Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ТАЪЛИМДАГИ ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ

Муҳтарам Юртбошимизнинг ташаббуси билан сўнги пайтларда халқ таълими тизимида ижобий ўзгаришлар амалга оширилди. Айниқса, умумий таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш, ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори фикримизнинг яққол далилидир. Хўш, ўқитувчилар нуфузини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар мазмун-моҳияти нималардан иборат? Биз ана шу ва бошқа саволларга жавоб олиш мақсадида туман Халқ таълими бўлими маънавий-ахлоқий тарбия ва болаларни ижтимоий ҳимояси шўъбаси раҳбари Мирзомаҳмуд АКРАМОВ билан суҳбатда бўлдик:

- Ҳурматли Мирзомаҳмуд Аҳмадович, аввало сизни ва аҳил, кўпмиллатли жамоангизни устоз-мураббийларнинг касб байрамлари билан табриклашга ижозат берсангиз.
- Раҳмат. Ҳа, таълим тизимида ислоҳотлар самарадорлиги, энг аввало, ўқитувчилар ва таълим муассасалари раҳбарларининг билими, маҳорати, ташаббускорлиги, қолаверса, ўз касбига садоқати ва фидойилигига боғлиқ. Туманда 2018-2019 ўқув йилида жами 54-та таълим муассасалари фаолият кўрсатиб, уларда 36 минг 773 нафар билимга чанқоқ фарзандларимиз таълим-тарбия олишмоқда. Икки мингдан кўпроқ ўқитувчилар ёш авлод камолоти йўлида залворли юкни ўз зиммаларига олиб, жасорат ва маҳорат билан адо этишмоқда. Доно халқимиз «Тарбиячининг ўзи тарбия кўрган бўлиши керак» деб бежиз айтмаган. Устозларимиз биринчи галда малака ва тажрибаларига нисбатан талабчан, хушмуомала, ташаббускор ва ахлоқан етук, хулоса, ўз шогирдларига ҳар жиҳатдан ўрнак бўлишмоғи шарт. Масалан, сиз ва мен мактабга илк марта қадам қўйган чоғларни эсласак, биринчи ўқитувчиларимизни, уларнинг фидоийликлари ёдимизга тушади.
- Дарҳақиқат, сизнинг таълим олган пайтларингиз, айниқса қачон ва қайси мактабда кимлардан сабоқ олганингиз газетамиз ўқувчилари учун ҳам қизиқ...
Самарқанд шаҳридаги 10-сон таълим муассасасида табаррук устозлардан таълим-тарбия олдим. Айниқса, химия фани ўқитувчисиА.Амриддинов таълимнинг нозик ва мураккаб жиҳатларини теран англайдиган хислатларни ўзида мужассам этган устозлардан эди. Шунинг учун мен 1973 йил устозлар дуоси билан Самарқанд давлат Университетининг химия факултетига ҳужжат топширдим. Қабул имтиҳонларидан ўтиб, талаба деган номга сазовор бўлдим. Дорилфунунда академик Шавкат Абдуллоев каби табаррук устозга шогирд бўлганимдан фахрланаман.
Олий таълим дипломи билан Самарқанд шаҳридаги 186-сон касб-ҳунар билим юрти (кейинчалик коллеж)да меҳнат фаолиятимни бошладим. 1988 йил тақдир мени Самарқанд туманига олиб келди ва кўп йиллар 29-мактабда раҳбарлик қилдим. Буюк француз маърифатпарвари Жан Жак Руссо шундай ёзган экан: «Чинакам етакчи мажбурламайди, балки ишонч ва қизиқиш уйғотиб, бошқаларни ортидан эргаштиради». Мен мутафаккирнинг маслаҳатига амал қилдим. Замонага хос ва мос ишлашим эканми, ўттиз йилдан буён туман Халқ таълими бўлимида турли масъул вазифаларда баҳоли қудрат фаолият олиб боряпман.
- Демак, бу ерда ҳам кўп устозлар ва раҳбарларни кўрдингиз.
