Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

Оила - “аёл” сўзидан олинган

Оиланинг муқаддаслиги шу даргоҳда инсон насл-насабининг давомчилари дунёга келишидир. Оила - “аёл” сўзидан олинган бўлиб, оила деганда аёл тушунилади. Демак, аёл муқаддас ҳисобланар экан.

Муқаддас динимизда аёлларнинг алоҳида ўрни бор. Жамият уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини тиклади. Исломдан олдин нафақат жоҳилият арабларида, балки бутун ер юзида аёл зоти хўрланаётган эди. Бунга тарих гувоҳ. Аёл кишини инсон сифатида тан олишмасди. Жоҳилият араблари ҳатто ўзларининг қизларидан ҳам нафратланишган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай хабар берган:

“Қайси бирларига қиз (кўргани ҳақида) хушхабар берилса, ғазаби келиб, юзлари қорайиб кетади. У (қиз)ни камситган ҳолда олиб қолиш ёки (тириклай) тупроққа қориш (тўғрисида ўй суриб), ўзига хушхабар берилган нарсанинг «ёмон»лигидан (орият қилиб) одамлардан яшириниб олади. Огоҳ бўлингизки, уларнинг бу ҳукмлари жуда ёмондир” (“Наҳл” сураси, 58, 59-оятлар).

Афсуски, бугунги замонамизда ҳам, жаҳолат қолдиқларидан баъзи ҳолатларни кўриб, наҳотки, шунчаликка боришадими, деб истиғфор айтишдан нарига ўтмайсиз.

Самарқанд шаҳрида юз берган воқеа бутун Ўзбекистон халқини тинчини бузди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган аёлнинг эри томонидан шафқатсизларча калтакланиши аёлнинг оиладаги ўрнини билмасликдан бошқа нарса эмас. Кишининг яхши ёки ёмон эканини билиш учун динимизда бир қоида бор. Пайғамбаримиз муборак ҳадисларида: “Сизларнинг яхшиларингиз ўз аҳлига яхши муносабатда бўлганингиздир”, деб марҳамат қиладилар. Оила раҳбари эркакнинг зиммасига аҳли-аёлини моддий ва маънавий томонлардан ўз ҳимоясига олиши вазифа қилиб белгиланган. Шундай экан, эр кишилар бу масалада эътиборли бўлишлари жуда зарур.

Ижтмоий тармоқларда тарқалган, қалбни оғритадиган мазкур ҳолатни содир этган эркак кишининг хатти-ҳаракати мусулмон кишининг қиладиган иши эмаслигини айтиб ўтамиз. Тезроқ тавбага шошилишини маслаҳат берамиз. Акс ҳолда Аллоҳнинг ғазаби қаттиқдир.

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,

Самарқанд вилояти бош имом-хатиби.


Дата добавления: 16/09/2020 10:44;   Просмотров: 895
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку