жипс яшаётган жойларда тожик тили расмий тил сифатида ҳимояга олинса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Ушбу мақсадлар амалга ошса, айни муддао бўлиб, буларнинг барчаси халқлараро дўстликнинг мустаҳкамланишини тезлаштиради, албатта.
Амина ШАРОФИДДИНОВА, фахрий ўқитувчи
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.