1972 йили тумандаги 21-ўрта мактабнинг 6- синфида ўқир эдим. Январь ойи, ҳаво совуқ, мактаб ўқувчиларининг қишки таътили бўлганлиги учун синфдош ўртоғим Абдужаббор билан ҚФЙ биносида жойлашган катта кутубхонага келиб кутубхоначи Меҳри опадан китоблар олиб ўқирдик. Шу билан бирга менда газетага хабар, мақола ёзишга қизиқиш ҳам уйғонди. Биринчи ёзган хабаримни тил ва адабиёт фани ўқитувчиси Б.Ҳамроевга кўрсатиб, туманда чиқадиган “Шарқ тонги” газетаси таҳририятига олиб бордим. Мени- ёшгина мактаб ўқувчисини газета муҳаррири Насриддин Зайниев кутиб олиб, мақоламни ўқиб чиқдилар ва яхши ўғлим, сиз яна шундай ёзиб туринг, бу ерда амакиларингиз билан ўқиб чиқиб газетага чиқарамиз, дедилар.
Мен хурсанд бўлиб таҳририятдан учиб чиқдим. Ҳар куни алоқа бўлимига бориб “Гулобод тонги”ни (“Шарқ тонги” эди) янги сонини сўрайман. Ниҳоят тўрт кун ўтгандан кейин мақолам “Мактабда вимпель ташкил этилди” сарлавҳаси билан босилиб чиқди. Орадан 45 йил ўтган бўлсада, ҳамон ўша вақтдаги хурсандчилигим ёдимда, ўша мақола эса шахсий архивимда сақланмоқда...
Кейинчалик турли мавзуларда хабар ва мақолалар ёзиб таҳририятга топширадиган бўлдим... 1975 йили Самарқанд физкультура техникуминини (ҳозирги Самарқанд педагогика коллежи) битириб тумандаги 37-ўрта мактабда жисмоний тарбия фани ўқитувчиси бўлиб, иш бошладим. Мактабда “Шарқ тонги” газетасини ёш мухбирлар постини ташкил қилдик. Мен раис, мактаб ўқитувчиси Толиб Юнусов, мактаб ўқувчилари О.Саъдиева, М.Субҳонқулова, У.Расулова каби аъзолар билан яхши фаолият бошлаган эдик. 1975-1977 йиллари узоқ шарқда ҳарбий хизматни ўтаётган пайтларимда ҳам газетага ҳарбийлар ҳаётидан мақолалар ёздим.
Кейинчалик туман газетасидан ташқари вилоят ва республика газета ҳамда радиосида ўзбек, рус ва тожик тилларида асосан спорт бўйича мақола ва хабарлар ёзиб турдим. Газеталар таҳририятларининг бир неча бор фахрий ёрлиқлари билан мукофотланганман ҳам.
Тенгдошим бўлган жонажон газетам «Гулобод тонги» газетаси ижодий ходимларини 60 ёшли тўйлари билан табриклаб, уларга сиҳат-саломатлик, оилавий тинчлик, ижодларига улкан зафарлар тилайман.
Жавҳар ЖАББОРОВ,
Иккинчи даражали “Соғлом авлод учун” ордени нишондори, Халқ таълими аълочиси, Олий тоифали мураббий
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.