Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

НАВОИЙГА ҚЎШНИ БЎЛСАМ

"...туркий тилда ҳеч ким Навоийдек кўп ва хўп шеър айтмаган ҳамда назм гавҳарларини сочмаган эди".
Абдураҳмон Жомий "Баҳористон" дан.

"Ундан аввал ва ундан кейин ҳеч ким туркий тилда шеърни ундан кўпроқ ва ундан юксакроқ ёзолган эмас. У форсий шеьрни ҳам кўп ёзган."
Муҳаммад Ҳайдар Мирзо "Тарихи Рашидий"дан.

Яратгандан ҳали анча қарзим бор,
Қилолмаган қанча суннат, фарзим бор,
Кулмасангиз биттагина орзум бор:
Навоийга қўшни бўлсам жаннатда.
Ўртадаги деворимиз гуллардан,
Хизматкорлар бўлар, балки ҳурлардан,
Мен ул зотни қизғонардим улардан
Навоийга қўшни бўлсам жаннатда.
Ғазал айтса навосига жўр бўлиб,
Тонглар ҳамду саносига жўр бўлиб,
Йиғлай-йиғлай қолмасайдим кўр бўлиб,
Навоийга қўшни бўлсам жаннатда.
Уйларига Бобурмирзо келарди,
Яссавий, Машраб, Ҳувайдо келарди,
Оҳ, қандоғам ажойиб иш бўларди,
Навоийга қўшни бўлсам жаннатда.
Гуллар узиб чиқарардим боламдан,
Ошлар сузиб чиқарардим боламдан.
Майли эди кетсам ёруғ оламдан,
Навоийга қўшни бўлсам жаннатда.
Сўрашса: "Сиз қаеридан жаннатнинг?"
Айтар эдим; "Қўшнисиман ҳазратнинг"
Кераги йўқ бошқа мулки давлатнинг,
Навоийга қўшни бўлсам жаннатда.
Роббим Аллоҳ, ҳимматингга кўмилсам,
Васлинг нури-раҳматига чўмилсам.
Қачон ўлсам, тупроғингга кўмилсам,
Навоийга қўшни бўлсам жаннатда.
Эй Марҳабо, бу не орзу, не ҳавас,
Қўшниликка арзийсанми сендай кас?
Яратганга осон ахир, ажабмас
Навоийга қўшни бўлсам жаннатда.

Марҳабо КАРИМОВА


Последнее редактирование: 11/02/2019 11:08;   Просмотров: 1116
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку