Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

САЁҲАТ – ТАНГА РОҲАТ

Кейинги йилларда Самарқанднинг сайёҳлик салоҳияти ошганлигини дунёнинг турли бурчакларидан ташриф буюраётган хорижликларнинг кўпайганидан англаш мумкин. Шаҳримиздаги Шоҳи Зинда, Руҳобод, Бибихоним, Регистон мажмуаси каби диққатга сазовор қадамжолар қайта таъмирланиб, атрофлари ободонлаштирилди. Натижада бу ерга келувчилар сони кун сайин ортиб бормоқда.

Биз устозлар ўқувчи ёшларга миллий қадриятларимиз, юртимиз тарихи ҳақида маълумот бериш баробарида меъморий обидаларимизни асраб-авайлашга, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўзи билан боқишга ўргатишимиз лозим. Шу мақсадда яқинда Самарқанд имкониятлари чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган махсус касб-ҳунар коллежимиз бир гуруҳ ўқувчиларининг Самарқанд шаҳридаги муборак қадамжоларга саёҳати уюштирилди. Устоз ва мураббийлар раҳбарлигида ташкил этилган саёҳатда ўқувчилар дастлаб Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ҳайкали пойига гуллар қўйиб, мустақиллигимиз асосчиси хотирасини ҳурмат билан ёдга олдилар. Сўнгра саёҳат Биринчи Президентимиз номи билан аталадиган кўчада давом этди. Қадим Самарқанднинг ўтмишидан сўзловчи Бибихоним мадрасаси ҳамда Амир Темур мақбараси зиёрати ўқувчиларда катта таассуротлар қолдирди. Шундан сўнг саёҳатчи ўқувчилар Ҳазрати Хизр мажмуасида бўлишиб, Биринчи Президентимиз қабрини зиёрат қилдилар ва муқаддас қадамжода амалга оширилган ободончилик, бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишишди.
Саёҳат давомида ўқувчилар қадимий осори атиқалар, меъморий обидалар, муқаддас қадамжолар ҳақида маълумотга эга бўлишди. Шулардан хулоса қилган ҳолда ўз таклифларимизни билдирмоқчимиз. Келажакда кар, соқов ўқувчи-ёшларимиз учун театрлар ташкил қилинса, оинаи жаҳонда намойиш этиладиган ёшларбоп кўрсатувлар сурда таржимонлик асосида ташкил этилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

З.ЖУМАЕВА,
В.МАРДОНОВА, коллеж ўқитувчилари


Последнее редактирование: 08/06/2018 14:34;   Просмотров: 1170
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку