Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

“ШИРИНЛИК БЕРМАСАНГИЗ, БОҒЧАГА БОРМАЙМАН!”

Ҳар куни болалар боғчаси олдидан ўтаман. Болаларни кузатаман: баъзилари хурсанд, баъзи болалар эса оёқ тираб, йиғлашади. Ота-оналаридан бирон нарса сотиб олиб беришини сўраб, боғча ёнидаги турли «болабоп» нарсалар сотувчи аёлнинг олдига бошлашади. Баъзи болалар учун бу нарса одатий ҳолга айланган. Боғчага киришдан олдин тўғри дўкончага бориб, бирон нарса олгандан сўнг боғчага борадилар. Хўш, болаларнинг боғчадан кўра бувисининг уйини афзал кўришига нима сабаб? Биз шу мавзу юзасидан туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимининг мактабгача таълим методисти Лола Бурҳонова билан суҳбатлашдик.

МУХБИР: Кўп йиллик тажрибангиздан келиб чиқиб баъзи болаларнинг мактабгача таълим муассасасидан йироқлашишини қандай баҳолайсиз?
Л.БУРҲОНОВА: Боланинг боғчадан кўнгли қолишига ота-она ва тарбиячининг айби деб ўйлайман. Бола уч ёшгача оила даврасида вояга етади. Онасига боғланиб қолади. Уч ёшга тўлганда ўзи мустақил равишда овқатланади, чой ичади, кийимини кия олади ва ўйнайди. Бу ёшдаги бола учун жамоа керак. Бир ўзи зерикади. Психологик жиҳатдан мактабгача таълим муассасаси бола учун имкониятлар маконидир. Агар ота-оналар болага боғча тўғрисида тўғри маълумот бериб, бу ердаги таълим ва тарбия ҳақида яхши гапирсалар бола тушунади. Лекин айрим ота-оналар шўхлик қилган вақтида «агар яна шўхлик қилсанг, сени боғчага бераман!» деб қўрқитишади. Бундай вақтда боланинг кўнглида боғчага нисбатан нафрат уйғонади. У боғчани жазолаш жойи деб тасаввур қилади. Баъзи пайт мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчиси бирданига боғчага боришни хоҳламай қўяди. Бунга сабаб тарбиячининг алмашиши ё боғчада шароит йўқлиги. Агар мактабгача таълим муассасасида бола учун ўйинчоқ бўлмаса ва машғулот ўтказмаса, у боғчага боришни хоҳламайди. Ундан кўра бувисининг уйини афзал кўради. Бувиси эса набирасининг хоҳиш-истагини бекаму кўст бажаради.
МУХБИР: - Айрим ота-оналар бола боғчага бориши учун унга бирон нарса беришади...
Л.БУРҲОНОВА: - Бу нотўғри. Бола бунга ўрганиб қолади ва онаси бирон нарса олиб бермаса йиғлайверади. Яхши тарбиячи болани гуруҳга киргизишдан олдин қўлидаги нарсаларни ота-онасига қайтаради. Гуруҳда барча бир хил тарбия топиши керак. Бир боланинг қўлида шоколад бўлсаю бошқа бола томошабин. Бу адолатдан эмас. Ҳамма ота-оналарнинг ҳам ҳар куни боласига шоколад олиб беришга қурби етмайди. Шунинг учун мактабгача таълим муассасаси дўстлик ва меҳр-садоқат туйғулари шаклланадиган макондир.
МУХБИР: - Мактабгача таълим муассасасига тарбия топган боланинг бошқа болалардан фарқи нимада деб уйлайсиз?
Л.БУРҲОНОВА: - Бизлар бошланғич синф ўқувчилари орасида сўровнома ўтказамиз. Натижада катта фарқ бор. Мактабгача таълим муассасасига тарбия топган бола ҳар томонлама ривожланган бўлади. Дунёқараши кенг, нутқи равон, жамоат ишларида фаол, бошқа болалар билан тезда тил топишади. Мактабга бориш вақтида ҳам бу фарқ яққол кўзга ташланади. Боғчага борган бола санашни билади, рангларни фарқлай олади, шеърлар билади, расм ва шаклларни фарқлайди, хорижий тилларни ҳам оз-оздан ўзлаштирган бўлади. У 85 фоиз биринчи синф дастурини ўзлаштирган. Мактабда ҳам дарсларни ўзлаштириши яхши. Бундан ташқари шогирдлик одоби, муомала маданиятини билади. Ўн бир йиллик узлуксиз таълимнинг негизи бу мактабгача таълим муассасасидир «Болажон» дастури асосида ўн уч йўналишда машғулот ўтказилади. Туманда 33 та МТМ фаолият юритади ва улар қошида қисқа муддатли гуруҳлар ташкил этилган.
МУХБИР: - Кимлар имтиёзли равишда мактабгача тарбия муассасаларида қабул қилинадилар?
Л.БУРҲОНОВА: - Камтаъминланган ва ногирон оилалар болалари маҳаллаларнинг махсус қарори асосида 6 ой давомида тўловдан озод қилинади. Имтиёзли равишда фойдаланиш болаларнинг умумий сонининг 15 фоизини ташкил этади. Яъни, агар боғчада 100 нафар бола бўлса, 15 таси имтиёзли равишда боғчага олинади. Олти ойдан сўнг яна комиссия назоратидан ўтади ва агар боғчага яна шунақа болалар навбатда бўлса, улар бу имкониятдан фойдаланади.
МУХБИР:- Хусусий боғчалар ҳақида фикрингиз?
Л.БУРҲОНОВА: -Хусусий боғчалар уй шароитига мослашган. Уларнинг тўлов нархи шартнома асосида. Шароитлари яхши. Малакали кадрлар билан таъминланган. Баъзи шаҳар боғчаларда бола меъёрдан зиёд бўлcа хусусий боғчаларда оз. Шунинг учун ҳам тўлов шартнома асосида.
МУХБИР: -Болаларни боғчага жалб этиш учун қандай ишлар амалга оширилмоқда?
Л.БУРҲОНОВА: -Уч ёшдан етти ёшгача бўлган болалар учун «Камалакнинг етти жилоси» номли тўплам тайёрланган. Шу тўпламни 2 минг 126 оилага тақдим этдик. Ҳар бир боғча қошида қисқа муддатли гуруҳ ташкил этилган. Бу гуруҳларга 5-6 ёшли боғчага бормайдиган болалар учун «Билимдон» дастури асосида машғулотлар олиб борилади.

Д.НАСИМОВА суҳбатлашди.


Дата добавления: 20/10/2017 13:32;   Просмотров: 1430
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку