Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ТАДБИРКОРЛИККА КЕНГ ЙЎЛ

Самарқанд шаҳридаги Олимпия захиралари тайёрлаш маркази биносида "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили" Давлат дастури ижроси юзасидан фаолият бошлаган "Тадбиркорларга кўмаклашиш маркази" ходимлари билан вилоятдаги бирча оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Йиғилишни вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Манноб Ибодуллаев бошқариб борди.

ОАВ вакиллари дастлаб марказ фаолияти билан яқиндан танишдилар. Сўнгра "Тадбиркорларга кўмаклашиш маркази" раҳбари Азамат Бекқулов журналистларга мамлакат иқтисодиётига хорижий инвестицияларни фаол жалб этиш, туризм тармоғини самарали ривожлантириш, қишлоқ хўжалигида таркибий ўзгаришларни амалга ошириш мақсадида иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш борасида вилоятда амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборот берди.
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев вилоят аҳолисини қийнаётган муаммоларни бартараф этиш мақсадида учта қарор билан 500 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ ажратди, – дея сўз бошлади нотиқ. – Яъни, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан 100 миллион АҚШ доллари – шундан 50 миллион доллар вилоят инфратузилмасини яхшилашга, 50 миллион доллар эса кичик саноат зоналарида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун ажратилди. Шунингдек Халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан мева-сабзавот ва чорвачилик йўналишидаги лойиҳалар учун 400 миллион АҚШ доллари ажратилди.
- Давлат дастурига киритилган бешта йўналишдан ташқари "Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва бизнес юритиш шароитларини яхшилаш", "Инновацион технологияларни қўллаш орқали давлат хизматлари кўрсатишнинг юқори сифати ва очиқлигини таъминлаш, аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятини оширишда бажарилаётган ишлар" борасида тадбиркорлар ва кенг халқ оммаси ўртасида тушунтириш ишлари олиб боришимиз керак. – дейди "Тадбиркорларга кўмаклашиш маркази"да Самарқанд тумани вакили бўлиб турган туман ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарини ривожлантириш ҳамда туризм масалалари бўйича ўринбосари Машҳур Нўъмонжонов биз билан суҳбатда.
Матбуот анжуманида вилоят адлия бошқармаси ходими Шероз Шодиев "Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари", Марказий банк вилоят бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Анвар Ҳайдаров "Иқтисодиётни ривожлантириш ва фаол тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга оид устувор йўналишлар", "Зарафшон" газетаси бош муҳаррири ўринбосари Ғолиб Ҳасанов "Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, шунингдек, ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлар", "Самарқанд" газетаси муҳаррири Ҳаким Жўраев "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили" Давлат дастурини ёритишга оид тажрибалар билан танишиш" мавзуларида маърузалар қилишди. Шунингдек йиғилишда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги вилоят ҳудудий бошқармаси ходими Вали Мухторов, www.kun.uz веб-сайти мухбири Шуҳрат Шокиржонов, www.nuz. вебсайти мухбири Тошпўлат Раҳматуллаевлар ҳам сўзга чиқиб, ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар.

Хайрулла ҲАМРОЕВ


Дата добавления: 27/04/2018 10:22;   Просмотров: 1245
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку