Ўтмишнинг кўпгина сайёҳ ва ёзувчилари шарқнинг гўзал шаҳарларидан бири Самарқандни ўз асарларида таърифлаб ўтганлар. Ана шундай ёзувчилардан бири ўнлаб саргузашт романлар ёзган, буюк француз адиби Жюль Верндир. У ўзининг "Клодиус Бомбарнак" номли романида Самарқандни севиб тасвирлайди. Романнинг қаҳрамони француз газетасининг мухбири Клодиус Бомбарнак Кавказдан Ўрта Осиё орқали Пекингача саёҳат қилади, Бухоро, Самарқанд, Марғилон, Қўқон сингари шаҳарларда бўлади. Ёзувчи унинг кўрган-кечирганларини тасвирлаш орқали Ўрта Осиё халқларининг тарихи, маданий ёдгорликлари билан китобхонни кенг таништириб боради.
Жюль Верн Самарқанд тасвирига романнинг XII бобини тўлалигича бағишлайди.
"...Бу шаҳар одатдагидек икки қисмдан иборат. Янги қисми ҳозирги замон архитектураси билан ажралиб туради. Шаҳар теварагини ям-яшил боғли шинам уйлар қуршаб олган. Эски шаҳар қисми улуғвор ёдгорликларга бой. Уларни бошдан-оёқ ўрганиб чиқиш учун бир неча ҳафта керак бўлади..."
Жюль Верн Регистон майдони, Бибихоним масжиди, Шоҳи зинда мақбараси, Гўри Амир сингари тарихий ёдгорликлар ҳақида гапириб, "...унинг тасвирини чизишга қалам ожизлик қилади. Бир жумлада кошин, пештоқ, токча, нақш, тахмон ва сирлар номини аташ билан, барибир, ҳақиқий манзара ҳосил бўлмайди. Бу ўринда таъриф-тавсиф эмас рассомнинг мўйқалами зарур. Осиё даҳоси билан яратилган тенги йўқ архитектура олдида ақл ҳам шошиб қолади... ", деб хитоб қилади.
Самарқанд шаҳрини, унинг ёдгорликларини бунчалик аниқ ва чиройли тасвирлаган ёзувчи шаҳарда бўлган эмас, албатта. У ўз асарини ёзишдан олдин Ўрта Осиё ва Самарқанд ҳақида ёзган тарихий асарларини чуқур ўргангач, сайёҳлар билан суҳбатлашган, Самарқанд тўғрисида тўлиқ тасаввур ҳосил қилган.
Жюль Верннинг "Клодиус Бомбарнак" романи 1961 йили Совет Иттифоқида биринчи марта бизнинг "Ёш гвардия" нашриётида чоп этилиб, кенг китобхоналар оммасига тақдим этилган.
* * *
Қадим-қадимлардан буён жаҳоннинг энг кўркам, энг салобатли шаҳарларидан бири бўлиб келган Самарқанд мавзусининг жаҳон адабиётида ўзига хос ўрин эгаллагани табиийдир.
Бу гўзал шаҳар XVIII асрда яшаган машҳур италиялик драматург, драматик эртакларнинг тенги кам устаси Карло Гоццининг ҳам диққатини ўзига тортган эди. Гоцци ўзининг театр учун ёзилган ўнта эртагининг еттинчисини Самарқандга бағишлади. Гоцци уни "Бахтиёр гадолар" деб номлади.
"Бахтиёр гадолар"ни биринчи марта 1767 йилнинг 29 ноябрида Сант-Анжело театрида Сакки труппаси саҳнага қўйди. Лекин спектакль ўта афсонавий сюжетларнинг, мўъжизавий ва сеҳрли кучлар иштирок этган воқеаларнинг ишқибози бўлган венециялик томошабинлар орасида у қадар муваффақият қозонмади. Чунки асарда афсонавийликдан кўра ҳаётийлик оҳанглари кучли эди.
Пьесанинг бош қаҳрамони - Самарқанд ҳукумдори Ўзбек. У отасининг вафотидан сўнг, тож кияр-киймас сафарга отланди. Халқ назарида Ўзбек гўё Самарқандни тарк этади. Бироқ, аслида у гоҳ дўкондор, гоҳ руҳоний, гоҳ қаландар либосида халқ ҳаётини кузатади. Фуқаронинг вазир Музаффар, сарой аъёнлари, амалдорлар ҳақидаги фикрларини тинглайди. Ўз ўрнида қолган вазирнинг аҳолига ўтказаётган жабр-зулмини ўз кўзи билан кўради, фуқаро ҳаётининг бахтсизлигига шоҳид бўлади. Ана шундан кейингина гадо ниқобидаги шоҳ ўзини танитади, золим Музаффарни жазолайди, мамлакатда адолат ўрнатади.
Карло Гоцци Ўзбек орқали шарқ достонлари ва афсоналарда куйлаб келинган адолатли шоҳ образини яратади. Пьесада бошқа образлар ҳам жуда жонли ва табиий чиққан, ўша пайтдаги Самарқанд манзаралари, халқнинг турмуши, урф-одатлари маҳорат ва самимият билан акс эттирилган.
Ўзбек томошабинлари Карло Гоццини унинг Ҳамза номидаги Академик драма театримиз саҳнасида узоқ йиллар муваффақият билан ўйнаб келинган "Маликаи Турондот" пьесаси орқали таниган бўлсалар, энди китобхонларимиз унинг "Бахтиёр гадолар" комедиясини ўқишга ҳам муяссар бўлдилар. Пьеса "Шарқ юлдузи" журналининг 1969 йил 9-сонида шоир Шукрулло таржимасида эълон қилинди.
МеҲрангиз тайёрлади.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.