Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

СОҲИБҚИРОН ЭЪТИРОФи

Янги йил арафасида маърифатпарвар дўстим Тошкент шаҳридаги "Янги аср авлоди" нашриётида чоп этилган француз адиби Марсель Брионнинг "Менким, Соҳибқирон - жаҳонгир Темур" асарини тақдим этди. Мазкур китоб буюк саркарда - Амир Темурнинг дунёга келишидан то вафотига қадар даврни қамраб олиб, воқеалар Амир Темур номидан ҳикоя қилинади. Профессор Марсель Брион Европада довруғли инсонлар ҳаёти ва фаолиятига оид кўплаб тарихий асарлари билан машҳур олимлардан ҳисобланади.

Мазкур асарни форс тилига ўгирган ва қўшимча маълумотлар билан бойитган Забуиллоҳхон Мансурий таъкидлашича, соҳибқироннинг эсдаликлар тарзидаги қўлёзмаси (сўз "Темур тузуклари" ҳақида боради) 1610 йилга қадар Яман ҳукмдори Жаъфар пошшо қўл остида сақланган. Марсель Брион ўз китобини "Тузукоти Темурӣ" ва "Малфузот" асосида ҳам ёзган.
Сир эмас, Амир Темур даврида давлат тили форс-тожик тили бўлганлиги сабабли соҳибқирон тўғрисидаги аксарият асарлар форс-тожик тилида ёзилган экан. Жумладан, Низомиддин Шомий ва Шарафиддин Али Яздийнинг "Зафарнома"лари, Ғиёсиддин Али Яздийнинг "Рўзномаи ғазовоти Ҳиндистон" ("Ҳиндустон ғазовоти кундалиги") ва бошқа китоблар фикримизнинг далилидир.
Шуниси диққатга сазоворки, буюк саркарда Абулқосим Фирдавсийнинг "Шоҳнома", Шайх Саъдийнинг "Гулистон" ва "Бўстон", Жалолиддин Румий, Хожа Ҳофиз ва бошқа форс-тожик адабиёти намояндаларининг мухлиси бўлган.
Марсель Брион асарида буюк соҳибқирон нафақат амирлар, балки оддий навкар (аскар) ҳам ўзининг садоқатли хизматкорлари эвазига юксак мартаба, мукофот ва унвонларга эришган.
Улуғ Соҳибқироннинг "Аскари қувватли мамлакат бой бўлур, бой мамлакатнинг аскари қувватли бўлур" деган машҳур ибораси бор. "Тузуклар"да, жумладан "Сипоҳийларимни ҳамиша жангга тайёр ҳолда тутдим, ойлик ҳақларини ҳамиша сўраттирмай вақтида берардим. Чунончи, Рум юришида сипоҳийларимга ўтган ва келажакка қиладиган хизматлари учун етти йиллик озиқ-овқатларини бирваракайига бердим" деб алоҳида таъкидлаган.
Буларнинг бариси улуғ Соҳибқирон салтанатида ҳарбийлар қадри нақадар улуғланганини яққол кўрсатувчи мисоллардир.
Аммо Соҳибқирон даврида қўшин тузилиши лавозим ва унвонлар бериш, таъминот, қурол-яроқ тутиш, маош ва рағбатлантириш тузуклари ишлаб чиқарилган ва амал қилган. Амир Темур садоқат, қатъият ва адолатпарварлик каби инсоний фазилатларни улуғлаган. Мунофиқлик, айёрлик, ёлғончилик, иккиюзламачилик, манфаатпарастлик каби разил, пасткаш одатларга нафрат кўзи билан қараган.
Менинг истагим ҳамма, айниқса ёшлар Марсель Брион асарини мутолаа қилишсин. Чунки китобда баён этилган Амир Темур ҳаёти ва фаолияти барча учун бирдек сабоқ мактаби бўлиши шубҳасиз.

Умарқул ЗОҲИДОВ, тадбиркор


Последнее редактирование: 11/01/2019 14:39;   Просмотров: 1242
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку