Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

МУМТОЗ НАВОЛАР ЯНГРАСИН

Мусиқа санъатлар ичида энг қадимий дурдоналардан бири. Инсон тирик экан доимо мусиқага, қўшиқ айтишга ошуфта. Ёр-ёр, алёр оҳангида гўшангага киради, тантанавор, мардонавор куй таъсирида жангга отланади. Умри тугаб боқий дунёга ҳам фиғон оҳанги асносида рихлат қилади.

Шундай экан, мусиқани биз беихтиёр санъатларнинг шаҳаншоҳи дейишга ҳаққимиз бор. Чунки у вужудни куч-қувватга, яхши яшашга, эзгулик ишларига чорлайди. Айниқса, мақом санъати ўзининг жонбахш мунгли оҳанглари, фалсафий мазмунга бой дилрабо сўзлари билан барча тингловчиларни ўзига маҳлиё этади. Шашмақом - инсон тарбия воситаларининг абадул-абад пири комили ҳисобланиб келинмоқда.
Ҳар гал радио ва телевизордан халқимизнинг севимли санъаткорлари томонидан янграган мумтоз наволар, шашмақом кўшиқ ва ашулаларидан тинглаганимда ана шундай ҳиссиётларни туяман. Айниқса, Ўзбекистон халқ артистлари Ҳожи Абдулазиз Абдурасуловнинг «Гулизорим», «Бозургоний», «Бебоқча», Мулла Тўйчи Тошмуҳаммаедовнинг «Баёт-1», Юнус Ражабийнинг «Кошки», «Не наво соз айлагай», Комилжон Отаниёзовнинг «Мухаммаси бахши II», «Бўлмаса, бўлмасин нетай» Маъмуржон Узоқовнинг «Мустаҳзод», «Соғиниб қўшиқлари ва Фароғат Раҳматова, Эркиной Бекжонова, Берта Довудова, Комуна Исмоиловаларнинг мумтоз кўшиқларини тинглаганимда ишдан ҳориб-чарчаб келган бўлсам ҳам, ўзимни бардам ҳис қиламан.
Имом Ғаззолий айтадики: «Сен ўтирган даврада ижро этилаётган қўшиқ, куй сенга Худодан, ота-онангдан, Ватанингдан бошқа нарсани эслатса, ундай даврадан туриб кет!». Демак, биз мусиқага, унинг тарбиявий томонига жуда катта аҳамият беришимиз, ўзбек халқ мусиқаси, мақомларини кўпроқ тинглашимиз, идрок этишимиз керак. Зеро буюкларимиз мақом, мусиқа миллатнинг тарбиясида Қуръондан, ҳадисдан кейинги ўринда туради, деб бежиз айтишмаган. Чунки мақом мусиқасида илоҳийлик бор. Халқимиз маданий меросининг ажралмас қисми бўлган мақом санъати ўзининг қадимий тарихи, теран фалсафий илдизлари, бетакрор бадиий услуби ва бой ижодий анъаналари билан маънавий ҳаётимизда муҳим ўрин эгаллайди. Мақом санъатининг гултожи бўлган «Шашмақом» ўзбек ва тожик халқининг мемуар мусиқий мероси ҳисобланади. Шунинг учун ҳам анъанавий ижрочилик намунаси бўлган мақомларимизни, фольклор, халқ оғзаки ижоди дурдоналари, бастакорларимизнинг шу йўналишда яратган асарларини болалар боғчаларида, умумтаълим мактабларида, касб-ҳунар коллежларида янада кенгроқ тарғиб қилишимиз зарур. Чунки мусиқа муаллимлари олдида долзарб вазифалар турибди. У кемтик асар билан мукаммал асарнинг фарқини аниқ, болаларга хос тарзда тушунтириб бера олиши лозим. Ана ўшанда кўзлаган мақсадга эришиш мумкин. Биринчи Президентимиз И.Каримовнинг «Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009-2014 йилларда мўлжалланган давлат дастурини тайёрлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармойиши ўз даврида қабул қилинган муҳим ҳужжат бўлган эди.
Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 17 ноябрдаги «Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори миллий санъатимизга бўлган юксак эътиборни ифодаловчи тарихий ҳужжат бўлди. Унга асосан 2018 йилдан бошлаб Шаҳрисабз шаҳрида ҳар икки йилда бир марта Халқаро мақом санъати анжумани ўтказилади. Ушбу санъат байрамининг биринчиси жорий йилнинг 6-10 сентябрь кунлари бўлиб ўтиши белгиланган.
Албатта, ҳар бир халқнинг ўз миллий мусиқаси, мақоми бор. Озарбайжонда мучам, Ҳиндистонда рага, уйғурлар муқам дейишади ва ҳоказо. Мусиқа анжуманида хорижий давлатлардан мусиқашунос олимлар, санъаткорлар, ижодий жамоа ва мутахассислар таклиф этилмоқда. Бугунги кунгача шундай давлатлардан 35таси Шаҳрисабздаги анжуманда иштирок этиш истагини билдирди.
Ниятимиз холис, юртимизда тинчлик бўлиб тўй-томошалар бўлсин, мумтоз наволар янграйверсин.

Олимжон ҒАФУРОВ, мусиқашунос


Дата добавления: 20/07/2018 15:07;   Просмотров: 1226
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку