Бугунги кунда туманимизда 3 - 7 ёшдаги болаларнинг сони 23328 нафарни ташкил қилади ва уларнинг 5373 нафари давлат мактабгача таълим муассасаларига, 425 нафари оилавий ҳамда 210 нафари нодавлат мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинган. Айни пайтда болажонларни боғчаларга қамраб олиш бўйича туманимизда кенг кўламли амалий ишлар қилинаётгани эътиборга молик. Бу борада тадбиркор ва ишбилармонларимизнинг ҳиссаси катта, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Яқинда туманимизда яна иккита, яъни тадбиркор Хосият Сувонова томонидан "Бухори" маҳалласида "BABY LAND", Шерзод Маҳмудов томонидан эса "Юқори Туркман" маҳалласида "Жемчужина" нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолият бошлади. Боғчаларнинг очилиш маросимида иштирок этган туман ҳокими Ш. Жамолов, вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Н. Садинова ва бошқалар бахтли ва баркамол авлодни вояга этказишда юртимизда залворли қадамлар ташланаётгани, Президентимиз раҳнамолигида кўплаб имконият ва шароитлар яратилаётгани ҳақида сўз юритишди. Бундан унумли фойдаланиш туманда мактабгача таълим ёшидаги болажонларнинг барчасини боғчаларга жалб қилинишига имкон туғдираётганлигини таъкидлашди.
Дарҳақиқат, туманда бу иккала нодавлат мактабгача таълим муассасаларининг ташкил этилиши яна 100 нафар болани боғчага қамраб олиш имкониятини яратди. Бу, ўз навбатида, туманда қамров 25.6 фоиздан 28.6 фоизга ошганини кўрсатади.
Тадбирда туман ҳокими яна 20 нафар тадбиркорга оилавий боғча ташкил қилиши учун рухсатномаларни топширди.
Т.ЮСУПОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.