Туман ҳокимлиги ташаббуси билан миллий урф-одатларимизни аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш ва қайта тиклаш мақсадида Нодирдевонбеги мадрасасида "Новвот сайли" тадбири ўтказилди. Унда туманимизда фаолият юритаётган 20 нафардан ортиқ қандолатчилар 15 турдаги ширинликлар билан қатнашишди.
Тадбирда мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, туман ташкилотлари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан миллий қадриятларимиз акс эттирилган кўргазмалар намойиш этилди. Кўргазмада миллий ҳунармандчилик буюмлари, қандолатчилик, нон ва нон маҳсулотлари, ҳар хил усулларда тайёрланган новвот маҳсулотлари томошабинлар эътиборига ҳавола этилди.
- Новвотпазлик оиламиз анъанаси бўлиб, у авлоддан-авлодга ўтиб келмоқда, - дейди Сулфакабутак маҳалласида истиқомат қилувчи Гулсара Турсунова. - Тўрт йилдан тадбиркор сифатида ҳам фаолият кўрсатиб келяпмиз. Ҳозирда бу ҳунарни фарзандларим Зокир ва Собир Баҳромовлар ҳам қунт билан ўзлаштиришмоқда.
- Наввот қадимий ширинликларимиздан биридир, - дейди 75 ёшли Амон бобо Воҳидов. - У инсон танасига қувват бағишлайди. Наввотнинг тайёрланиши ҳам мўжизанинг ўзгинаси. Чунки оддий сув ва шакардан бир ҳафта мобайнида тўрт хил турдаги наввот маҳсулоти тайёр бўлади. Ҳар бири ўзгача кўринишга кириб, кўзни қувнатади. Биринчи қаватини қаймоқ, ўртадаги қисмини "дили наввот", яъни новвотнинг юраги дейишади. Четлари эса пуштак ва қозон тагида оби наввот ҳосил бўлади.
Наввот сайлига хорижлик сайёҳлар ҳам ташриф буюришди. Туман маданият бўлими томонидан ташкил этилган концерт дастури тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.
Абдуҳошим ЗИЯТОВ
Сурат муаллифи Б.ҚОДИРОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.