- Ҳа, шундай. Собиқ туман Халқ таълими бўлими мудирлари Ҳусниддин Зулфонов, Ворис Мўҳсинов, Даврон Аҳроров, Мусаввара Жумаева (жойлари жаннатдан бўлсин!)лар билан ишлаш бахти насиб этди. Айниқса, Комилжон Тоҳиров билан яхши ва самарали ишладик деб ўйлайман. Ҳозир ҳурматли Баҳриддин Мардонов билан бир тан бир жон бўлиб таълим-тарбия сифатини ошириш ва педагоглар салоҳияти, ижтимоий мавқеини ошириш учун астойдил фаолият олиб бораяпмиз. Ўқув-тарбия жараёнида илғор педагогик ҳамда ахборот-коммуникацион технологияларни жорий этиш, ўқитувчининг жамиятдаги мавқеини ошириш орқали таълим сифатини яхшилашга доир кўплаб тадбирлар белгилаб олдик. Бундай тадбирлар ичида мактаб ёки ўқитувчи фаолиятига халақит бермаслик, уларни ўз вазифасидан бошқа ишларга жалб этмасликдан тортиб, меҳнатга муносиб ҳақ тўлаш, уларга имтиёзлар бериш, ғамхўрлик кўрсатишгача бўлган масалалар белгиланган. Аммо бунга жавобан ҳар бир педагог ўз шогирдига ўз фарзанди, жигарбандидек муносабатда бўлиши лозим. Буюк маърифатпарвар Абдулла Авлоний айтганларидек «Тарбия биз учун ё ҳаёт ё мамот масаласи бўлиши керак»
Яна бир янгилик. Муҳтарам Президентимиз қарорига мувофиқ 2019 йилнинг январь ойидан эътиборан олий тоифали юқори синф ўқитувчиларининг ойлиги бир миллион 700 мингдан 2 миллион 500 минг сўмгача белгиланди. Энг кўп ойлик берилиши кўзда тутилмоқда. Шу билан бирга мактабларда руҳшуносларга (психолог) ҳам эҳтиёж жуда юқори, чунки мактаб ёшидаги бола турли йўлларга оғиб кетиши, жиноятга қўл уриши мумкин, шу сабабли психологларнинг маошини кўтариш ҳам асосий вазифа саналади.
- Ўқитувчиларнинг маошлари кўпайиши натижасида мактабларда эркак ўқитувчилар ҳам кўпаймоқда. Шундай эмасми?
- Тўғри мушоҳада. Ҳақиқатдан ҳам Президентимиз фармонига кўра, энди пенсияга чиққан тажрибали педагоглар ишлайдиган бўлса, ойлик маошни тўлиқ олиши белгилаб қўйилди. Масалан, математика фани ўқитувчиси Абдуфаттоҳ Қаҳҳорий нафақага чиққан бўлсада, янгиликни эшитиб фаолиятини яна жонажон 16-сон мактабида давом эттиришга аҳд қилди. У 48 йиллик педагогик стажга эгадир.
Имтиёзли кредит асосида уй-жой ва автотранспорт воситаларининг берилиши шубҳасиз мактабга эркак зоти келишига сабаб бўлмоқда.
- Ўкитувчиларни инсон руҳини муҳандиси, тафаккур гултожи дейишади...
- Дарҳақиқат, илғор, салоҳиятли, билимли муаллимлар тажрибасини кенг тарғиб қилиш ва улардан унумли фойдаланиш ҳам таълим самарадорлигига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Бўлим услубчилари томонидан ўн нафар педагогларни иж тажрибаси туман миқёсида оммалаштирилди. Туман Халқ таълими бўлими услубчиси Сарвинисо Нарзуллоева, 37-сон мактаб инглиз тили фан ўқитувчиси Наргиза Рауфова, 6-сон мактаб бошланғич синф ўқитувчиси Зилола Расулова, 10-сон мактаб рус тили ўқитувчиси Фирўза Нуриддинова ва бошқалар таълим-тарбия бобида ўрнак бўлмоқда.
