То равзаи Хожа мазҳари анвораст,
Манзилгоҳи қутби мажмаи аброраст.
Ҳуррият ҳар ду кавн ҳосил гардад,
Он кас, ки ғуломи Хожа Аҳрор аст.
Ўз даврида Хожа Аҳрор Валий Самарқандда султон маслаҳатчиси сифатида фаолият юритиши мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида жиддий ўзгаришларга олиб келган. Шу туфайли бу ерда Хожа Аҳрорнинг обрў ва мартабаси тез фурсатда ортиб кетади ва бир неча олий мақомларга - "Илоҳий сирларнинг орифи ва мазҳари", "давлат ва дин шарифи" каби юксак унвонларга лойиқлигини кўрсатади. Хожа Аҳрор Валий давлат арбоби сифатида кўплаб эзгу ишларни амалга оширган, ўзаро ички урушларни тинч йўл билан ҳал этиб, урушларни тўхтатиш, адолат тантана қилиши учун бор кучини аямай, эгзу ғояларни илгари сурган: "Сўфий ўзини халос этмайди, балки у дунёни ҳам қутқаради, дунёни қутқариш учун сўфий унинг устидан ҳукмронлик қилиши лозим бўлади, дунёнинг устидан ҳукмронлик қилиш учун у билан фаол муносабатда бўлиши керак".
Хожа Аҳрор Валий фуқаро ва акобир (давлат раҳбарлари)нинг пушти паноҳи сифатида шуҳрат қозонган. Унинг бу юксак мартабаси беқиёс мол-мулки туфайли бўлган, деган қарашлар жуда нотўғридир. Аслида Хожа Аҳрор Валийнинг шайхлиги кароматгўйлиги, инсонпарварлиги, саховатпешалиги унинг моддий фаровонлиги ва юксак мартабаси учун замин бўлган. Унинг тақир ва бўз ерлардан сув чиқариш, қурғоқчилик пайтида ёмғир ёғдириш, сувни тескари оқиза олиш, фарзандталаб инсонларга дуо билан фарзанд сўраб бериш каби кароматлари эл орасида машҳур бўлган. Аллоҳ бу зотга фавқулодда зукколик, донолик, адолатпешалик, донишмандлик каби фазилатни ато этган.
Хожа Аҳрор Валийнинг илм аҳлига рағбати кучли бўлиб, олиму уламолар билан ўтказган мажлислари ҳамиша файзли бўлган. Хожа Аҳрор Валий Самарқандда "Мадрасаи сафед" номи билан машҳур мадраса қурдирган. Шунингдек, Тошкент ва Ҳирот шаҳарларида ҳам мадрасалар бунёд эттирган.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур Хожа Аҳрор Валийнинг ижтимоий ҳаётдаги фаолиятига юксак баҳо берган. "Самарқанд аҳликим, йигирма-йигирма беш йил Султон Аҳмад Мирзонинг замонасида рафоҳият ва фароғат била ўткариб эдилар, аксар муомала Ҳазрати Хожа (Убайдуллоҳ) жиҳатидин адл ва шаръ тарийқи била эди", дея қайд этиб, Хожа Аҳрор Валийнинг ниҳоятда мўътабар сиймо, улуғ мураббий, мададкор ва ҳидоят қилувчи муршид сифатида тан олган ва эътироф этган. Хожа Аҳрор Валий Самарқандда машҳур давлат арбоби сифатида фаолият олиб бориш орқали бир томондан, мамлакат маънавий-маданий, ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ҳаётига жиддий таъсир кўрсатиб, "жаҳон мулкининг нигоҳбони" мартабасига эришган. Бошқа томондан, нақшбандийлик тариқатининг назарий ва амалий мукаммаллашуви йўлидаги улкан саъй-ҳаракатлари учун "муршиди офоқ", яъни оламнинг пири комили сифатида улуғланган.
Хожа Аҳрор Валий 1490 йилда Самарқанд вилоятининг Камонгарон қишлоғида вафот этган ва унинг васиятига кўра, табаррук жасади "Ҳазрати Кафшир" маҳалласидаги уйига дафн этилган. Шундан сўнг бу жойлар "Хожа Аҳрор мавзеси", деб атала бошланган. Кейинчалик, Хожа Аҳрор Валийнинг қабри устига муҳташам қабртош ўрнатилган. Даҳма қабристоннинг олд томонида жойлашган. Даҳмада, шунингдек, ўн тўртта қабр мавжуд.
Хожа Аҳрор Валий ёдгорлик мажмуаси мадраса, масжид, минора ҳамда ҳовуздан иборат бўлиб, мадраса Нодир Девонбеги томонидан бунё этилган. Хожа Аҳрор Валийнинг вафотидан кейин унинг ҳаётига бағишланган кўплаб тарихий асарлар битилган ва уларда Хожа "қутб саййиди", "муттақийлар санади", "Аллоҳ замири сирларидан огоҳ", "дин ҳодийси", "саййид ул-ахёр", "дунё ва дин хожаси", "хожалар хожаси", "солиҳлар муршиди", "муршиди ориф", "замон қутби" дея улуғланган. Жумладан, Алишер Навоий ёзган қитъасида қуйидаги мисралар битилган:
Хожагон тариқатининг хожаси Убайдуллоҳ,
Муршиди соликони роҳи яқин.
Шуд ба хулди барин, ки аз фавташ,
Соли таърих гашт: "хулди барин".
Хожа Аҳрор Валийнинг муборак мақбараси доимо зиёратчилар билан гавжум.
Замира ИСҲОҚОВА
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.