Мен онамни нега бунчалар яхши кўраман?
Миямга бу фикр нега, нима сабабдан келганини билмайман. Ёлғиз ўзим, хаёл суриб ўтирганимда онамни жуда-жуда яхши кўришим кўнглимдан ўтди. Шунда уни нега бунчалар яхши кўришимни ўйладим ва ўйимга жавоб тополмадим. Авваллари бу ҳақда нега ўйламаганимдан ажабландим. Айни дамда онамни нега бунчалар яхши кўришим хаёлимдан кетмасди. Қачон, қаерда бўлмай, кўнглимдаги ёрқин бир туйғу уни доим яхши кўришимни англатиб турганини аниқ ҳис этдим. Шундай бўлса-да, нега онамни бунча яхши кўришим ҳақида ўйлар таъсирида эдим. Ёлғиз қолган ҳозирги ҳолатимда хотира денгизида узоқ сузарканман, сув узра порлаган маёқдек нигоҳимда гавдаланган онам хаёлимни ёритгандек эди. Шунда хотиржамлигимнинг сабаби онамнинг борлигидан, деб ўйладим ва онамни ўйлаганим уни яхши кўришимнинг исботи бўлиб туюлади менга. Лекин бу хулосамдан қаноат топмадим. Чунки, онамдан бошқаси ҳақида ўйлаганларимнинг барини яхши кўрмасдим. Кўнглимда эса яна ўша савол қайтариларди: “Нега онамни бунчалар яхши кўраман”?
Онамни яхши кўришимнинг сабаби мени дунёга келтирганими? Менимча, фақат шу учун бўлмаса керак. Агар шу сабаб бўлганида ҳамма онасини яхши кўрган бўларди. Афсуски, бундай эмас. Ҳар бир киши ўзини дунёга келтирган зотни яхши кўрганида, онасини ҳақоратлаган, урган, ҳатто ўлдирадиган фарзандлар бўлмасди дунёда. Эсизки, бундайлар бор. Бор бўлганда ҳам битта эмас, анча...
Балки мени ўстириб, вояга етказгани учун яхши кўрарман онамни? Йўқ, бу далил ҳам уни яхши кўришимга етарли асос бўлолмайди. Чунки, она, ҳатто боласини дунёга келтириб, кейин уни ташлаб кетган тақдирда ҳам, гўдак болалар уйидами ёки бирор оилага тутинган фарзанд бўлиб тарбияланишидан қатъий назар, у тирик етим ёки асрандалигини билиб ҳам онасини қумсаб яшайди, ғойибона бўлса-да уни яхши кўради. Шунинг учун болаларни ўстириб-улғайтириш ҳам фарзанднинг онасини яхши кўришига етарли сабаб бўлолмайди.
Хўш, мен нима учун онамни яхши кўраман? Балки уни ҳурмат қилганим учундир? Лекин ишхонамдаги бошлиғимчалик ҳурмат қиламанми онамни? Менимча йўқ. Чунки раҳбаримга шунчалар ҳурматим кучлики, унга гап қайтаролмайман, сўзини бўлолмайман. Онамга-чи? Мен гумроҳнинг онамнинг гапини қайтарган, сўзини бўлган вақтларим бўлган. Демак, бошлиғимга кўрсатган ҳурматни онамга кўрсатган эмас эканман-да. Лекни онамни бошлиғимчалик ҳурмат қилмаган бўлсам-да, уни яхши кўришимни, бошлиғимни онамдан зиёд ҳурмат қилган бўлсам ҳам, уни онамдек яхши кўрмаслигимни биламан. Бошлиғимдан, унинг баъзида ноҳақликка йўл қўйганида хафа бўлган, ҳатто нафратланган вақтларим ҳам бўлган. Онамга нисбатан эса ҳеч қачон бундай туйғуни сезмаганман. У мени уришганда ҳам, болалигимда ундан шапалоқ еган чоғимда ҳам ундан хафа бўлмаганман. Барибир уни яхши кўрганман.
Демак, яхши кўриш ҳурматдан эмас.
Онамни яхши кўрганим уни севишимдандир? Лекин уни ёримчалик севганманми? Ёрни севиб, гоҳ худ, гоҳ беҳуд юрганим, унинг васлига етиш учун, ҳатто жондан ҳам воз кечмоққа рози бўлганимни эсласам, уни ҳаддан зиёд севганман. Агар севгидан бўлса, муносабатимиздан қатъий назар, нега мен хотинимни онамчалик яхши кўрмайман?
Онамни сўзлари учун яхши кўрарман, балки? Лекин баъзи дўстларим билан узоқ гап сотгандек, онам билан соатлаб сўҳбатлашолмайман. Биламан, онам қизиқ-қизиқ воқеаларни улар каби айтиб беролмайди. Чунки онамни соғиниб борганимда соғлигимни, ишимни, оиламни сўрашдан нарига ўтмайди у. Лекин онам гапирмаса-да, ёнида ўтириб, ташвишларимни унутгандек бўламан, хотиржамлик туяман кўнглимда. Соатлаб ўтирсам-да, негадир зерикмайман. Гўё бошқа, осойишта дунёга тушиб қолгандек сезаман ўзимни. Бу балки онамнинг дунёсидир? Биз ўсиб-улғайган, бизга таниш, бизга азиз бўлган дунё. Бу дунёда таъна қилиш, таъма қилиш йўқ, иззатталаблик йўқ. Бу дуне ёлғон илтифотлар, лаганбардорлик қилиш эҳтиёжидан йироқ.
Онажоним. Бирор марта қўлимга эмас, ҳамиша кўнглимга қараган онам. Нега мен бунчалар сизга талпинаман? Мени яхши кўрганингиз учун-ми? Менимча шундан бўлса керак? Ҳа, шундай, мени яхши кўрганингиз учун. Мен сизнинг яхши кўришингизга арзийманми? Ҳурматимни бошқаларга зиёдроқ кўрсатсам, севгимни ёримга раво кўрсам, қувончли онларимни ўзгалар билан ўтказсам. қизиқ, сизни соғинтириб, узоқ вақт ёнингизга келмасам ҳам, барибир мени яхши кўрасиз.
Мени ҳар қандай вақтда, ҳар қандай аҳволда ҳам яхши кўрганингиз учун ҳам сизни яхши кўрарман, балки... Онажоним.
Х.НУРУЛЛАЕВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.