- Китоб - офтоб дейишади. Китоб бор уйда зиё бўлади. Суҳбатни ана шу мавзуда давом эттирсак.
- Китобхонлик тўғрисида гап кетар экан, бу йўналишда қисқа муддат ичида давлатимиз томонидан бир неча жиддий ҳужжатлар қабул қилингани ва тез-тез китобхонлик тарғиботига доир тадбирларнинг ўтказилиши ҳам маъқул бўлмоқда. Тумандаги 54 та умумтаълим мактаблари ва ахборот-ресурс марказларида жами 51 минг 319 дона бадиий адабиётлар мавжуд. Бу эса ҳар ўқувчига 1,4 дона тўғри келмоқда. Лекин бу жуда паст кўрсатгичдир. Китобхонликни тарғиб қилиш орқали ўқувчиларнинг маънавий дунёсини бойитиш, уларда мустақил ва таҳлилий фикрлаш кўникма ва малакаларни шакллантиришга мунсиб ҳисса қўшиш мақсадида барча мактабларда «китобхонлар байрами», «Китоб - Офтоб», «Бир фарзандга уч китоб», «Янги асарлар тақдимоти» тадбирлари ўтказилмоқда. «Энг яхши китобхон ўқитувчи», «Ёш китобхон», «Намунали китобхон оила» кўрик-танловлар эса яхши самара бермоқда. Шуниси диққатга сазоворки, бугунги кунда электрон вариантда интернет ва вертуал кутубхоналар бор. Биринчи вариантдаги роман 1993 йили Питер Жеймс томонидан эълон қилинганди. Бу асар «Искушение» («Васваса») ниҳоятда тез тарқаб кетдида ва муаллифга катта шуҳрат келтирди. Ҳозир китоблар нашрининг 40 фоизигача қисмини электрон китоблар ташкил қиляпти. Ўқиган китоблардан кўра эшитган асарлар инсон хотирасида яхши қолар экан.
- Бизлар касб тақозоси билан кўп жойларга ташриф буюриб, Президентимиз ташаббуси билан юртимизда «Обод қишлоқ» дастури асосида бир қатор таълим муассасалари ҳам ўзгача янги қиёфа касб этаётганига гувоҳ бўляпмиз.
- Биласиз, эски эшик ва дераза ромлари, деворлар сувоғи тўкилиб кетаётган ва ямаб ҳар йили бўялгани билан айбини беркитиб бўлмасди. Бино қишда исимасди, совуқ туфайли давомот ва билим самарадорлигига салбий таъсир қиларди. «Обод қишлоқ» дастури асосида тумандаги 26 ва 32-сонли мактабларнинг бинолари жорий таъмирланди. Шунингдек, 8 ва 19-мактаблар филиаллари бинолари бузилиб, қайта қурилди.
- Мирзомаҳмуд Аҳмадович, сиз бошқараётган хонадон маърифатли сулола давомчиси эканлигидан зиё аҳли хабардор. Бобонгиз маърифатпарвар шоир Мирзо Акрам Фикрийнинг Самарқанд адабий муҳитидаги мавқеини етук адабиётшунослар тан олган...
- Биз, умр йўлдошим Халқ таълими аълочиси, маориф жонкуяри Гулчеҳра Акрамова, фарзандларим Мирзоулуғбек, Мирзоанвар, Азизабону ва набиралар шу ибратли аждод вакиллари эканлигимизни доимо ёдда тутиб, ота-боболаримиз ҳавас қилган муносиб кишилар бўлишга ҳаракат қилмоқдамиз. Ҳали орзу-ниятларимиз кўп.
- Ватанимиз эртанги кунини яратилишига муносиб ҳисса қўшадиган кадрлар тайёрлашдаги эзгу ишларингизга муваффақиятлар тилаймиз. Суҳбат учун ташаккур.

Суҳбатдош Зоҳир ҲАСАНЗОДА


Последнее редактирование: 28/09/2018 16:03;   Просмотров: 1084
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку