Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

САЙЁҲЛАРНИ ҲАЙРАТГА СОЛГАН ШАҲАР

Академик шоир Ғафур Ғулом кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд ҳақида:

Ишқ вафоларнинг "Хамса" сини битган,
Жомий, Навоийларнинг асрий нидоси.
Ҳали гумбазлардан гургираб келур,
Олимлар баҳсининг аксу садоси.

- дея ёзгани бежиз эмас. Шаҳарнинг келин тушган ҳовлидек сўлим, саришта кўчаларида улуғ бобокалонларимиз Улуғбек, Навоий, Жомийларнинг табаррук излари бор.
"Самарқанддаги ҳар бир обида ноёб, инсон ақл-заковати, меҳри билан бунёд қилинган. Асрий ёдгорликларни кўз қорачиғидек асраётган инсонларга таъзим. Шаҳрингиздаги қурилиш ва ободонлаштиришларни кўриб эса меҳнатсевар халқингизга ҳавасим келди", - дейди ҳиндистонлик меҳмон Арья Баббар. Бу каби илиқ сўзларни шаҳримизга келган кўплаб сайёҳлардан эшитиш мумкин.
Туризм, асосан, маданий ёдгорликларга таяниб ривожланади. Шу боис, шаҳримиз туризм шаҳрига айланмоқда. Кўчаларда ҳар куни юзлаб сайёҳларни учратасиз. Туризм эса бу-тинчликка йўл дегани.
... Бундан чорак аср бурун ёзувчи Абдуқаҳҳор Иброҳимов ҳамда шоир Йўлдош Эшбек билан Самарқандда учрашиб, мириқиб суҳбатлашдик, шеърлар тингладик. Телевидение мухбири сифатида учрашув тўғрисида кўрсатув тайёрлаб, томошобинлар ҳуқмига ҳавола этгандик. Яқинда "шахсий архив" ни кўраётиб, Абдуқаҳҳор Иброҳимовнинг сўзлари яна диққатимизни тортди: "Буюк бобомиз Алишер Навоий қурдирган иморатларнинг ўзи 150 дан кўп. Улар мадраса, масжид, хонақо, шифохона, карвонсарой, работ, йўллар, кўприклар эди, албатта. Инсоният ишқу вафо, садоқату хотирот туйғуларига ошно бўлганидан буён ҳеч ким суюкли рафиқа Мумтоз Маҳалдек ёри томонидан қурилган, тенги йўқ, садоқат рамзи бўлмиш муносиб ёдгорлик қурмаган. Бу Бобур авлодларидан бўлмиш Шоҳжаҳон қурдирган машҳур Тож Маҳалдир. Умуман олганда, иморат қуриш ва қурдириш ўзбекка йўргакдан теккан одат...".
Бугун она шаҳримиз - қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқандда улкан қурилиш ва бунёдкорлик ишларини кўрган киши борки, ёзувчининг юқоридаги сўзларига қўшилади.
Шаҳарда шарқ меъморчилиги ва замонавий дизайн ютуқларини ўзида мужассам этган янги-янги тураржой бинолари, маданий-маиший иншоотлар қад ростлаётгани ва атрофи гулу гулзорга айлантираётгани шаҳримизга фусункорлик, гўзаллик, чирой бахш этмоқда. Чиндан ҳам, Самарқанд таниб бўлмас даражада чирой очаётганлигини кўриб, ҳайратланасиз. Шаҳарнинг қай гўшасига борманг қурилиш, ободончилик, кўкаламзорлаштириш ва яратувчанлик ишлари йил ўн икки ой давом этаётир. Кўчаларни кенгайтириш, уларнинг атрофларига яшиллик барпо этилаётир. Шу билан бирга, мевали ва манзарали дарахт кўчатлари эқилмоқда.
Шаҳар ободонлаштириш департаменти томонидан ўрмон хўжалиги бошқармаси билан ҳамкорликда шаҳар ҳудудида ўн минг дона дарахт кўчатлари ўтказилди. Мутахассисларнинг тавсиясига кўра, шаҳар чиройига-чирой қўшадиган, ҳуснига холдек ярашиб, ажиб кўрк бағишловчи Қрим қарағайи, каштан сингари манзарали дарахтлар билан бир қаторда, хориждан келтираётган мевали дарахтлар ўтказилиб, бир текис кўкартириб олинди.

Гулларга бурканиши қадимий шаҳар,
Гўё фавворалар битмоқда ғазал.
Олтиндай товланар ҳар шом, ҳар саҳар,
Самарқанд гўзалдир, Самарқанд гўзал.
Соҳир гўшаларда ҳузур топар дил,
Ҳаёт қайнагайдир кундуз, тун маҳал.
Бунда бунёдкорлар яшайди якдил,
Самарқанд гўзалдир, Самарқанд гўзал!

Дарҳақиқат, шаҳарнинг гўзаллашиб бораётган қиёфаси нафақат хорижликларни, балки юртдошларимизни ҳам ўзига оҳанрабодек тортаётир. Шаҳар дунёга кўз-кўз қилгудек сайқалланмоқда. Яратувчанлик, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш кенг кўлам касб этган.

Холиқ ҲАКИМОВ


Дата добавления: 25/01/2019 14:48;   Просмотров: 1007
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку