Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ОБИДАЛАР – ТАРИХ КЎЗГУСИ

Ватанимиз ўтмишига оид тарихий, маънавий ёдгорликларни асраб-авайлаш, ўрганиш ва тарғиб қилишнинг ўрни беқиёс. Юртдошларимиз, хусусан, ёш авлод онгу тафаккурини бойитиш, маънавиятини юксалтириш, уларнинг улуғ аждодларимиз меросига ҳурмат ва садоқат руҳида тарбиялашда шонли тарихимизга тегишли Шарқ меъморчилик санъатининг ҳақиқий мўъжизаси осориатиқаларимиз дунё халқларини ҳам ўзига жалб қилиб келмоқда.

Мамлакатимиз мустақиллигининг илк кунларидан бошлаб, меъморчиликка давлат сиёсати даражасига эътибор қаратилди. Биринчи Президентимизнинг ғоя ва ташаббуслари билан бу соҳа қайта тикланиб, янада юксак босқичга кўтарилди.
Туманимиздаги Нодир Девонбеги мадрасасининг қурилиш тарихи билан халқимиз, айниқса хорижий сайёҳлар қизиқадилар. Шу мақсадда мазкур тарихий ёдгорлик тўғрисида маълумот беришни лозим топдик.
Аштархонийлар авлодидан бўлган Бухоро хони Имомқулихон (1611-1642)нинг дастлаб саркардаси, сўнгра девонбегиси-молия ишлари билан шуғулланган ишонган кишиси Нодир Мирзо Тоғай ибн Султон шубҳасиз беҳисоб мол-дунё тўплаган киши эди. У ана шу мўмай давлати ҳисобидан тадбиркорлик билан хонлик пойтахтида бир неча монументал бинолар қурдирган. Жумладан, Бухородаги “Лаби ҳовуз” меъморий ансамблининг таркиб топишида Нодир Девонбегининг кўрсатмалари катта таъсир кўрсатган. Худди ана шу даврда қурилган мадраса пештоқида афсонавий семурғлар тасвирини пайдо бўлиши ҳам Нодир Девонбеги талабининг натижасидир.
Қайд этиш керакки, Самарқандда икки “Шердор” мадраса ҳам бир даврда, яъни Нодир Девонбеги ва Ялангтўш Баҳодир томонидан қурилиши ва безакларни Абдужаббор ва Дўстмуҳаммадлар раҳбарлигида безатилишини кузатсак, ҳар иккала бинонинг кошинкор безаклари ўртасида бадиий муштараклик яққол кўзга ташланиб туради.
Самарқанд шаҳри белбоғининг жанубида жойлашган Нодир Девонбеги тарихий обидаси нега айнан шу масканда жойлашгани бир оз сирли. Мусулмон дунёсида 356 та авлиё ўтган бўлиб, улардан 3 таси Қутб ал-Ақтоб (улуғ даражасига етган авлиёлар)нинг бири сифатида эътироф этилган Хожа Аҳрор Валий (Хожа Убайдуллоҳ ибн Хожа Маҳмуд ибн Хожа Шаҳобиддин Шоший)га бўлган чексиз ҳурмати белгисидир, дейилган. Хожа Аҳрор илоҳий нурга ғарқ бўлиб, айни вақтда бутун умри давомида, деҳқончилик, тижорат ишлари билан шуғулланиб, мол-мулкини меҳр-мурувват, савоб ишларига бағишлаган шахс. Айрим манбаларда, жумладан, Фахриддин Али Сафийнинг “Рашаҳот” асарида Хожа Аҳрорнинг тасаввуф назарияси ва амалиётида катта ҳисса қўшган, маданий меросида “Қуръон” оятларининг 120 га яқин тафсири рашҳа (томчи)лар тарзида берилган, ҳадисларнинг шарҳлари алоҳида ўрин эгаллаган.
Яна бошқа тарихий маълумотга қараганда, Нодир Мирзо Тоғай ибн Султоннинг севимли хотинларидан бири Хожа Аҳрор Валийнинг авлодларидан экан. Демак, бино жойини танлашда у хотини ҳурматини Хожа Аҳрор қадамжоларини шу ердаги унинг номи билан аталувчи масжиднинг тенгсиз нуфузини эътиборга олган бўлиши мумкин. Ҳар не бўлмасин, Нодир Девонбеги мадрасаси диёримиз кўркига-кўрк қўшадиган тарихий обидадир.
