Ҳурматли газетхон!
Туман «Гулобод тонги» газетаси бугун ўзининг 60 йиллигини нишонлаётган экан, баъзи бир сўзларни айтишни жоиз, деб билдим. Йигирма йилдирки, таҳририят жамоаси ўз биносига эга эмасди. Демакки, ишда ҳаловату, ижодда барокат йўқ эди. Шунга қарамасдан газета ўз вақтида, яна денг, катта ҳажмда, рангли, чиройли суратлар билан чиқиб, давр нафаси унинг саҳифаларида барқ уриб турарди. Туман ҳокими Б.Қодировнинг ёрдами-ю, «Бинокор» масъулияти чекланган қурилиш ва ишлаб чиқариш корхонасининг қўли гул қурувчиларнинг саъй-ҳаракати билан туманнинг янги маркази Гулобод шаҳарчасида замонавий типда таҳририят биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бу ерда ижодий ва техник ходимларнинг баракали меҳнат қилишлари учун барча шароитлар яратилган. Бу ҳам ўз навбатида матбуотга бўлган ҳурмату эътибор десам, муболаға бўлмайди.
Оғир бир шароитда ижод қилган таҳририят ходимлари газета тиражининг, муштарийлар сонининг ошишига эришдилар. Унинг саҳифаларида ёритилаётган турли-туман хабар ва мақолалар, очерку лавҳаларни барча катта қизиқиш билан ўқиб бораётирлар. Менинг ўзим таҳририят жамоатчилик Кенгашининг аъзоси сифатида турли жанрларда қалам тебратиб, рўзнома савиясини ошириш, унинг мунтазам ёритилиши учун озми-кўпми ҳиссамни қўшаётирман. Шу ўринда баъзи таклифларни айтиб ўтсам. Ҳаётда учраётган ва аҳолининг фаровон умргузаронлик қилишида тўсқинлик қилаётган муаммолар, парвойи ҳали ҳам палак юрган ва ўз лавозимини суиистеъмол қилаётган бир қатор раҳбарларни сергаклантирадиган танқидий мақолалар, фельетонлар ёритилса ўйлайманки, Юртбошимиз куйиниб айтаётган гаплар тасдиқланган бўларди. Бунинг учун журналист қаламини чархлаб туриши, замонага хос ва мос материаллар ёзиш учун ўзида масъулият ҳамда матонат ҳис этиши лозим.
Сўзимни якунлар эканман, янги бинода ўз юбилейини нишонлаган ҳолда фаоллик билан ишлаётган таҳририят ходимларига ижодий парвозлар, сиҳат-саломатлик тилайман.
Ҳурматли газетхонлар! Бу ишда биз ҳам таҳририят ходимларига яқиндан кўмак берайлик, тиражининг ошиши ва газетанинг янада бой ва мазмунли чиқишига ҳисса қўшайлик.
Насриддин САЪДУЛЛАЕВ, туман Кенгашининг депутати
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.