Соҳибқирон Амир Темур ҳақидаги бадиий, илмий - маърифий китоблар бир жойга жамланса, ғоят катта ва бебаҳо кутубхона пайдо бўлиши мумкин.
Дарҳақиқат, буюк саркарда ва давлат арбоби бўлган Амир Темурнинг шахсияти, ҳаёти ва фаолияти, бой маънавий меросига оид кўплаб китоблар чоп этилган ва ҳали ҳануз бу жараён давом этмоқда.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Темур ва темурийлар даври билан қизиқувчи китобхонлар учун ўзига хос туҳфа тайёрлади. Филология фанлари доктори, таржимон Баҳодир Эрматовнинг "Амир Темур Ғарбий Европа адиблари нигоҳида" ҳамда Руи Гонсалес де Клавихонинг "Амир Темур Испания элчиси нигоҳида" (Улуғбек Жўраев таржимаси) номли китоблари нашр этилди. "Ижод" фонди томонидан нашр этилган ушбу китобларнинг тақдимотида тарихчилар, адабиёт мухлислари, талаба-ёшлар, маънавият тарғиботчилари иштирок этди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али ва бошқалар мамлакатимизда Соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар меросини ўрганишга жиддий эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Филология фанлари доктори, таржимон Баҳодир Эрматовнинг "Амир Темур Ғарбий Европа адиблари нигоҳида" китоби жамиятимизнинг маънавий ҳаётини юксалтириш, халқимиз тарихининг шонли саҳифаларини, улуғ аждодларимизнинг шахсияти ва фаолиятини чуқур ўрганишда муҳим аҳамият касб этади. Муаллиф мамлакатимиз тарих фанида нисбатан кам ўрганилган, ғоят муҳим мавзуни тадқиқот объекти сифатида танлагани эътиборга лойиқдир. Ушбу тадқиқот саҳифалари бизни дунёда француз, испан, итальян, немис, венгер темуршунослик мактаблари мавжуд эканидан воқиф этади.
- Амир Темур ҳақидаги илк ёзма манбалар у ҳали ҳаёт экани пайтида яратилган, - дейди Б.Эрматов. - Уларда Соҳибқирон ҳақидаги энг холис фикрлар битилган. Айниқса, Ғарбий Европада Амир Темурнинг саркардалик маҳоратига, оқил йўлбошчилик сифатларига бу асарлар орқали юксак баҳо берилган. Европа Уйғониш даврида Амир Темур фаолияти, мероси муҳим аҳамият касб этган. Унинг куч-қудрати мадҳ этилиб, Европани катта хавфдан халос этган саркарда сифатида эътироф этилган. Китобда Амир Темур ва темурийларнинг тарихдаги ўрни айнан шу нуқтаи назардан ўрганилган асарлар хусусида батафсил сўз юритилган.
Руи Гонсалес де Клавихонинг "Амир Темур Испания элчиси нигоҳида" китоби (У.Жўраев таржимон) миллатимиз ва юртимиз довруғини оламга ёйиш борасидаги улкан хизматлари учун Соҳибқирон бобомиз ворисларига бўлган ҳурмат ва эҳтиром рамзи сифатида ўз мухлисларини топиши, шубҳасиз. Шавкатли саркарда билан ўз вақтида юзма-юз мулоқотда бўлган испаниялик элчи Клавихонинг "Кундалик"лари Амир Темур ва темурийлар даври тарихига оид муҳим асарлардан бири саналади. Унинг қиммати шундаки, Клавихо Амир Темурни кўриб, у билан бевосита суҳбатлари асосида хотиралар ёзган саноқли, яъни тўрт кишидан биридир. Бу ҳолат ибн Арабшоҳ, ибн Халдун, архиепископ Иоанн яратган хотиралар каби испан элчиси кундаликларининг ҳам ҳаққонийлигини янада оширади. Асарнинг аслиятдан бевосита ўзбек тилига таржимаси китоб ҳолида чоп этилиши Ўзбекистон ва Испания давлатлари ўртасидаги маданий-илмий алоқаларни янада кенгайтиради.
Н.Усмонова, ЎзА
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.