Нодир Девонбеги мадрасаси 1630-1635 йилларда Бухоро хонлигининг девонбегиси Нодир Мирзо Тоғай ибн Султон томонидан қурдирилган. Бу мадраса Хожа Аҳрор Валий мақбараси ёнида қурилганлиги учун Хожа Аҳрор мадрасаси, деб ҳам юритилади.
Мазкур мадрасанинг шу қўрғонда барпо қилинишининг сабаби ана шу масжиднинг жойида Хожа Аҳрор Валийнинг “Аттаҳиёти муллоён” деган хонақоҳлари бўлган. Шу жойнинг ўзида Нодир Мирзо Тоғай ибн Султон ерни кенгайтириб мадраса қурган. Мадрасанинг лойиҳасини ишлашда Регистон ансамбли майдонидаги “Шердор” мадрасаси кўринишидан фойдаланилган.
Мадраса пештоқида шер расмининг акс эттирилиши, мадраса ҳовлисининг ичида ҳужраларнинг жойлашганлиги билан “Шердор”нинг нусхасига ўхшайди. Шу боисдан Нодир Девонбеги мадрасаси “Иккинчи “Шердор”, ҳам дейилади.
Фақат бу ерда миноралар йўқ. Хоналар бир қаватдан бўлиб, унда ХVI-ХVII асрларда кенг тарқалган ҳашаматли шарқона тўрт айвонлик усули акс этган. Мадраса 3 та таркибий қисмдан – дарсхона, тиловатхона, ётоқхоналардан иборат. Бино Хожа Аҳрор Валийнинг мақбарасидан баланд бўлмаслиги учун бир қаватли қилиб қурилган.
Мадрасанинг пештоқида қурилишнинг бошланиш вақтини кўрсатувчи рангли кошинли ёзувлар билан безак берилган. Улар нақш безаклари билан уйғунлашиб кетган. Ёзувлар ҳар бир ҳужранинг олдида ҳам чиройли нақшлар билан безатилган. Унда “Оллоҳ”, “Раҳмон”, “Муҳаммад” сўзлари, “Оллоҳ-Акбар” ибораси, “Ҳар бир муслим ва муслима учун илм олиш фарз” деган ҳадисдан иборат, ёзувлар нақшлар билан ҳашаматлаштирилиб, уста Хожа Ҳошим, муҳандис қурувчи Дўстмуҳаммадлар томонидан бажарилган.
Шуни қайд этиш керакки, Амир Темур Ироқдан Самарқандга 1375 йили “Қуръон”нинг 6 нусхада кийик терисида кўчирилган мусҳати Усмоннинг бир нусхасини олиб келади. Халифа Усмон ибн Аффон қатл этилганда майитнинг қони мазкур китоб-да сачраган. Китоб асрлар давомида Нодир Девонбеги мадрасасида муллобаччалар томондан керакли пайтда ўрганилган.
Китобни 1869 йили Нодир Девонбеги мадрасасидан мустамлакачи Россия вакиллари олиб кетиб Қозон мусулмонларига берилган. 1905 йилда мусҳати Усмондан 30 нусха кўчирилади. 1923 йилда маҳаллий халқ талаби билан мусҳати Усмон қайтариб олиб келинади. 1938 йилда Мусулмонлар идорасига топширилади. Мазкур китоб ҳозир Мўйи муборак мадрасаси давлат музейида сақланмоқда.
Мадраса 1978 йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” уста Абдуғаффор Ҳаққулов ташаббуси ва раҳбарлиги остида қайта таъмирланган.
Обида музей сифатида Шоира Турсунова раҳбарлигида фаолият кўрсатмоқда ва ободонлаштирилмоқда.

Раҳимжон Наимов,
ЎзМТДП туман Кенгаши раиси


Дата добавления: 14/04/2017 15:57;   Просмотров: 1757
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку