Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

САМАРҚАНД ҚОҒОЗИ

унинг шуҳрати дунёни забт этмоқда

Самарқанд қоғози мозийнинг яқин минг йиллиги мобайнида оламга донг таратиб келган.

ЮНЕСКОнинг 1995 йилда Бухоро вилояти Когон шаҳрида ўтказган тарихий ёдгорликларни сақлашга бағишланган халқаро конференцияда асосий эътибор йўқолиб бораётган қадимий халқ ҳунармандчилиги амалий санъатини ривожланишига қаратилганди. Мазкур анжуманда самарқандлик уста-ҳунарманд Зариф Мухторов ҳам асрлар оша йўқолиб кетган Самарқанд қоғозини ишлаб чиқаришни қайта тиклаш лойиҳаси билан қатнашганди. Шу тариқа туманимизнинг қадимий Конигил маҳалласида "Конигил мерос" хусусий корхонасига асос солинган. Корхона фаолияти билан танишар эканмиз, Самарқанд қоғозининг тарихи билан қизиқдик.
– VIII аср ўрталарида Ўрта Осиёга ҳужум қилган Хитой босқинчиларига қарши Самарқанд ҳокими Абу Муслим ўз қўшинини йўллаб, душманни ер билан яксон қилади, - дейди корхона раҳбари З.Мухторов. – Шундан сўнг 20 мингдан ортиқ хитойлик аскарларни асирга олиб, Самарқандга келтиради. Ўз ҳаётларини сақлаб қолиш илинжида ҳунармандчиликдан хабардор бўлган Хитой жангчилари маҳаллий ҳунармандларга қоғоз ишлаб чиқариш сир-синоатларини ўргатадилар. Айнан ўша вақтдан бошлаб Самарқандда тут дарахти пўстлоғидан қоғоз тайёрлаш йўлга қўйилади. IX асрга келиб, ушбу тармоқ шаҳар ҳунармандчилигининг энг муҳим жабҳаларидан бирига айланади ва аста-секинлик билан бутун Шарқ ва Ғарб бозорларини эгаллайди.
Дарҳақиқат, бугунги кунда ҳам корхонада тайёрланаётган қадимий Самарқанд қоғози ўта нафислиги, пишиқ ва жозибадорлиги билан бошқа қоғозлардан фарқ қилади. Аҳамиятли жиҳати, унинг таркибида ипак бўлганлиги боис ҳашоратлар унга шикаст етказолмайди, сувда қайнатилганда ҳам сифати йўқолмайди. маълум муддат қуритилгандан сўнг яна фойдаланиш мумкин. Шунинг учун асосий мижозлари ҳаттотлар, миниатюрачи-рассомлар бўлган бу қоғозга мамлакатимизда ҳам, хорижда ҳам эҳтиёж ортиб бормоқда. Айтиш жоизки, Санжар Мухторов, Ҳабиба Пўлатова, Ёқуб Худойбердиев, Ориф Жамолов сингари 12 нафар истеъдодли ҳунармандлар меҳнат қилаётган жамоада нафақат қоғоз ишлаб чиқариш, балки ундан 30 ортиқ турли совғабоп маҳсулотлар тайёрлаш ҳам кенг йўлга қўйилган. Айни вақтда ушбу қоғоздан тайёрланаётган турли ўйинчоқлар, ён дафтарчалар, сумкалар, ҳамёнлар, ҳаттоки, кийим-кечаклар бу ерга ташриф буюраётган маҳаллий ҳамда хорижлик сайёҳлар диққатини ўзига жалб этиб, қизиқиш уйғотмоқда.
Бир сўз билан айтганда, ўн босқичдан иборат қоғоз ишлаб чиқариш жараёнларини кузата туриб, ҳунармандлар меҳнатига қойил қолдик. Аминмизки, мазкур корхонада ишлаб чиқарилаётган нафис ва жозибадор қадимий Самарқанд қоғозининг шуҳрати жаҳонни забт этаверади.

Тошпўлат ЮСУПОВ


Дата добавления: 22/02/2019 11:39;   Просмотров: 1089
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку