Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ОРИФ ГУЛХАНИЙ УЙ - МУЗЕЙИДА ЛОЛА САЙЛИ

Хабарингиз бор, бир неча йиллардан буён Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши Ориф Гулханий уй-музейи ҳамкорлигида "Самарқандни гулга буркайлик!" гулсеварлар акцияси ва "Ҳар бир ўқувчининг ўз гули бўлсин!" ёш табиатсеварларнинг ҳаракати, адабий-бадиий, хайрия тадбирлари ўтказилиб келинмоқда. Шу акция ва тадбирлар доирасида вилоятимиздаги корхона, ташкилот, муассасалар ва алоҳида гулсеварларга ўтган давр ичида ярим миллион донадан кўпроқ тувакларда парваришланадиган хонаки, анвойи гуллар, боқ чечаклари ва ўсимликлари, уларнинг уруғлари туҳфа қилинди.

Шундай гул байрамлари ва фестиваллари ўтган йиллар давомида Самарқанд шаҳридаги мактаб ва мактабгача таълим муассасалари, маҳаллалар, коллеж ва академик лицейлар, вилоятнинг Самарқанд, Оқдарё, Тайлоқ туманлари марказий истироҳат боғлари ва таълим даргоҳларида ўтказилди.
Бу галги лола сайли ҳам ўзининг моҳияти ва аҳамияти билан фарқ қилади. Тарихдан маълумки, азал-азалдан юртимизда кўклам бошланиши билан боғлиқ удумлар, сайиллар ўтказиб келинган. "Лола сайли", "Гули сурх" шулар жумласидандир. "Боғи Гулханий"да айни баҳор нафаси кезиб юрган дамда барчани "Лола сайли"га таклиф этилишидан мақсад ҳам ана шу анъанани давом эттириш, ижод аҳлини илҳомлантириш, ёшлар қалби, онгу шуурида Ватанга, она табиатга, атроф-муҳит, гуллар ва ўсимликлар оламига меҳр-муҳаббат туйғуларини уйғотишдан иборатдир.
"Лола сайли"да таниқли шоир Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Ватан, она табиат, дўстлик ва эзгулик куйчиси бўлган ижодкор Олқор Дамин ҳаёти ва фаолияти ҳақида сўз юритилди. Унинг "Боғи Гулханий"да ўтказилган барча тадбирларда фаол иштирок этиб келганни, бир умр табиат ва гулларнинг шайдоси бўлганлиги хотирланди.
Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, уюшманинг вилоят бўлими қошидаги "Садоқат" тўгараги аъзолари, таниқли ижодкорлар, санъаткорлар, назм ва наво шайдолари қатнашди. "Лола сайли" барчага илҳом ва кўтаринки кайфият бағишлади.
Анъанага кўра, тадбир қатнашчиларига Маликаи Бахтиёрнинг "Дунёнинг безаги набира" ("Зеварий дунёст набера") китоби ҳамда "Боғи Гулханий"да парваришланган турфа гуллар совға қилинди.

Р.НАИМОВ


Дата добавления: 05/04/2019 14:54;   Просмотров: 1229
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку