Маълумки, азал-азалдан расмий белгиланган кунлар билан бир қаторда, аҳолининг баъзи қатламлари, айниқса, ёшлар томонидан норасмий белгиланган кунлар тарихини билиб-билмасдан нишонлаш, бу кунларни интиқлик билан кутиш оммалашмоқда.
«Оммавий маданият»нинг энг қизиқарли ва ҳаммага тушунарли мавзуларидан бири бу севги мавзусидир. Азалдан соф, инсоний севги барча халқларда олийжаноб туйғу, мақсад ва масъулият билан уйғундир. Унинг чегараси, меъёрлари, одоби ижтимоий фикр билан ҳимояланган.
Ўзбек учун севги–бошқаларга айтилмайдиган, кўрсатилмайдиган, кўз-кўз қилинмайдиган туйғудир. Ҳар биримиз ота-оналаримизнинг муносабатларини эсласак, дўстлик ва севгининг бетакрор тажассумини кўрамиз. А.Қодирий "Ўткан кунлар"даги Кумуш севгисини нақадар нафис, мафтункор, ишончли, нозик ва ардоқли этиб тасвирлаган.
"Аёлнинг ҳусни қанча ошса, ҳаёси ҳам шунча ошиши керак", деган эди Ф.Ницше.
Интернет тармоғининг кўпгина сайтларида 14 февраль – "Севишганлар куни", ёки "Авлиё Валентин куни" ҳақида анча маълумотларни ўқиш ва тахлил қилиш мумкин. "Севишганлар куни"нинг негизида қадимги Римда ўтказилиб келинган эротик байрами ётганлиги сабабли, Ёшлар ташкилотлари бу байрамда миллий маданиятга таҳдид сифатида кескин муносабат билдириши ва бу байрам ўрнига ўз миллий маданиятларида оила мустаҳкамлигининг олий намуналарини, оила, севги ва садоқатни мадҳ этувчи қадриятларни нишонлаш таклиф қилинишига қарамай, афсуски баъзи ёшлар ушбу кун тўғрисидаги маълумотни таҳлил қилмасдан, бир-бирларига севги изҳор қилишга ошиқадилар. "Севишганлар куни"ни байрам қилувчилар кўпайгани сари садоқат камайиб, ажримлар кўпая бориши ҳақида расмий ОАВлари орқали мунтазам маълумотлар бериб борилишига эътибор бермай, бугуннинг айрим ёшлари хатоликка йўл қўймокдалар.
Хақиқатан ҳам ушбу сана билан боғлик ўз тарихимизга назар солсак, 14 февраль – Заҳириддин Муҳаммад Бобур бобомизнинг таваллуд куни. У кишининг таваллуди Интернетда дунёнинг буюк зотлари қаторида турибди. Ўша куни ҳар биримиз Бобурнинг ҳеч бўлмаганда битта ғазалини ёд айтсак, у кишининг руҳларини шод қилган бўлардик.
Биз ўсиб келаётган авлод бугунги эзгулик йўлидаги бунёдкорлик ишларининг давомчиси эканимизни унутмаслигимиз лозим. Миллий маънавиятимиз, отамерос-онамерос удумларимизни мукаммал шакллантириш ва юксалтириш учун барчамиз масъулмиз.
Даврон АДИЛОВ, Гулобод ижтимоий-иқтисодий коллежи
Ёшлар иттифоқи етакчиси Рустам АҲРОРҚУЛОВ,
Ёшлар иттифоқи аъзоси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.